Томорқалар ўрганилмоқда
Халқимиз азалдан деҳқончиликда, боғ яратиш ишларида намуна бўлиб келган.
Бугунги кунда ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Айтайлик, бу борада Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ҳам катта тажриба тўпланган. Айни пайтда тумандаги томорқа ер эгалари баҳорги экин ишларини якунига етказмоқда. Аммо ҳамма ҳам мавжуд ерлардан оқилона фойдаланяпти, дея олмаймиз. Баҳона сув камлиги. Шу мақсадда бу йил аҳоли талабларидан келиб чиқиб, қудуқ қазилиб, насослар ўрнатиб берилади.
Бу борадаги ишларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов ва туман ҳокими ўринбосарлари, ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси ва томорқа бўйича ўринбосарлари Оҳангарон туманида томорқачилик борасидаги ишларни ўрганди.
Ялпоқтепа маҳалласида яшовчи Раҳматилла Арипов хонадонида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида семинар ташкил этилди. Унда Оҳангарон туманининг аҳоли томорқаларида маҳсулот етиштиришни янада ривожлантириш, “Томорқа хизмат” кластерларининг истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолининг, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқаролар бандлигини таъминлаш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш бўйича семинар қатнашчиларига батафсил тушунтиришлар берилди.
Аҳоли томорқа ерларидан йилига 2-3 марта ҳосил олиш, ихчам иссиқхона қуриш, томорқада интенсив боғ ташкил этиш, саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларини етиштириш, парранда, қуён, асалари боқиш ва бошқа йўналишлар бўйича тажриба алмашилди. Кенгаш ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан кредит ажратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Қайд этиш керакки, ушбу туманда 2021 йилда “Бир маҳалла–бир маҳсулот тамойили” асосида аҳоли хонадонларида ташкил этиладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар, асаларичиликни ривожлантириш ва паррандачиликни ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланмоқда. Шунингдек, аҳоли гавжум масканларда “Дала дўконлари”ни ташкил этиш ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни жадаллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Семинарда деҳқончилик бўйича услубий қўлланмалар иштирокчиларга тарқатилди.
Туманда аҳоли томорқалари бўйича ҳар бир секторда камида биттадан “Намунали маҳалла”ни шакллантириш, иккитадан ва туман марказида иккита, жами 10 та “Кичик ҳажмли музлатгичли дала дўкони” ташкил этиш, аҳоли томорқалари учун артезиан қудуқларини қаздиришга доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Илёс Еткиров,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томоқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси
https://www.uza.uz/uz/posts/tomorqalar-organilmoqda_252356