Оҳангаронда томорқадан самарали фойдаланаётганлар тажрибаси оммалаштирилди
Шу кунларда Тошкент вилоятининг барча туманларида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, эртаки экинларни экиш, қаровсиз ҳолга ташлаб қўйилган хонадонларни аниқлаб экин экишга кўмаклашиш каби ҳолатларни ўрганиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ўрганишлар олиб бормоқда.
Оҳангарон туманида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, очиқ ва ёпиқ майдонларда маҳсулот етиштириш мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Унда Олий Мажлис қонунчилик палатаси Cпикери ўринбосари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов, туман ҳокими, ҳудуддаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва томорқа бўйича ўринбосарлари, аграр соҳа мутахассислари, ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар қатнашди.
Ялпоқтепа маҳалласида яшовчи Лочинбек Умаров ҳовлисида 3 сотих иссиқхона ташкил қилган бўлиб, бир йилда 4 мартагача ҳосил оляпти. Хонадон соҳиблари иссиқхонада кўкат етиштириш билан шуғулланади. Яна қўшимча 2 сотихли иссиқхона қуриб киви етиштирмоқчи.
Семинарда бу амалий ишларни барча МФЙларда оммалаштириш, «Темир дафтар»даги оилаларни жалб этиш ҳақида тавсиялар ҳам берилди.
Айни пайтда ушбу маҳаллада 626 та хонадон, 2950 нафар оилалар истиқомат қилиб келади. «Темир дафтар»га 16 нафар, «Аёллар дафтари»га 19 нафар, «Ёшлар дафтари»га 45 нафар фуқаролар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳар бири билан мулоқотда бўлмоқда. Ишчи гуруҳ вакиллари мазкур ишсиз фуқароларни ўз хонадонларида иссиқхоналар қуриб бериш орқали оилавий даромадларини ошириш лозимлиги борасида кўрсатма берилди. Бу борада Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғарма имтиёзли кредитлар ва субсиядалар ажратиш орқали кўмак кўрсатишини билдирди.
Семинарда «Томорқа хизмати» МЧЖ томонидан кўрсатиладиган хизматлар, етиштирилган маҳсулотларни сотиш билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб берилди.
Ушбу туманда “Dry garden” томорқа хизмати МЧЖ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда маҳаллалардаги аҳоли томорқаларига қизил қалампир уруғи ва кўчатларни етказиб бериш билан шуғулланиб келмоқда.
— Фаолиятимизни 2020 йилда бошлаган эдик, – дейди МЧЖ раҳбари Аброр Ҳошимов. – Бизнинг тасарруфимизда 20 гектар экин экишга мўлжалланган ер бўлиб, шундан 0,5 гектарига иссиқхона ташкил қилганмиз. Туркия давлатидан қизил қалампири уруғини сотиб олиб, ўзимизга ҳосилини етиштирамиз ва олинган маҳсулотларимизни қуритилган ҳолда яна ўша давлатга экспорт қиламиз. Шу кунга қадар минг тоннадан иборат 1 млн. долларлик маҳсулот четга экспорт қилинди. Бундан ташқари маҳсулотларимизни ўзимизнинг маҳаллий аҳолимизга ҳам етказиб беряпмиз. Аҳоли томорқаларида экин экишдан тортиб маҳсулотларни бозорини топишгача бўлган жараёнда ҳам хизмат кўрсатиб келамиз. Ўтган йилнинг ўзида 350 та фермер хўжаликларига ва 2 мингга яқин хонадонларга уруғ ва кўчат етказиб бердик.
Семинардан сўнг ишчи гуруҳ вакиллари ушбу маҳаллада қаровсиз ташлаб қўйилган томорқаларни аниқлаб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатди.
Ялпоқтепа маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Феруза Арслонова хонадони кўздан кечирилганда томорқа ўз ҳолига ташлаб қўйилгани гувоҳи бўлишди.
Спикер ўринбосари ушбу хонадон соҳибаси билан суҳбатлашганда турмуш ўртоғи вафот этганлиги, ёлғиз фарзанди билан кун кечириб келаётганлиги, томорқасига ишлов беришга имконияти йўқлигини айтди. Шу жойнинг ўзида мотокультиватор билан хонадоннинг томорқасига ишлов берилди ва экин экишга кўмаклашилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.