Бу йил фермерлар, тадбиркорлар ва ер эгаларига катта имтиёз ва қулайликлар яратилади

Кейинги тўрт йилда қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларини, кластер ҳамда кооперацияларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда.

Биргина 2020 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та фармони ва 30 дан ортиқ қарорлари ҳамда ҳукуматнинг кўплаб қарорлари қабул қилинди.

Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам 2020 йил чинакам синов йили бўлди. Шунга қарамай, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва унинг қуйи ташкилотлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш эвазига эл дастурхонини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришдек шарафли вазифа уддаланди, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўйилмади.  

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва унинг тизим ташкилотлари 2020 йилда бир қатор ижобий ишларни амалга оширди. Аввало Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан 2020 йилда коронавирус пандемияси даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш, уларга бир қатор имтиёзлар, субсидиялар бериш бўйича ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, фермер ва деҳқон хўжаликларига ер ва сув солиғи тўлашда имтиёзлар берилди. Имтиёзли кредитлар берилди. Банк кредитларини тўлаш муддатлари кечиктирилди ва ҳ.к.

 2020 йилда республика бўйича 11,9 мингдан зиёд фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолият йўлга қўйилди. Бунинг натижасида қарийб 41 минг қишлоқ аҳолиси иш билан таъминланди. Қўшимча фаолият турларини йўлга қўйилиши натижасида кўп тармоқли фермер хўжаликларида маҳсулотларни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, замонавий совуткич омборхоналарини қуриш, сервис хизматлари кўрсатиш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.  

Республика бўйича 640 та намунали маҳаллалар ва 2925 та намунали хонадонлар ташкил этилди. Қишлоқ аҳолисига «Даладан дўконгача» тамойили асосида савдо хизмати кўрсатувчи камида 5-10 тоннали совутгичи мавжуд бўлган 1047 та дала дўконлари қурилди ва ишга туширилди. Бу мақсадлар учун кенгаш ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш Жамғармасидан 852 нафар тадбиркорга 24,6 млрд сўм маблағ ажратилди.  

Қишлоқ аҳолисига уруғликлар, кўчатлар, минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар етказиб бериш бўйича сервис хизмати кўрсатадиган 410 та «Томорқа хизмати» МЧЖлари фаолияти кучайтирилди. 13 та «Томорқа хизмати» МЧЖлари кластер тизимига ўтказилди.  

«Ҳар бир ёшга – бир гектар» дастури доирасида ғалладан бўшаган майдонларнинг 84 минг гектари 266 мингта кам таъминланган оилалар ва ишсиз ёшларга берилиб, уларга фермер хўжаликлари ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди. Ушбу дастур натижасида 1 миллион тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.

2020 йилда жаҳонда юз бераётган пандемиянинг салбий таъсирларига қарамасдан, республикамиз фермерлари, тадбиркорлари ва аҳолиси томонидан 1 млрд. АҚШ доллари миқдордаги қарийб 1,7 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари 70 дан ортиқ хорижий давлатларга экспорт қилинди.

2020 йил 29 декабрь куни муҳтарам Президентимизнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилда ва ундан кейинги даврда янги Ўзбекистон тарихида, халқимиз ҳаётида юз бериши кутилаётган бир қатор янги марралар, мақсадлар ва пухта ўйланган режалар маълум қилинди. Республика Ҳукуматига ушбу режаларни амалга ошириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш тўғрисида кўрсатмалар берилди. Буни меҳнаткаш халқимиз, фермер ва деҳқонларимиз кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Бугун мамлакат равнақига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз Мурожаатномани ўрганиб ўзининг муносабатини билдирмоқда.

Мурожаатномада ҳар бир туман имконияти ва ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажаратилиши тўғрисидаги вазифа қишлоқ аҳолисини қувонтирди. Шунингдек камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар тубдан ўзгартирилиб, вақтинчалик ишсизлик нафақасининг уч баробарга оширилиши ҳам ишсиз аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди. «Камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишда энг тез самара берадиган омил бу қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни оширишдир» деб таъкидлади юртбошимиз ўз Мурожаатида. Ҳар бир гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 2 минг доллардан 5 минг долларга етказиш устувор вазифа этиб белгиланди. Бунинг учун ерлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда уруғчилик, илм-фан ютуқларини, сув тежовчи ва инновацион технологияларни соҳага кенг жорий этиш лозимлиги таъкидланди.  

Маълумки кейинги йилларда юртимизда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаган ҳолда кластер тизимини ҳам ривожлантирилмоқда. Мурожаатномада ҳосилдорликни ошириш ҳисобига аҳоли даромадларини оширишга ерлардан самарали фойдаланиш, ресурс тежовчи технологияларни ва инновацион ишланмаларни жорий этиш ҳажмини янада кенгайтириш вазифа қилиб берилди.  

Янги Ўзбекистон тарихида учинчи ренессанс пойдеворини ташаббускор ва билимли ёшлар билан қуриш ва аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилинди. Бу давлатимиз равнақи ва иқтисодини юксалтириш йўлида тобора фаол бўлиб бораётган ёшларимизни касбга тайёрлаш, уларнинг илмий ва амалий салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш, пандемиядан кучли бўлиб чиққан халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш имкониятини яратади.  

Мурожаатномада асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб кетиши ва фермерлар ва тадбиркорларга импорт соҳасида божхона божлари тўлашда имтиёз беришни яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди. Жумладан, 2023 йил 1 январга қадар рўйхат бўйича четдан Республикага олиб кириладиган уруғлар, кўчатлар, пайвандтаглар, Минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, энергия тежовчи замонавий иссиқхона ва уларнинг бутловчи қисмларини четдан республикага олиб киришда улар божхона божидан озод этилди.  

Бу фермерлар, тадбиркорлар ва аҳоли томорқа ер эгаларига катта имтиёз ва қулайликлар яратади. Мурожаатномада қўйилган вазифалар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳаётида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришларга имкон яратиши кутилмоқда.  

Мурожаатномадан руҳланган фермер ва деҳқонларимиз 2021 йилда халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан янада тўлароқ таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда экин ерларидан йил давомида икки-уч марта ҳосил олиб, ички ва ташқи бозорни экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар билан тўлдириш борасида лойиҳаларни амалга оширишда давом этади.

Ҳусан Ғиёсов,

Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди

https://uza.uz/uz/posts/bu-yil-fermerlar-tadbirkorlar-va-er-egalariga-katta-imtiyoz-va-qulayliklar-yaratiladi_226363

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram