Ерга меҳр қўйган одам кам бўлмайди…

Бир парча ердан катта даромад олаётган, ҳовлисида бир қарич ҳам бўш ер қолдирмай экин экиб, оиласига қут-барака киритаётган одамлар жуда кўп. Улар ўз меҳнати, саъй-ҳаракати билан нафақат рўзғорини тўкин қилмоқда, балки мамлакат ички бозорини ҳам бойитиб, одамлар олқишига сазовор бўлмоқда.

Бугун юртимизда фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари учун катта имтиёз ва енгилликлар яратилмоқда. Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 611 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 66 минг гектар экин ерларидан фойдаланиб келишмоқда. Сўнгги тўрт йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича бир нечта қарор қабул қилинди, айримларига ўзгартириш киритилдики, натижада, экин еридан самарали фойдаланган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш механизми жорий этилди.

Аҳоли фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ходимлари билан тадбирда

Хусусан, 2018 йил 24 декабрда қабул қилинган (ЎРҚ-508) қонун билан Солиқ кодексининг 311-моддасига ўзгартириш киритилди. Бу орқали деҳқон хўжаликлари аъзолари ҳамда 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар йилига суғурта бадалларини энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида тўлаш орқали бир йил меҳнат стажига эга бўлиши белгилаб қўйилди. Ушбу янги тизим асосида, уйма-уй кириб, томорқага экин экишни тарғибот қилиш ишларига кенг жамоатчилик жалб қилинди.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2018 йил 26 апрелда 3680-сонли Президент қарори асосида Кенгаш ҳузурида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, вилоятга Жамғарма томонидан 2018–2021 йилларда 57 млрд 118 млн сўм, шундан 43 млрд 403 млн сўм аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, 13 млрд 715 млн сўм «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун йўналтирилди.

Туманларда ташкил этилган 61 та «Томорқа хизмати» МЧЖлар томонидан аҳолига уруғлик, кўчатлар етказиб бериш, техника, кимёвий ишлов ва бошқа хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. МЧЖлар томонидан бугунги кунда 31 та кўчат ва уруғ етказиб бериш шохобча (дўкон)лари мавжуд бўлиб, уларда 15,4 тонна сабзавот уруғлари, 21,5 минг дона мевали дарахт кўчатлари етказиб берилиб, озиқ-овқат захираси учун замин яратилди.

Президентнинг 2020 йил 30 июндаги ПҚ-4767-сонли қарорига асосан Қарши тумани «Бешкент томорқа хизмати» МЧЖ кластери томонидан 12 та йўналишни амалга ошириш учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағлари ҳисобидан 1 млрд 200 млн сўм маблағ ресурслари ажратилди. Бугунги кунда МЧЖда музлаткичли омборхона, инкубатор, сақлаш омборхона, мотокултиватор, иссиқхона, ем ишлаб чиқариш ускунаси, кимёвий воситалар сотиш дўкони, иссиқхоналар қуриш цехлари мавжуд.

Касби тумани «Касби Агро томорқа хизмати» МЧЖ кластерига 12 та йўналишни ташкил этиш учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағлари ҳисобидан 1 млрд 900 млн сўм маблағ олиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Бугунги кунда сақлаш омборхона, мотокултиватор, мини трактор, иссиқхона, кимёвий воситалар сотиш дўкони, иссиқхоналар қуриш цехлари мавжуд. Шунингдек, 2 гектар ерда кўчатчилик иссиқхонаси ташкил этилди.

2021 йилда Қарши, Қамаши, Шаҳрисабз, Китоб, Нишон ва Чироқчи туманларидаги «Томорқа хизмати» МЧЖлар фаолиятини томорқачилик кластери асосида ташкил этиш учун салоҳиятли тадбиркорлар танлаб олиниб, лойиҳалари ва йўл хариталари ва ажратиладиган маблағлар учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

2020-2021 йилларда «Shahrisabz tomorqa xizmati», «Shahrisabz shahar tomorqa xizmati», «Ko’hna voha tomorqa xizmati», «Қамаши томорқа хизмати», «Бешкент томорқа хизмати» каби МЧЖлар томонидан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон республикаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида муайян маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш орқали маҳаллаларда томорқа хизмати корхоналарининг кооперацияси яхши самара бермоқда.

2021 йил 3 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг 12-сонли йиғилиш баёни ва мазкур баённинг иловаси билан тасдиқланган Низомга асосан вилоятда ҳозирги кунда 7944 нафар ёшларга 3744 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Бу рақамлардан шуни англаш мумкинки, вилоятимизда ерга меҳр қўйган ва ерни хазина манбаи деб билган ёшлар учун имкониятлар жуда катта. Фақат ҳар бир йигит-қиз ўзи қилаётган ишга, меҳнатга ишончи юксак бўлса, албатта, муддаосига етади. Чунки юртимизда ерга эгалик қилиш, ундан самарали фойдаланиш ҳамда даромад топиш учун барча қулайликлар ва имкониятлар мавжуд.

Унутмаслик керакки, ҳар кимга ҳам ерни ишониб топшириш ярамайди. Сабаби ер илмини билмайдиган, фикри-зикри деҳқончиликда эмас, балки бошқа соҳага қаратилган кишиларга ер ажратилса, улар ернинг умрини бекор ўтказади, ҳосилдорлигини пасайтириб юборади. Шунинг учун ҳақиқий ер эгалари бўлмиш фидойи йигит-қизларни излаб топиб, уларга ер ажратиш мақсадга мувофиқдир.

Игорь Турсунов,

Қашқадарё вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини Кенгаши раиси

https://kun.uz/70537943

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram