Мутахассис: Кредит эмас, текин паррандалар таклиф қиламиз
Қишлоққа борганда ўт босган, қаровсиз ҳовлига кириб қолсангиз ҳаёлингизга нима келади? Албатта, хонадон аҳлининг бир муаммоси бор – ё ишлайдиган одам йўқ ёки ногирон ёки камбағал.
Бундай оилага банкларимиз таклиф қилаётган кредитлар қанчалик наф келтиради? Уларни камбағалликдан қанчалик қутқара олади?
Ўзбекистон Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир РАҲИМОВ бу борадаги қарашларини маълум қилди.
– Биз янги ташаббус билан чиқдик ва буни синов тариқасида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида амалга оширишни бошладик, – дейди А.Раҳимов.
– Шу мақсадда туманнинг барча секторларида аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатадиган тўртта “Томорқа хизмати” корхонаси фаолияти йўлга қўйилиб, кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 2,2 миллиард сўм ажратиб берилди. Шунингдек, туманда бугунга қадар 80 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Жумладан, “Томорқа хизмати” корхоналарига 40 нафар, “Дала дўконлари” орқали 10 нафар, қишлоқ хўжалиги кооперативларига бириктириш орқали 30 нафар иш ўрни яратилди.
Бунда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 918 нафарига ихчам иссиқхоналар қуриб берилган бўлса, 259 нафарига товуқ, курка, асалари, қуён олиб берилди.
– “Аёллар дафтари”га киритилганларни иш билан таъминлаш масаласи қандай ҳал этилмоқда? Улар фермер хўжаликларида фаолият юритиши мумкинми?
– Тўғри, уларни фермерлар ишга қабул қилиши ёки мавсумий бандлигини таъминлаши мумкин. Биз бундан кўра ҳар тараф учун фойдалироқ таклиф ишлаб чиқдик. Айтайлик, ер эгаси бир аёлни мавсумий пахта териш ёки мева йиғиш каби ишга олганда унга вақтинча маош тўлайди. Пишиқчилик бўлмаганда эса бекор қолади. Агарда бунинг ўрнига оилаларга уларнинг қизиқишига кўра парранда ёки чорва олиб берса-чи? Мисол учун, бир дона товуқнинг нархи 40 минг, деб ҳисобласак ва хонадонга 50 дона товуқ олиб берсак, ундан кунига 40 дона тухум олса ҳам оилага даромад. Товуқни икки миллионга олиб, текинга берган фермерга ҳам фойда. Чунки, у мавсумий ишга ойига бир миллиондан тўласа, бундан кўпроқ пул сарфлаган бўларди. Энг муҳими, аёлларга қулай бўлади. Улар бола парвариши, уй ишларидан ажралмаган ҳолда товуқ, курка, қуён ёки бедана парвариши билан ҳам шуғуллана олади ва яхшигина даромад олиши мумкин.
Иссиқхона ҳам қуриб берилмоқда. Аммо буни ҳамма оилага қўллаб бўлмайди, деҳқончиликдан бехабар бўлса, экин экиб, парвариш қила олмаса ҳаммаси бекор бўлади.
– Синов тариқасида бошланган ишлар вилоятлар кесимида қандай натижа бермоқда? Баҳор бошланди, экин-текин ишларини тезроқ бошлаш керак назаримда…
– Албатта, томорқалардан самарали фойдаланиш орқали аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар билан биргаликда жорий йилда “Аёллар дафтари”га киритилган қарийб 16 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш белгиланган. Энг юқори кўрсаткич Андижон вилоятида бўлиб, икки мингга яқин хотин-қизлар бор. Бунда 1-2 сотихли ихчам иссиқхоналар қуриб бериш орқали 7571 нафар, парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш орқали 7176 нафар, “Томорқа хизмати” корхоналари, кластерлари ва “Дала дўконлари”ни ташкил этиш орқали 918 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланади.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун кенгаш ҳузуридаги Жамғармадан 75 миллиард сўм кредит ажратилиши кўзда тутилган. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида 1836 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланиб, 7,3 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Йўлдошобод” МФЙда яшовчи Санобархон Турсунова 5 сотихли иссиқхонада гул ва узум етиштириш орқали 26 миллион сўм, иккинчи экинга помидор етиштириш, 2 сотихли ток тагида картошка етиштириш орқали 12 миллион сўм, учинчи экинга кўкат етиштириш ва узум тагига саримсоқпиёз экиш орқали 7 миллион сўм, бир йилда уч марта ҳосил олиб, 45 миллион сўм даромад топмоқда.
Бухоро вилояти Олот тумани “Бурибек Чандир” МФЙда яшовчи Болтагул Тўраева 2 сотих майдонда интенсив балиқ етиштириш орқали 20 миллион сўм ҳамда 2 сотихли интенсив боғдан хурмо, шафтоли, олма кўчатлари парваришлаб, ички бозорга етказиб бериш орқали йил давомида 25 миллион сўм даромад топишни йўлга қўйган.
– Келгусида бу борадаги чора-тадбирларни янада кенгайтириш учун нималар мўлжалланмоқда?
– Биринчидан, ҳудудий ҳокимликлар, тижорат банклари ва бир қатор тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 2022 йил 15 апрелига қадар “Наманган тажрибаси” асосида ҳудудларда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг томорқасида 10 тупдан лимон кўчати экишни ва оралиқ экин сифатида саримсоқпиёз, кўкатлар, сабзавот экиш орқали икки марта ҳосил олишни йўлга қўйиш. Иккинчидан, аҳоли гавжум маҳаллалар ва деҳқон бозорларида кичик сиғимли музлаткичга эга бўлган “Дала дўконлари”ни ташкил этиш орқали 551 та хотин-қиз бандлиги таъминланади. Шунингдек, жойларда қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш орқали 5530 хотин-қиз бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаларини яратиш кутилмоқда.
Қайд этиш керакки, ишсиз аъзолари бор оилалар, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида деҳқончилик билан шуғулланиши учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 0,1 гектардан 1 гектаргача ер ажратилмоқда.
https://uza.uz/uz/posts/mutaxassis-kredit-emas-tekin-parrandalar-taklif-qilamiz_249563