Ишсиз аҳолига 10 йил муддатгача фойдаланиш учун ер майдонлари ажратилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида фермер хўжаликлари ва кластерлар ихтиёридаги ерлардан фуқароларга 10 йил муддатгача фойдаланиш учун ер ажратиш топшириғини берган эдилар.
Ушбу ерни олган аҳоли деҳқон хўжалиги ташкил этиши ва йилига бир неча марта ҳосил олиши керак бўлади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ва бошқа бир қатор идоралар раҳбарлари иштирокида ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Ишчи гуруҳи кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ғалладан, пахтадан бўшаган майдонларни аҳолига ижарага бериш борасида қарор ва низом лойиҳаси ишлаб чиқди. Шу асосда “Фермер хўжаликлари ва кластерлар ихтиёридаги ғалладан, пахтадан ва яроқсиз боғлардан бўшаган ер майдонларини фуқароларга 10 йил муддатгача ижарага бериш борасида дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилди.
Унга кўра, юртимизда 450 мингдан ортиқ фуқароларга 77 минг гектардан ортиқ ер ажратиш режалаштирилди. Ҳар бир фуқарога ўртача 17 сотихдан ер тўғри келмоқда. Айни вақтда вилоят ва туманлар бўйича маҳаллалар, фуқаролар кесимидаги манзилли маълумотлар тайёрланди.
– Бу ерларнинг контур рақами, гектари аниқлаштириб қўйилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Илёс Еткиров. – Шунингдек, деҳқон хўжалиги ташкил этишга талабгорлар рўйхатининг электрон базаси шакллантирилди. Бунда томорқасидан самарали фойдаланаётган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтар”и, “Аёллар дафтар”идаги ҳамда ишсиз фуқароларнинг ерга қўшимча эҳтиёжи бўлган хонадон эгалари киритилди.
Бу борада Қашқадарё вилоятида 10,8 минг гектар 44,4 минг фуқарога, Фарғонада 8 минг гектар 54 минг фуқарога, Наманганда
7,9 минг гектар 55 минг фуқарога, Қорақалпоғистон Республикасида 6 минг гектар 30,7 минг ишсиз фуқароларга деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилади.
Фуқароларга ер майдонларини ажратишда уларнинг яшаш манзилига яқин ва сув таъминоти билан таъминланган ҳудудлар танланди. Жумладан, Амударё туманида 2,5 минг нафар фуқарога 500 гектар, Балиқчида 7 минг фуқарога 700 гектар, Ғиждувонда 4,2 минг фуқарога 420 гектар, Мирзачўлда 5 минг фуқарога 962 гектар фуқароларга сабзавот, полиз каби экинларни экиш учун ер ажратилиши белгиланди.
Қайд этиш керакки, ушбу ер майдонидан 10 йил муддатда фойдаланиш давомида белгиланган экин турларини экиб, иш ўринларини яратган, ижара ҳаражатларини ўз вақтида қоплаган таморқачиларга ердан фойдаланиш муддатини узайтиришда устуворлик ҳуқуқи берилади. Шунингдек, ҳокимларнинг тегишли қарорига кўра, ушбу ер майдонларида енгил конструкцияли дала шийпон ва суғориш иншоотларини жойлаштиришга рухсат берилади. Бироқ, турар жой, бино ва иншоотлар қуриш қатъиян ман қилинади.
Сайёра Шоева, ЎзА