Фермерларнинг муаммолари бирма-бир ечилмоқда
Ҳар бир соҳада ислоҳотлар давом этаётган бугунги кунда аграр тармоқда ҳам ҳар куни бир янгилик, ўзгаришнинг гувоҳи бўлиш мумкин.
Шундай бўлсада, айрим тизимлар, хусусан, фермер хўжаликлари фаолиятида ҳам муаммолар учраб турибди. Мисол учун, фермер хўжаликлари хизмат кўрсатувчи, таъминотчи ва тайёрловчи корхоналар билан пахта ва ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи мойлаш материаллари, минерал ўғит, уруғлик дон, ўсимликларни ҳимоя қилиш, сув билан таъминлаш борасида шартномалар тузган бўлсада, унга риоя қилинмаётгани мулкдорларни қийнаб келмоқда.
Бугунги кунда фермер ва деҳқонларни яна қайси муаммолар қийнаётгани ва унинг ечимлари ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Умрзоқ Раҳматов қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Бугунги кунда юртимизда 82 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда, – дейди У.Раҳматов.- Шундан кўп тармоқли фермер хўжаликлари 65 мингдан ортиқ, ёшлар юритаётган фермер хўжаликлар 11 мингдан ортиқни ташкил этади. Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари сони эса 5512749 та бўлиб, улар 502845 гектар ер майдонида фаолият юритмоқда.
Жорий йилнинг 1 апрелида қабул қилинган деҳқон хўжаликлари ва томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонунлар соҳада кўплаб янгиликларга йўл очиб бергани, рост. Мисол учун, ҳозирга қадар пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўзининг даласига 0,10 гектар бошқа турдаги экин, масалан, сабзавот ёки полиз экинлари экса, бузиб ташланар эди.
Ҳозирда ернинг мелиоратив ҳолатидан келиб чиқиб, маълум бир қисмига, яъни ўртача 10 фоизига бошқа турдаги озиқ-овқат экинлари экилишига рухсат берилди. Бу билан фермер хўжаликларининг олдида турган тўсиқлардан бири ечилди.
Бугунги кунда ҳам баъзида ер эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи туман ҳокимлиги билан тузиладиган ер ижара шартномасини олмаган фермер хўжаликлари учраб туради. Натижада фермер хўжаликлари бир неча йилдан бери фаолият юритиб келаётган бўлсада, тўғридан-тўғри шартнома тузмагани учун ўзи билмаган ҳолда ноқонуний фермер бўлиб қолаверади. Энди бу каби ҳолларга ҳам барҳам берилмоқда.
Айни вақтда фермер хўжаликларини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган масалалардан яна бири – белгиланган лойиҳани ўз муддатида бажарилиши учун маблағ етмай қолиши. Ана шу вақтда тижорат банкларидан кредит ололмаслиги, кредитлаш жараёнларининг чўзилиши, бунинг учун қўйиладиган “гаров” миқдорини баҳолашдаги айрим тўсиқлар учраб турибди.
Яна бир гап. Кластер корхонаси ва пахтачилик фермер хўжаликлари ўртасида тузилган шартномаларда фермер хўжаликлари манфаатига зарар, кластер корхонасининг манфаати учун фойдали бўлган пунктлар киритилишига йўл қўйилмайди. Агарда ана шундай шартномалар тузилган ҳолатларда хуқуқшуносларимиз бу борадаги ҳужжатларни тартибга солади.
Сайёра Шоева ёзиб олди.
https://www.uza.uz/uz/posts/fermerlarning-muammolari-birma-bir-echilmoqda_290686