Ер эгалари учун ўқув курслари ташкил этилмоқда

“Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” унитар корхонаси юртимиздаги фермер, томорқачилар, кластерлар раҳбарлари ва ходимларининг малакасини ошириш борасида фаолият олиб бормоқда.

Ўқув курслари тўрт йўналишда, фермер хўжаликларини комплекс ривожлантириш, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖ хизматлари, ҳуқуқшунослар, ижро-интизоми ва кадрлар билан ишлаш бўлимлари учун олиб борилади. Тингловчиларга фермер хўжаликларини комплекс ривожлантириш, «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ташкил этиш каби мавзуларда тўлиқ маълумот берилади.

– Уч кунлик ўқув курсида тингловчиларга янги қабул қилинган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, – дейди кенгаш қошидаги «Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати» унитар корхонаси бошлиғи Фахриддин Фазлиев. – Шу билан бирга, улар ўз соҳасига оид назарий ва амалий билимини мустаҳкамлашади. 

Бу галги ZOOM ёрдамида масофадан туриб ўтказилган ўқув курси машғулотларида Наманган вилояти кенгашининг мутахассислари ва бухгалтерия маркази ходимлари иштирок этмоқда. 40 нафардан ортиқ тингловчига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассислари билан бир қаторда Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, Тошкент ирригация ва мелорация институти профессор-ўқитувчилари ўзлари амалда қўллаётган инновацион янгиликлар юзасидан тавсиялар бермоқда.

Ўқув курслари якунида тингловчиларга сертификат берилади.

Сайёра Шоева

https://www.uza.uz/uz/posts/er-egalari-uchun-oquv-kurslari-tashkil-etilmoqda_295745

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram