Қишлоқларда янги иш ўринлари кўпаймоқда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида фермер хўжаликларининг ер, сувдан унумли ва самарали фойдаланиши йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги фармонига кўра, ҳар йили фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
2020 йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тасдиқлаган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури асосида тизимли тадбирлар амалга оширилди. Натижада 11 минг 959 та фермер хўжалигида 22 та йўналиш бўйича кўп тармоқли фаолият ташкил этилиб, йиллик дастур ижроси таъминланди.
– Ушбу дастур доирасида фермер хўжаликларига 2 триллион сўм, шундан 558,9 миллиард сўм банк кредитлари сарфланди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Зокиржон Алламурадов. – Фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бўлмаган гўшт-сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, совутгичли омборхоналар ва сервис хизматлари кўрсатиш каби йўналишлар йўлга қўйилди. Энг муҳими, қишлоқ жойларда 41 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.
Қайд этиш керакки, ҳозир кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиб, юқори даромад олаётган 3 мингдан ортиқ фермер хўжалиги мавжуд. Мисол учун, Урганч туманидаги “Тўмарис нур” фермер хўжалиги пахта-ғаллачиликдан ташқари сутни қайта ишлаш лойиҳасини ишга тушириб, 35 нафар кишининг бандлигини таъминлади. Бўстонлиқ туманидаги “Думалак Азамат” фермер хўжалиги чорвачиликдан ташқари 2020 йилда 50 ўринли агротуризм лойиҳасини ижро этмоқда ва 50 сотихда 400-500 туп лимон кўчати етиштирмоқда.
Бу каби фаолияти самарали ташкил этилган фермер хўжаликлари юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кўплаб топилади. Иштихон туманидаги “Юлдуз тўласой” пахта-ғаллачилик фермер хўжалиги улардан бири. Хўжалик 100 ўринли болалар боғчасини ишга тушириш орқали 15 та янги иш ўрни яратди. Шунингдек, Балиқчи туманидаги “Коинот” пахта-ғаллачилик фермер хўжалигида 75 ўринли болалар боғчасини ишга тушириш орқали 10 та янги иш ўрни яратилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, агарда айни вақтда юртимизда 83,9 мингдан зиёд фермер хўжалиги бўлса, шундан 65 мингтадан зиёд фермер хўжаликлари кўп тармоқли (қўшимча) фаолиятни йўлга қўйган.
– Айни вақтда 2021 йилда ҳам кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича ҳудудий дастурлар ҳам тайёрланиб, депутатлар томонидан тасдиқланди, – дейди кенгаш етакчи мутахассиси Собитжон Рўзибоев. – Бунда бир неча йўналишлар ҳисобга олинди. Масалан, фермер хўжаликларининг молиявий ҳолати инобатга олиниб, тижорат банкларидан хулосалар олинди. Ҳудудларнинг мавжуд шарт-шароитлари ва талабидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалар танланди, бунда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эътибор қаратилди.
Қабул қилинган дастурларга кўра, жорий йилда 16 минг 719 та фермер хўжалиги 23 та йўналиш бўйича кўп тармоқли фаолиятни бошлайди. Бунинг учун 17 минг 145 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, 15,5 минг гектар майдонда интенсив боғ, 6,6 минг гектарда янги токзор, 327 гектарда қулупнай, 189 гектарда анорзор ва 735 гектарда иссиқхоналар барпо этилади.
Шунингдек, 425 та мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотларини, 324 та нон ва нон маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, 116 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 312 та совутгичли омборхоналар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Энг асосийси, бу йилги дастурда 78 та фермер хўжалигида 4300 ўринли мактабгача таълим муассалари қуриш ҳамда 16 та фермер хўжалигида агротуризм ташкил этиш белгиланган. Бунинг учун эса 3,1 триллион сўм сарфланиши кўзда тутилган. Дастур ижроси таъминланса, қишлоқларда 49,2 минг иш ўрни яратилади.
Сайёра Шоева, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/qishloqlarda-yangi-ish-orinlari-kopaymoqda_236940