Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатлари учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, истиқлол йилларида айниқса сўнги тўрт ярим йил ичида уни ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш масаласи устувор аҳамият касб этди. Зеро, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз файзи бевосита аграр тармоқ истиқболига боғлиқ.

Шунинг учун соҳада ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида бозор муносабатларини жорий қилиш ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришга йўналтирилган изчил чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бу эса ўзининг юксак самараларини бераётгани қувонарлидир.

Дарҳақиқат, буни юртимизда дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибасида ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракати жорий этилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатлари қатори, юртимизда ҳам кўпгина режаларни амалга оширишга жиддий таъсир кўрсатяпти. Лекин, мамлакатимиз Президенти томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигини ялпи ички маҳсулотнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,2 фоизга ўсиши билан якунлашга эришилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоғи каби аграр секторда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Хусусан, бугунги кунга қадар ерларни фойдаланишга киритиш учун 1 203 км суғориш тармоқлари қурилиб, 391 км коллектор тармоқлари таъмирланди, 997 дона суғориш қудуқлари ва 201 дона насос агрегатлари ўрнатилиб, 1 782 км электр узатиш тармоқлари тортилди. Натижада республика бўйича жами 189,0 минг гектар, шундан 100,5 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерлар ҳамда ер ости захира сувлари мавжуд бўлган 88,4 минг гектар чўл, адир ҳудудлардаги лалми ва яйлов ерлар ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритилди.

Ўзлаштирилган ер майдонларда 20 минг гектар сабзавот, 12,5 минг гектар полиз, 18,2 минг гектар мойли, 17,3 минг гектар дуккакли, 38 минг гектар озуқа экинлари, 37,9 минг гектар боғ, 26 минг гектар узумзор, 9,2 минг гектар шоли ва 9,8 минг гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилди.

2021 йилда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 7 млн тонна сабзавот, 1,6 млн тонна картошка, 3,1 млн тонна мева ва 1,8 млн тонна узум етиштириш белгиланган. Бунинг учун қўшимча равишда ҳисобот даврида 64 минг гектар мевали боғ ва 37,6 минг гектар узумзорлар барпо этилди. Мевали боғлар ва узумзорларни ташкил этиш учун 64,3 минг дона мевали, 100,6 минг дона ток кўчатлари ҳисоб-китоб қилиниб, бугунги кунга қадар 44,9 млн дона мева ва 51,9 млн дона ток кўчатлари етказиб берилди.

Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарнинг ғалладан бўшаган такрорий майдонларига 92,5 минг гектар сабзавот, 22,9 минг гектар картошка ва 33,8 минг гектар полиз экинлари экилиши белгиланган бўлиб, ўтган даврда 13,2 минг гектар сабзавот, 453 гектар картошка, 10,7 минг гектар полиз экинлари экилгани аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган қулай шарт-шароитлар натижаси, десак муболаға бўлмайди.

Президентимизнинг ташаббуслари билан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб, республикада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ёшларга асосий майдондан қарийб 62 минг гектар ер майдонлари ҳамда ғалладан бўшаган майдонлардан 64,3 минг гектар майдонлар такрорий экин экиш учун жами 416,2 мингта ёшларга ажратиб берилди.

Давлатимиз Раҳбарининг жорий йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида фермер хўжаликлари ва кластерлар ихтиёридаги ер майдонларидан фуқароларга 10 йил муддатгача деҳқон хўжалиги ташкил этиш ҳисобига ер бериш бўйича топшириғи ижросини таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Яъни, дастлабки маълумотларга кўра, Республика бўйича 450 мингдан зиёд фуқароларга 75 минг гектардан зиёд майдонларни ажратиб бериш режалаштирилмоқда.

Жумладан, Қашқадарё вилоятида 10,8 минг гектарни 44,4 минг фуқарога, Фарғонада 8 минг гектарни 54 минг фуқарога, Наманганда

7,9 минг гектарни 55 минг фуқарога, Қорақалпоғистон Республикасида 6 минг гектарни 30,7 минг фуқарога, Андижон вилояти 3,1 минг гектарни 31,3 минг фуқарога, Жиззах вилояти 7 минг гектарни 22,5 минг фуқарога, Сирдарёда 5,8 минг гектарни 28,7 минг ишсиз фуқароларга деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилади.

Мамлакатимизда фермер, деҳқон хўжаликларини ва томорқа ер эгаларини янада ривожлантириш, уларнинг фаолият кўламини кенгайтиришга устувор аҳамият бериляпти. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 9 октябрда имзоланган «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5199-сонли Фармони ­муҳим омил бўлмоқда. Унга асосан, аввало, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳаракатини ривожлантириш ҳамда аҳоли томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди ва бошқариш тизимида янги тузилма — Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ва унинг қуйи бўғинлари тузилдики, бу фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада кучайтириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, томорқадан 2-3 мартадан ҳосил олиш, энг асосийси, соҳага илм-фан ютуқлари ҳамда энг замонавий агротехнологияларни татбиқ қилиш имкони берди.

Фармонда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, шу орқали қишлоқ жойларда саноатни ривожлантириш, хом ашёни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш вазифаси ҳам ўз ҳам аксини топган эди. Шундан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган махсус дастурга мувофиқ, жорий йилда 16,7 мингдан ортиқ кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилиши кўзда тутилган эди.

Ўтган 7 ой мобайнида 12 минг 615 та фермер хўжалиги кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилгани эътиборга моликдир. Яъни уларнинг қошида мева-сабзавот, гўшт-сутни қайта ишлаш корхоналари барпо этилди, интенсив боғлар яратилди, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқлари йўлга қўйилди, шунингдек, сервис хизматлари кўрсатила бошланди. Буларнинг ҳисобига қарийб 40 мингта кишиларга мавсумий ва доимий иш жойлар очилди.

Аҳамиятли томони шундаки, уларнинг ҳеч бири битта йўналиш билан чекланиб қолгани йўқ. Қўшимча тармоқларни йўлга қўйиш, кичик ишлаб чиқариш корхоналарини очиш орқали қишлоққа саноатни олиб кириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Фермерлар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса аллақачон ўз харидорини топган. Бунга «Коинот», «Юлдуз тўласой» Мовий осмон замини», «Йўлдош Суннатилло, «Чашмаи сафед», “ «Оқсув», «Озод», «Тайимбет» сингари фермерларнинг фаолияти мисол бўла олади.

Бундан кўриниб турибдики, фермер хўжаликлари шаклланиш жараёнидан ривожланиш босқичига чиқди. Чунки ер майдонлари энг муносиб кишилар ихтиёрига берилган. Ишбилармон, омилкор ва фидойи фермерларнинг ҳалол меҳнати билан қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик йил сайин ошаяпти, қишлоқда саноат равнақ топаяпти.

Юртимиз фермерлари мустақиллигимизнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, энг улуғ ва энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини муносиб меҳнат зафарлари билан қарши олиш ниятида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилмоқдалар. Зеро, истиқлол ўзбек деҳқонига мулкдор бўлиш, ўз меҳнатидан манфаат кўриш, рағбат топиш бахтини берди.

Зокир Алламуродов,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва

томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи


https://www.uza.uz/uz/posts/dehqon-xozhaliklari-va-tomorqa-er-egalarining-manfaatlari-uchun-qanday-ishlar-amalga-oshirilmoqda_293765

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram