Ер ва сув масаласи муҳокама қилинди
Наманган вилоятида “Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича долзарб вазифалар ва келажакдаги истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда ташкил этган тадбирда тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, 2019-2024 йилларда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 298,5 минг гектар суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш режалаштирилган. Айни вақтда лалми ва яйлов ерлар ва майдонлар босқичма-босқич қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг I чорагида республика бўйича жами 95,6 минг гектар ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритилган.
Шунингдек, ҳудудлар бўйича 640 км суғориш тармоқлари қуриш, 114 км коллектор тармоқларини таъмирлаш, 884 та суғориш қудуқларини қазиш, 90 та насос агрегатлари ўрнатиш ҳамда 1532 км электр узатиш тармоқлари тортиш ишлари амалга оширилган.
Давра суҳбатида қишлоқ хўжалиги ерларининг аниқ ҳисоби юритилишини ва янгилаб борилишини таъминлаш ҳар бир дала контури кесимида маълумотлар базасини шакллантириш, сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, ер ости суви истеъмолчиларининг ягона давлат статистик ҳисобот юритиш тартибини татбиқ этиш ҳамда ер ости сувларидан фойдаланишнинг мониторинг тизимини ривожлантириш борасида сўз юритилди.
Шунингдек, сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчиларнинг сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш борасида ҳам фикрлар айтилди.
Давра суҳбати иштирокчилари Наманган вилоятининг Чуст, Тўрақўрғон, Норин туманларида бўлиб, томорқа хизмати кластерлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбир якунида муҳокама этилган масала юзасидан иштирокчиларнинг ўзаро ҳамкорликда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди. Қўмитанинг таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли мулоҳазалар маълум қилинди.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/er-va-suv-masalasi-muhokama-qilindi_290841