Ўзбекистонда деҳқон меҳнати қонун ҳимоясида бўлади

Мен 43 йилдан буён турли соҳаларда меҳнат қилиб келмоқдаман. Қишлоқда яшаётганим учун қишлоқ хўжалиги ҳақидаги ҳар қандай мақола ва кўрсатувлар мени бефарқ қолдирмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ҳозир нафақадаман. Зерикдим дегунча телефонни очиб, дунё воқеаларидан хабардор бўламан.

Куни кеча kun.uz нашри томонидан берилган бир видео роликка кўзим тушди. Роликни тамоша қилиб бироз афсус ҳам қилдим. Кейин нимагадир менга таъсир қилди. Ёшлигим эсимга тушди. Эсимни танибманки далада ишлаймиз. Отам иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эди. Онам фронт ортида меҳнат қилиб катта бўлган. Оиламиз билан олти нафар одам колхозда тинимсиз ишлардик. Қиш чилласида ҳам ариқ қазиш, дала четларини текислаш, сув йўлларини очиш хуллас қишда ҳам тиним билмасдик. 

Аммо, биримиз икки бўлмасди. Қор эриши билан уйимиз устидан ҳисобсиз чакки томарди. Янги уй қуришга умуман иложимиз бўлмасди. Баҳор бошланиши билан чигит экишга киришардик. Ундан кейин пахтани ягона қилиш, чопиқ, чиканка, пахта териш… 

Бир кун ҳам дам берилмасди. Яна ишдан қайтар чоғимизда молга ўт ҳам олиб қайтар эдик. Чунки, молларни боқиш учун умуман жой йўқ. Сабаби пахта яккаҳокимлиги бунга йўл қўймасди.

Эсимда колхозимизда Душанбедан келган Корейслар пиёз экарди. Бир марта, пахтани чопмасдан пиёз юлгани кетиб қолибман. Биригадиримиз билиб қолиб, мени қамчи билан уриб олиб келганди ўшанди.

Мен нима учун бу воқеаларни эсладим. Чунки, деҳқоннинг оғир меҳнати сира қадрланмасди ўшанда. Қолаверса инсон омилининг қадр-қиммати ҳам йўқ эди. Узоққа борманг, бунга  ўхшаш манзараларга яқин ўтмишда ҳам кўп дуч келганмиз. Аслида сизлар айтган мигрантлар тўлқини ўшанда пайдо бўлди. 

Пахта плани ортидан қувиб, мактаб, касалхона, ташкилотлар ёппасига ёпиларди. Мен ўз кўзим билан кўрганман ҳатто бошланғич синф ўқувчилари ҳам пахта терарди бизни фермер хўжалигимиз далаларидан.

Мана беш йил бўлдики, манзара тамомила ўзгарди. Вилоятларимиз ва туманларимизда кўпчилик ёшлар Ўзбекистонга қайтиб келишмоқда. Чунки, уларга ер бериляпти. 

Биргина бизнинг Денов туманимизда 4000 нафарга яқин ёшларга 20 сотихдан ер майдонлари ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 985 нафар ёш ўғил қизларга деҳқончилик қилиши учун 20 сотихдан ер ажратиб берилди. Бундан ташқари мамлакатимиз миқёсида «10 гектардан бир гектарини ёшларга» тамойили ўзининг ижобий самарасини беради албатта. Сизларнинг баъзи гапларингизда ҳам жон бор. Мен ҳам қўшиламан. Масалан, кластер ва фермерлар ўртасидаги баъзи келишмовчиликларнинг давом этаётганлиги ҳаммамизга маълум…

Бироқ бу биз учун ҳали янги тизим, шу боис икки томон ўртада тортишувли муаммолар бўлаётганлиги табиий ҳол. Тўғрида, деҳқон йил ўн икки ой ишлаб, ёғ, шелуха, шрот, совун ва асосийси тола сотилганда ўз улушини ололмаса алам қилади унга ҳам.

Аммо буларнинг бари ўткинчи. Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили катта бир анжуманда бу муаммо албатта бартараф этилиши ҳақида батафсил тўхталган эди.

