Спикер ўринбосари Актам Ҳаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразмда Президент қарорлари ижросини ўрганмоқда

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш энг долзарб масалага айланди. Негаки, пандемия туфайли мамлакатимизда камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошди, оилалар даромади камайди.

Шу боисдан ўтган вақт давомида Президентимиз раҳбарлигида бу офатга қарши курашиш, пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди. Айниқса, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга муносиб шароит яратишга қаратилган ишлар бир сония ҳам тўхтагани йўқ.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар пандемия даврида тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгаларининг фаолияти билан танишиш ҳамда Президент фармон ва қарорларининг жойлардаги ижросини ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятида ўрганишлар олиб боришди.

Халқ вакиллари вилоятдаги учрашувларини Гурлан туманидан бошлади. Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда гурланлик ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Юзма-юз мулоқотлар давомида гурланлик Ғайрат Солиев сартарошхона очиш нияти борлигини айтиб, тижорат банкларидан имтиёзли кредит олишда кўмак сўради. Бу масалани туман ҳокими ўз зиммасига олиб, 3 кун муддатда кредит ажратиш бўйича «Халқ банки» туман филиали вакилига тегишли топшириқлар берди.

Учрашув чоғида ёшлар тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш, иссиқхона ташкил этиш, паррандачиликни ривожлантириш бўйича кредитлар ажратишда амалий ёрдам сўраб мурожаатлар қилишди. Барча мурожаатлар шу ернинг ўзида тегишли ташкилот раҳбарларига бириктирилиб, қисқа муддатда ижобий ҳал қилинадиган бўлди.

Шу куни ишчи гуруҳ аъзолари туман ҳокими, сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳудуддаги «Нурафшон», «Эсабий», «Жалойир», «Нукус», «Дўсимбий» ва «Оққум» маҳаллаларида бўлиб, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш борасида қилинаётган ишлар билан танишди.

Биринчи секторга қарашли «Дўсимбий» маҳалласида яшовчи Робия Аҳмедованинг хонадонида 3 нафар ногирон бор. Хонадон эгалари томорқасидан унумли фойдаланиб келаётгани сабабли туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан уларга субсидия асосида 45 сотих ер майдонига иссиқхона қуриб берилган.

Аҳамиятлиси, келини Х.Тажиева ҳамда қизи Ш.Юлдашевалар тумандаги «Рамат бобо» фермер хўжалигига ишга жойлаштирилиб, хўжалик томонидан уларга сабзавот-полиз экинлари экиб қўшимча даромад олиши учун 0,5 гектар ер майдони ажратиб берилган. Шунингдек, ғалладан бўшаган ер майдонидан ҳам деҳқончилик қилиш учун 1 гектар ер майдони берилиши режалаштирилди.

Иккинчи секторга қарашли «Нурафшон» маҳалласида яшовчи Патма Сабирова хонадонида 2 нафар фуқаро истиқомат қилади. Мазкур хонадоннинг ташқи фасад қисми ҳомийлар томонидан таъмирланиб, томорқасига маҳалладаги жамоатчи ишчилар ёрдамида полиз экинлари ва мевали дарахтлар экиб берилган. Қолаверса, ушбу оилага «Жумабай қассоб» фермер хўжалигидан бир бош қорамол берилиб, ҳомийлар томонидан бир неча маротаба озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Ўғли Иномжон Юлдашев ҳам «Гурлан Экатор» МЧЖга ишга жойлаштирилиб, иш ҳақини ўз вақтида олиб келмоқда.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги депутатлар маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриш давомида аҳоли билан очиқ мулоқотлар қилиб, уларга Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирди.

Мазкур учрашувлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари учинчи секторга қарашли «Нукус» маҳалласида яшовчи Бобомурод Авезов хонадонида ҳам бўлишди. Аниқланишича, мазкур хонадонда 6 нафар фуқаро истиқомат қилади. Б.Авезовнинг турмуш ўртоғи М.Турамуратова «Хуршида Ортиқжон» фермер хўжалигида, қизи Ш.Турсунбоева эса «Ихлосбек Бунёдбек Бобурбек» ишлаб чиқариш корхонасида фаолият юритади.

Халқ ноиблари хонадон эгалари билан мулоқот қилар экан, мамлакатимизда ҳозирги оғир шароитда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини айтиб, ўз бизнесини бошлаш истагида юрган фуқароларга кўплаб имтиёзлар берилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг учрашувлари тўртинчи секторга қарашли «Жалойир» маҳалласида яшовчи Эркабой Бобоназаров хонадонида давом этди. Учрашув давомида мазкур хонадонда 3 нафар фуқаро истиқомат қилиши, хонадон бошлиғи «Муҳаммад Канжа пахтаси» фермер хўжалигида ишлаши маълум бўлди.

Спикер ўринбосари «Эсабий» маҳалласидаги сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Хоразм вилояти илмий тажриба станциясида ҳам бўлиб, уларга деҳқончиликда янги технологияларни жорий қилиш, янги навларни яратиш бўйича зарур тавсиялар, маслаҳатлар берди.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг вилоятдаги учрашувлари давом этмоқда.

Насиба ВАИСОВА,

OʼzLiDeP Хоразм вилоятКенгаши матбуот котиби

http://uza.uz/oz/society/spiker-rinbosari-aktam-aitov-boshchiligidagi-ishchi-guru-kho-17-06-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram