Сурхондарёда кузги дон экиш бошланди

Ангор туманидаги “Ангор Сурхон ғурури” ғаллачилик-пахтачилик кластерида Сурхондарё вилоятида келгуси йил бошоқли дон экинлари учун ер майдонларини тайёрлаш ва уруғ сепиш юмушларига бағишланган кўргазмали ўқув семинари бўлиб ўтди.

Вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, туман ҳокимлари, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар, отрядлар, ғаллачилик кластерлари бошлиқлари иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар бошоқли дон етиштириш сифатини ошириб, аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қоплашда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Вилоятда келгуси йил ҳосили учун 2 минг 433 фермер хўжалиги 90 минг 800 гектар майдонда бошоқли дон парваришлайди. Бунинг учун 57 минг 768 гектар майдондаги ғўза қатор ораси ва 33 минг 32 гектар очиқ майдонга барака уруғи сепилади. Кузги мавсумда бу юмушни тез, сифатли амалга ошириш учун 203 та отряд, дон ва минерал ўғит билан таъминлайдиган шохобчалар ташкил этилди. Трактор ва экиш сеялкалари шай ҳолатга келтирилиб, 1 минг 222 механизатор жалб қилинди. Етарли миқдорда уруғлик дон, маҳаллий ва минерал ўғитлар захираси яратилди. Ҳосилдан бўшаган очиқ майдонлар сифатли шудгорланиб, текисланди.

Келгуси йил ҳосили учун Ангор тумани ғаллакорлари 5 минг 650 гектар майдонга уруғ сепиб, бошоқли дон экинларини парваришлайди. “Ангор Сурхон ғурури” ғаллачилик-пахтачилик кластери ана шу майдоннинг 4 минг гектарида дон етиштиради. Ғалла парваришлаш бўйича етарли тажрибага эга кластер ўтган йили Россиядан “Алексеевич”, “Безостая 100”, “Васта”, “Гром” ва “Груд” навли уруғларини экиб, ҳар гектар майдондан ўртача 70-80 центнердан ҳосил олди. Жорий йилда уруғ сепишни барвақт бошлаш ва замонавий агротехник усуллар асосида парваришлаш эвазига келгуси йил ҳосилдорликни 10-15 центнерга оширишни кўзда тутмоқда.

Семинар иштирокчилари кластернинг ерларни зироат етиштиришга тайёрлаш ва уруғ сепиш, суғориш ва озиқлантириш борасидаги тажрибалари билан яқиндан танишди.

Вилоятда дон экиш мавсумини ўттиз кунда якунлаш режалаштирилмоқда.

Кўргазмали ўқув семинарда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.

http://uza.uz/oz/society/surkhondaryeda-kuzgi-don-ekish-boshlandi-09-09-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram