Ўзбекистон Республикаси Президенти қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига тўхталди

2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентга 2021 йил учун Мурожаатномасининг энг муҳим қисмини қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш, замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш ва қишлоқ хўжалигига инвестицияларни кўпайтириш ва бу орқали қишлоқ аҳолисининг даромадини ошириш масалаларига бағишланди.

Хусусан, Президент қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришнинг энг тез натижа берадиган омил эканлигига эътибор қаратди. Бунинг учун давлатимиз раҳбари 2021 йилда қишлоқ хўжалигига сувни тежаш, биотехнология ва уруғчилик соҳасида энг илғор технологияларни жорий этишни давом эттириш ва такомиллаштириш вазифасини қўйди. Бундан ташқари, илм-фан ва инновация ютуқлари қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

Президентимиз Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид жуда муҳим масалага, яни ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларни бозор активларига айлантиришга бағишлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2021 йилда барча ҳудудларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари яратиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу ерда 100 дан ортиқ агроҳизматлар кўрсатиш, шу жумладан, ерларнинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғларни танлаш ва бошқа хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилади.

Шуни айтиш керакки, биринчи марта қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинади.

Албатта, қишлоқ хўжалиги тўғрисида гап кетганда аҳоли томорқасидан фойдаланиш йўналишини алоҳида тармоқ сифатида кўрсатмасдан иложи йўқ. Кейинги йилларда юртбошимиз ташаббуслари билан томорқалардан фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Деҳқон хўжаликлари ва томорқаларда экишни ташкил этиш бўйича 2020 йил баҳорида 4,5 млн дан зиёд аҳоли томорқаларида
306,1 минг гектар эртаки экинлар, 228,7 минг гектар майдонга такрорий (ўртаки) экинлар, 162,6 минг гектар майдонларига тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши таъминланиб, жами 10,1 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. 

Аҳоли томорқаларида 1128 гектар майдонга 73819 та 
1-1,5 сотихли ихчам иссиқхонлар (намунавий лойиҳа бўйича 40706 та, маҳаллий ҳом ашёдан 33113 та) ташкил этилди. 

“Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили” асосида жорий йилда Амударё, Балиқчи, Андижон, Бухоро, Ғиждувон, Янгиобод, Шахрисабз, Кармана, Хатирчи, Наманган, Учқўрғон, Булунғур, Пахтачи, Сирдарё, Сариосиё, Денов, Қўштепа, Бағдод, Чиноз, Урганч ва Боғот туманларида ҳамда барча ҳудудлардаги 1639 та маҳалла фуқаролар йиғинлари хонадонларида муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштириш, икки ва уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилди.

Сув таъминоти оғир бўлган қишлоқ ва овулларида 6894 та артезиан қудуқлари қазилди, ҳудудларда 20 та “Томорқа хизмати” кластери ташкил этилди, 1,2 мингдан ортиқ кичик сиғимли музлаткичга эга бўлган дала дўконлар қуриб битказилди, ушбу ишларни амалга ошириш ҳамда фермерлар, томорқа ер эгалари ва “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг бошқа лойиҳаларини амалга ошириш учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағлари ҳисобидан 201,6 млрд. сўм маблағлар ажратилди. 

Қисқа қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасидан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастлабки босқич эканлигини ва ушбу соҳани самарали ривожланишисиз бошқа мураккаб саноат ва хизматларнинг кейинги ривожланишини тасаввур қилиш қийинлигини ҳамда аҳоли томорқасидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш потенциали юқорилигини аниқ тушуниш мумкин.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши 

етакчи мутахассиси Д.Мирзакаримов 

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram