Кичик ҳажмли совутгичлар ва “дала дўконлари” учун кредитлар ажратилади.
Шу боис Юртбошимизнинг куни кеча Парламентга йўллаган Мурожаатномасини мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида яшовчи оддий аҳоли вакилларидан тортиб, масъул лавозимда меҳнат қилаётган раҳбар ходимларгача диққат билан тинглади. Айниқса, Мурожаатноманинг кутилмаган фикрларга бой бўлгани, хусусан камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтришда энг тез натижа берадиган омил бу – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишга қаратилганидир.
Мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса ҳозирги пандемия шароитида аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан мунтазам таъминлашда уларни сақлаш долзарб муаммолардан ҳисобланади. Бу муаммолар ечимининг топилиши аҳолини йил бўйи арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини беради.
Ўрганишлар натижасидан маълумки, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашнинг энг самарали усули бу сунъий совутиладиган омборхоналарда сақлашдир. Чунки бу орқали сақланаётган маҳсулотнинг вазни йўқолиши максимал асраб қолинади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари оддий омборларда сақланса, вазн йўқотиши икки-уч бараваргача камроқ бўлиши тажрибалардан маълум. Сунъий совутиладиган омборларга сақланган ҳолда маҳсулотнинг табиий камайиши 0,5–1,0 фоиздан ошмайди.
Ўзбекистон иқлим шароити иссиқ минтақа ҳудудига тааллуқли бўлиб, йил фаслининг ҳар бир даврида ҳароратнинг ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради. Мева ва сабзавотларни саноат шароитида сақлаш анча мураккаб вазифадир. Шунинг учун уларни сақлаш даврида сифатига таъсир қиладиган ҳамма жараёнларни ва омилларни эътиборга олиш лозим.
Мева-сабзавотларни терилгандан кейин ташиш ва сақлашда муқобил шароит яратиш учун дастлаб ҳароратни тезлик билан пасайтириш талаб қилинади. Бунда совутилган ҳаво, вакуум-буғлатгич ёки совуқ сув воситасида ҳароратнинг пасайтириш усулларини қўллаб, энг кўп тарқалгани – совуқ ҳаво ёрдамида бажарилади.
Совуқ ҳаво билан маҳсулотнинг дастлабки ҳароратини пасайтириш совутиладиган хонага мунтазам совуқ ҳавонинг юбориш ҳисобига эришилади. Мева-сабзавотларни терилгандан сўнг, қанча тез ҳарорати пасайтирилса, унинг совуқ шароитида сақланиш муддати узайиб, сифати ҳам юқори бўлади.
Совуқхона мева ва сабзавотлар сифатининг бузилишини секинлаштириб, сотилишидан олдин улар сақланиши мумкин бўлган муддатни узайтирган ҳолда ташаббускорларга йил давомида истеъмолчиларнинг турли талабларини қондиришга ҳамда уларни бозорда яхши нархларда сотишга кўмак беради.
Ҳозирги пандемия шароитида кўпгина ташаббускорларда кичик ҳажмли совутгичлар қуришга бўлган талабларини амалга оширишда маблағ етишмовчилиги уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиши мумкин. Аммо уларга имтиёзли кредитлар бериш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари мавжуд.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг
30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4767-сонли қарори, бу борадаги имкониятларини янада ошириш ва тарғиб қилишга туртки берди.
Аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш, маҳсулотларни сотишни ташкил қилиш учун аҳоли гавжум маҳаллалар ва марказий деҳқон бозорларига жами 1184 та кичик сиғимли музлаткичга эга бўлган енгил конструкцияли “дала дўконлари” ташкил этилди.
Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма томонидан жами 852 та лойиҳа ташаббускорларига 24,8 млрд сўм (Агробанк орқали 17 млрд сўм, Микрокредитбанк орқали 3,4 млрд сўм, Халқ банкиорқали 4,4 млрд сўм) кредит маблағлари ажратилди.
Албатта бу борадаги сайи-ҳаракатлар мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга бўлган талабини қондиришга ва натижада аҳолини йил бўйи арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан мунтазам таъминлашга хизмат қилади.
Элмурод Мамарахимов – Кенгаш бош мутахассиси