Айрим ҳудудларда 1 кг пахта терими учун 1200 сўм ҳақ тўланади

Маълумотларга кўра, 2020 йил пахта йиғим терим мавсуми 10 сентябрдан бошланиб, қисқа муддатларда яъни қирқ кунда якунланиши кутилмоқда. Пахта хомашёси етиштирадиган 28.8 минг фермер хўжалиги доимий банд бўлган 230 мингдан ортиқ ишчиларига қўшимча равишда аҳоли орасидаги ишсиз фуқароларни ихтиёрий жалб қилиш учун 300 мингга яқин фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси тузди.

Айни вақтда айрим ҳудудларда пахта нархи янада баландроқ бўлиши айтилмоқда. Бунинг сабаблари ва теримга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раис ўринбосари Абдушокир РАҲИМОВ сўзлаб берди.

– Теримчиларни рағбатлантириш мақсадида ишчи кучи кам бўлган ҳудудларда пахтанинг ҳар килоси учун Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан қўшимча 200 сўм берилади, – дейди А.Раҳимов. – Бу тажриба Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида тўлиқ, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг айрим туманларига татбиқ этилади. Яъни биринчи терим учун 1200 сўм, иккинчиси 1600 сўм бўлади.

Ҳозирда Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятига 80 минг нафар теримчиларни қўшни вилоятлардан олиб келиш учун шароитлар яратилмоқда. Теримчиларнинг асосий қисми водий вилоятларидан бўлиб, айни кунларда фермер ва пахтачилик кластерлари шартномалар тузиб, рўйхатни шакллантирмоқда.

Теримчилар сони 2 миллион 200 мингдан ортиқ бўлишини ҳисобга олиб, 24 мингдан ортиқ отряд тузилмоқда. Уларнинг ҳар бирига 80-100 нафар теримчи бириктирилади.

2020 йил пахта ҳосилини ўз вақтида бошлаш ва якунлаш учун тегишли идоралар вакиллари билан биргаликда 134 та пахта хомашёси етиштириладиган туманда пахта майдонларини теримга тайёрлаш, теримчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш ва бошқа ташкилий масалалар борасида барча ишлар бажарилмоқда.

Пахта йиғим терими мавсумида бошқа ҳудудлардан жалб этиладиган 264 минг нафар теримчиларни ётоқ жойлар билан таъминлаш учун фермер хўжаликларига тегишли 3 минг 222 та дала шийпонида ҳудудий кенгаш мутасаддилари маҳаллий ҳокимликлар ва фермер хўжаликлари билан биргаликда таъмирлаш ишларини якунлади.

Пахтани ташиш учун режалаштирилган 19,3 минг трактор ҳамда 30,3 минг тиркама шай ҳолатга келтирилди. Таъмирлаш, талаб этиладиган техника воситаларига керакли эҳтиёт қисмлар (трактор ва тиркамалар учун шиналар, тиркамалар учун сеткалар ва бошқа) билан таъминлаш ишлари давом этмоқда.

http://xs.uz/uzkr/39100

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram