Фермерларнинг маблағлари ундириб берилмоқда
Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бир қатор ҳуқуқларини мустаҳкамлади.
Унга кўра, кенгаш ҳуқуқшунослари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга даъво аризалари, давлат ва хўжалик органларининг қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати устидан шикоятлар тақдим этади. Мана шундай имкониятлардан фойдаланаётган фермер хўжаликлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ҳам соҳа вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фермер хўжаликларининг манфаатларини ҳимоя қилиб, уларнинг фаолиятида пайдо бўлаётган муаммоларни ўрганиб, бартараф қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳисоб-китобга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида туман бўйича ҳуқуқлари бузилган фермер хўжаликларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли судларга 27 та даъво аризаси киритилган. Туман иқтисодий судига киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, тегишли равишда фермерларнинг пул маблағлари фермер хўжаликларига ундирилиб берилди.
-Иқтисодий судларга киритилган даъво аризалари шуни кўрсатадики, фермерлар билан шартнома тузиб, шартномавий мажбуриятларни бажармаган корхоналар сони кўпчиликни ташкил этади,- дейди Беруний туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси А.Худайбергенова.- Мисол учун, Беруний туманида 2021 йилда етиштирилган буғдой маҳсулоти учун кластер ташкилотлардан 217,072,000 сўм фермерлар аризасига кўра фермер хўжалигига ундириб берилди. Жумладан, Беруний туманида фаолият юритаётган «Беруний Агротехсервис» МЧЖ «Асқарбек Мўминбаев» фермер хўжалиги ўз вақтида техника хизмат кўрсатмагани учун 10.044.000 сўм ундирилди. «Жамшид Мадатбаев» фермер хўжалиги «Тўрткўлдонмаҳсулотлари» МЧЖ га 2019 йилда топширилган буғдой ҳосили учун маблағ ололмагани учун 2021 йил суднинг ҳал қилув қарори билан 12.000.000 сўм асосий қарздорлиги ва 6 000 000 сўм жарима ундирилди.
Ҳар бир мулкдорнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш ва адолатни таъминлаш мақсадида фермер хўжаликларининг ерга оид ва кўп тармоқли реестрини шакллантириш юзасидан ҳуқуқий саводхонлик учрашувлари ўтказилиб, ҳуқуқшунослар маслаҳатлар бермоқда. Бу эса ҳуқуқий саводхонлик жараёнларни жадаллаштириш ҳамда туман фермерлар кенгаши орқали телеграм канали очилиб, фермер хўжаликларининг муаммоларини тезда аниқлаш, керак бўлганда ўз вақтида ёрдам бериш ишлари йўлга қўйилган.
Сайёра Шоева, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/fermerlarning-mablaglari-undirib-berilmoqda_291352