Деҳқон хўжалигидан ерни олиб қўйиш шартлари аниқланмоқда

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида “Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ва “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда. 
Уларнинг муҳим жиҳатлари ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Соҳиб Ҳотамов сўзлаб берди.
– Янги қонун лойиҳаси билан соҳада бир қатор янгиликлар юз бериши кутилмоқда, – дейди С.Ҳотамов. – Мисол учун, “Деҳқон хўжалиги” иборасига тушунча ўзгарди. Унга “оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ва ижарага олиш асосида тегишли бўлган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи оилавий хўжалик”, эканлиги тўғрисида янгича таъриф берилди.
Энди деҳқон хўжаликларига ягона давлат реестридан кўчирма берилади. Унда деҳқон хўжалиги бошлиғи ва аъзолари ҳақида маълумот, йўналиши, ҳисобга қўйилган сана ҳамда ижара муддати кўрсатилади.
Деҳқон хўжалиги 0,06 -1 гектаргача бўлган майдонда юритилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни такрорий экин экиш учун бир ёки ундан кўп мавсумга иккиламчи ижарага олиш орқали деҳқон хўжалиги фаолияти 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган майдонда юритилади. Агарда қишлоқ хўжалиги экинлари узрли сабабсиз экилмаса, ер солиғи белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида ундирилади.
Энг муҳими деҳқон хўжалиги етиштирадиган маҳсулот турларини танлашда, нархини ва маҳсулотни реализация қилиш йўналишларини аниқлашда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик ҳуқуқи билан берилиши туфайли деҳқон хўжаликлари ерларида ўзбошимчалик билан уй-жойлар ва бошқа иморатлар қурилиб, турар жой сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Бунда, ерларни асраш, унумдорлигини ошириш ва агротехника талабларига риоя қилиш каби мажбуриятларни бажариш иккинчи даражага тушиб қолган. Шунингдек, аҳоли сонининг ошиб бораётганлиги бир кишига тўғри келадиган ер улушининг тобора камайишига сабаб бўлмоқда.
Қонун лойиҳасининг мақсади деҳқон хўжалигини ташкил этиш, фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилашдан иборат. Жумладан, деҳқон хўжаликларига ерни мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан бериш амалиёти ўрнига бундан кейин ер участкасини ижара асосида бериш тизими жорий этилади. Боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланса, ижара муддати 50 йил, сабзавотчилик ва полизчиликка 30 йил белгиланди.
Қонун қабул қилинса, ер участкалари деҳқон хўжаликларига ижара ҳуқуқи асосида берилиши (илгари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ерлар ўзгармайди) ушбу ерда ноқонуний қурилишлар қилинишини олдини олиб, ердан оқилона ва самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Эндиликда деҳқон хўжалигига ажратилган ер участкасини олиб қўйиш шартларининг аниқ қилиб белгиланиши ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишининг олдини олишга хизмат қилиб, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатларини янада кучайтиради.
Фермерларнинг асосий экиндан бўшаган ер майдонларида бир ёки бир нечта мавсумда ижара асосида деҳқон хўжалиги билан шуғулланишга рухсат берилиши вақтинча бўш турган ерлардан самарали фойдаланишга имконият яратади.

http://uza.uz/oz/society/de-on-kh-zhaligidan-erni-olib-yish-shartlari-ani-lanmo-da-25-08-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram