«Қабул қилган доринг овқат бўлсин, еган овқатинг эса дармон»
Давлатимиз раҳбарининг мамлакат Парламентига йўллаган мурожаатномаси жорий йил ва яқин истиқболдаги тараққиётимизни белгилаб берувчи стратегик асосга эга муҳим ҳужжат бўлди.
Унда ҳар бир соҳа ва тармоқда амалга оширилган ва режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, аграр тизимда бажарилиши шарт бўлган келажакдаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Зеро, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имконини беради.
Кластер ва кооперациялар фаолиятидаги унумдорлик туфайли бу янгиликни мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликка ҳам татбиқ этиб, 500 га яқин кластер ва кооперация ташкил этилди.
Натижада, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, жорий йилда 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди.
Эътибор қилган юртдошларимиз яхши билади, жорий йилда 91 минг гектар ер майдони қайтадан фойдаланишга киритилди. Жойларда артезиан қудуқлари барпо этишнинг манзилли дастурларига кўра, ҳудудларда қудуқлар ишга тушурилди. Шунингдек, 133 минг гектар ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологиялар ўрнатилди.
Жорий йилда ҳам муҳим йўналишлардаги ишларимизни давом эттириш ва янги босқичга кўтаришда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб ном берилгани муҳим аҳамият касб этади. Аҳоли саломатлигини сақлашда шифокорлар билан бир қаторда хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Гиппократ айтганидек, «Қабул қилган доринг овқат бўлсин, еган овқатинг эса дармон», Абу Али ибн Сино эса «Ким сиҳат-саломатлигини яхшиламоқчи бўлса ва узоқ умр кўришни истаса, энг аввал нима еб-ичганига эътибор қилсин» деб бежизга уқтирмаган.
Ана шу мақсадда жорий йилда экологик тоза, сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга янада кўпроқ эътибор қаратилади. Бунинг учун аввало, фермер ва деҳқонларнинг ердан манфаатдорлигини ошириш керак. Манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда, эса ўзгариш ва ўсиш бўлади. Даромадларни кўпайтириш учун эса ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш талаб этилади.
Бу борада биз аҳоли ва томорқачиларга яқиндан кўмак бериш мақсадида турли тузилмалар, сервиз хизматлари ва маҳорат дарслари ўтказишга интилмоқдамиз. Кенгашимиз аъзолари ҳудудларда бўлиб, ҳар бир томорқачи билан суҳбатлашиб, уларга янги тажриба ва кўникмалар ҳақида маслаҳат беришмоқда.
«Бир маҳалла – бир маҳсулот» принципи асосида ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозим.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакат Парламентига йўллаган мурожаатномасида келгуси йили барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда «ягона дарча» тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиши алоҳида қайд этилди. Бу марказлар орқали ернинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғликларни танлаш билан боғлиқ муҳим хизматлар кўрсатилади.
Шу тариқа келгуси йилдан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш борасида янги ютуқларга эришамиз.
Абдушокир Раҳимов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгаши раис ўринбосари
https://uza.uz/uz/posts/endi-gazeta-oqimaymizmi_398265