Сизлар, Ўзбекистонни Голландия ва Германияга тенглаштирибсизлар. Тўғри, Ўзбекистонни ер майдони уларникидан анча катта. Аммо тан олишимиз керакки Голландия ҳозирча бизга орзу.

Лекин, шу қисқа вақт орасида шундай катта муваффақиятли натижаларга эришганимиз ҳам фавқулодда ҳодиса эмасми? Айтингчи, бундан тўрт йил олдин аччиқ қалампир, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, кўкатлар, памидор экспорти ҳақида гап бормиди?

Хаммамизга маълумки, дунёда аҳоли сонининг йилдан, йилга ўсиб бориши, экинзорлар ва сув ресурсларининг чекланганлиги, айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва табиий офатлар натижасида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш барча мамлакатларда ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.

Ер куррасида барчанинг диққат эътибори бир нарсага, яъни ердан янада унимлироқ ва омилкорлик билан фойдаланишга қаратилди. Бу борада Ўзбекистонда ҳам ўта муҳим қадамлар ташланди. Бозорларда нархларни барқарорлигини таъминлаш, аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланишга киришилди. Чунки, бугунги кунда Республикамизда 5, 5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолият кўрсатаяпди. Уларга 502 минг гектардан ортиқ экин майдонлари бўлиб берилган. Сўнги тўрт йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича бир нечта қарорлар қабул қилинди. Шуниси эътиборлики, қонунларимизга ўзгартиришлар киритилиб, кўплари такомиллаштирилди. Шуниси қувонарлики, экин ерлардан омилкорлик билан самарали фойдаланаётган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш механизими жорий этилди.

Хусусан, 2018 йилнинг 24 декабрида  қонун билан солиқ кодексининг 311-моддасига ўзгартириш киритилиб, деҳқон хўжаликлари аъзолари ҳамда 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёҳуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар йилига суғурта бадалларини энг кам ойлик иш ҳаққининг бир баробари миқдорида тўлаш орқали бир йил меҳнат стажига эга бўлиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари мутлоқо янги тизим асосида уйма- уй кириб, томорқага экин экишни тарғибот қилиш ишларига кенг жамоатчилик жалб қилинди. Шуниси қувонарлики, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаллади фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2018 йилнинг 26 апрелда Президент қарори билан кенгаш ҳузурида, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилди.

Хусусан, ушбу жамғарма томонидан 2018-2021 йилларда жами 570 миллиард сўм маблағ ажратилди. Қувонарли томони шундаки, аҳолининг ўз томорқасидан самарали фойдаланиши учун 310 миллиард сўмлик имтиёзли кредит берилди. Республикамизнинг барча ҳудудларида «Томорқа хизмати» МЧЖ ташкилотлари ташкил этилди. Уларнинг моддий,техника базасини мустаҳкамлаш учун 147 миллиард сўм йўналтирилди.

Томорқа хизмати корхоналари томонидан аҳолига уруғлик, турли хил кўчатлар етказиб берилмоқда. Шу билан бирга томорқаларга техника хизмати кўрсатиш ва кимёвий ишлов бериш сингари хизматлар йўлга қўйилган.

«Бир маҳалла-бир маҳсулот тамойили» асосида муайян маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш орқали маҳаллалар ва томорқа хизмати корхоналарининг кооперацияси яхши самара бермоқда.

Шу қисқа уч тўрт йил ичида мамлакатимиз миқиёсида нечта иссиқхона барпо этилди?

Масалан, биргина Сурхондарёда тўрт йилда 15814 та иссиқхона қуриб фойдаланишга топширилган. Тадбиркорларга 610 гектар сувли ер ажратиб берилибди.

«Деҳқон хўжаликлиги тўғриси»да ва «Томорқа хўжалиги тўғриси»да қонун қабул қилинди. Демак, Ўзбекистонда деҳқон меҳнати қонун ҳимоясида бўлади.

Жўрақул Турсунов,

Сурхондарё вилояти

https://uza.uz/uz/posts/ozbekistonda-dehqon-mehnati-qonun-himoyasida-boladi_258398

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram