Самарқандда томорқа ерларидан фойдаланиш тизими самара бермоқда
Давлат ҳар қанча ривожланмасин, қишлоқ хўжалигига эътибор сусайса, замон билан ҳамнафас ишлаш тизимига ўтилмаса, катта йўқотишга учрайди. Хусусан, юртимизда ҳам соҳага эътибор ортиб, ислоҳотлар бошландики, бу қисқа фурсатларда истиқболли натижасини кўрсатмоқда.
Жумладан, ҳудудларда уйма-уй юриб, янги тизим асосида иш олиб борилди, томорқа ерларига кўпроқ экспортбоп экинлар экишни тарғиб қилишга кенг жамоатчилик жалб қилинди. Шунингдек, вертолётда учиб, мониторинг ўтказиш натижасида деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлиги ошириляпти. Ўзига бириктирилган томорқа еридан йил давомида икки-уч марта ҳосил олиб, даромадини кўпайтириш, халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.
Самарқанд вилоятида жами 846 та маҳалла фуқаролари йиғини мавжуд бўлиб, 631,4 минг нафар томорқа ер эгаларига 69,6 минг гектар экин ер майдонлари бириктириб берилди.
2021 йил ҳосили учун жами 19,4 минг гектар, шундан: 5 минг 951 гектарга август-сентябр ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда 13 минг 482 гектарга ноябр-декабр ойларида тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилди.
Экилган тўқсонбости экинларидан жами 281,7 минг тонна маҳсулот йиғиштириб олиниши режалаштирилган.
Барча туман ҳокимликлари томонидан 2021 йилда аҳоли хонадонларида экинларни жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари белгилаб олинди.
Жорий йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларининг 50 минг 36 гектарига баҳорги қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилиши белгилаб олиниб, шу кунга қадар 38 минг 540 гектар (77 фоиз), шундан 19 минг 41 гектарга сабзавот, 11 минг 829 гектарга картошка, 713 гектарга полиз, 2 минг 65 гектарга дуккакли ва 4 минг 893 гектарга бошқа экинлар экилиши якунига етказилди.
Эрта баҳорда экилган 50 минг 36 гектар майдонлардан жами 1 млн 313,8 минг тонна, шу жумладан 579 минг 759 тонна сабзавот, 31 минг 575 тонна полиз маҳсулотлари, 270 минг 986 тонна картошка, 3 минг 582 тонна дуккакли экинлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан 94 минг 231 тонна маҳсулот йиғиштириб олиниши кутилмоқда.
Жорий йилда аҳоли томорқаларида экин экишни ташкил этишда ёрдамга муҳтож хонадонларга алоҳида эътибор қаратилди. Ерларни экишга тайёрлаш ва экин экиш ишларида амалий ёрдамга муҳтож 67 минг 890 та аҳоли томорқаларига 8 минг 145 та фермер хўжаликлари бириктирилди. Жумладан, 4 минг 285 гектар ер тайёрлаб берилди. 2 минг 185 гектар томорқа ерларига экин эктириш ишларида кўмаклашилди. 21 минг 725 дона мевали дарахт кўчатлари етказиб берилди.
Шунингдек, вилоятдан тўқсонбости, картошка ва кўкатлардан бўшаган 21 минг 182 гектар майдонларга ўртанги экинлар, шундан 2 минг 853 гектарга картошка, 12 минг 821 гектарга сабзавот, 635 гектарга полиз, 3 минг 177 гектарга дуккакли ҳамда 1 минг 695 гектар майдонларга бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши белгилаб олинди.
Жорий йилда аҳоли хонадонларида қўшимча ихчам 75,2 гектар майдонда 7 минг 520 дона иссиқхоналар қурилиши белгилаб олинди. Шу кунга қадар 1765 та иссиқхона қурилди. Шундан 882 таси (9 гектарда) намунавий лойиҳа (металл конструкцияли), 883 та (8,8 гектарда) маҳаллий хомашё (ёғоч) асосида қурилди.
Қолаверса, аҳоли томорқаларига жами 770 390 та ҳар хил турдаги мевали дарахт кўчатлари экилиши таъминланди. Бу борадаги ишлар ҳозир ҳам давом эттирилмоқда.
Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер эгаларига такрорий экинларни экиш учун талаб этиладиган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини шартнома асосида етказиб бериш ҳамда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер участкаларида ҳосил етиштириш учун зарур бўлган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, кимёвий воситалар ҳамда минерал ўғитлар белгиланган тартибда етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини белгиланган тартибда сотиб олиш ва уларнинг экспорт қилинишини ташкил этишда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятларини ҳар бир маҳаллага бириктириш ишлари олиб бориляпти.
Дарвоқе, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Самарқандга ташрифи давомида томорқадан самарали фойдаланишни тизимли ташкил этиш мақсадида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди. Хусусан, Каттақўрғон туманида қулупнай етиштириш, Булунғур туманида картошкачилик ва Самарқанд туманида кўкатчилик тажрибаларини оммалаштириш, бошқа туманларда ҳам кенг жорий этиш бўйича тавсиялар бериб ўтди.
Умуман, бу рақам ва мисолларни келтиришдан мақсад нима? Ўтган йили коронавирус пандемияси Ўзбекистонга кириб келган дастлабки ойларда халқимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг танқис бўлиб қолишидан ташвишга тушди. Бунинг асоратларини бошдан кечирганимиз ҳам сир эмас. Мана шундай паллада ҳар бир қарич ердан, томорқадан самарали фойдаланилса, буни ҳар бир юртдошимиз чуқур англаб етса, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмайди. Ўз навбатида, томорқадан унумли фойдаланиш, етиштирилган маҳсулотларни нафақат халқимиз дастурхонига етиб бориши, балки экспорт қилинишида ҳам юртдошларимизга кўмакчи бўлиш асосий мақсадимиз эканлигини эслатиб ўтишни истардик.
Акбар Норқўзиев,
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Самарқанд вилоят кенгаши раиси.