Ёғ-мой маҳсулотларидаги муаммолар: сифатсиз, пальма ёғи импорти ошган, текширадиган лабораториялар йўқ

Биздаги энг йирик муаммо ўсимлик ёғи таркибини тўлиқ таҳлил қиладиган лабораторияларнинг йўқлиги. Лабораториялар мукаммал бўлганида хориждан кириб келаётган барча маҳсулотлар таркиби тўлиқ ўрганилган бўларди.
Россияда сўнги йилларда пальма ёғи импорти уч баробар ошди, улар ишлаб чиқарилаётган кунгабоқар ёғларига кўп миқдорда қўшилмоқда.
Аслида Ўзбекистондаги ёғ-мой маҳсулотлари хориждан келаётганлардан анча сифатли.

«Ўзёғмойсаноат» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Фахриддин КОЛОНОВ билан кузатилаётган муаммолар юзасидан суҳбатлашдик.
— Пандемия шароитида аҳолини ёғ-мой билан узлуксиз таъминлашга ҳаракат қилдик, – дейди Фахриддин КОЛОНОВ, – Нархнинг кескин ошиб кетмаслиги ва тақчиллик юз бермаслиги учун барча чоралар кўрилди. Айни вақтда корхоналаримизда 18 минг тоннадан ортиқроқ ёғ-мой захираси мавжуд.
Тежамкор, замонавий ускуналар туфайли беш ойда 8 миллиард сўмлик маҳсулотларнинг таннархи арзонлашди. Бу ўн фоизга маҳсулот арзон бўлди дегани.
— Экспорт кўрсаткичлари яхшиландими?
— Бундан 2-3 йил олдин тизимда бир миллион долларга яқин маҳсулот экспорт қилинган. Кейинги вақтларда турли мамлакатларда маркетинг тадқиқотлари ўтказдик. Хусусан, Афғонистонда ҳам нимага талаб борлиги ўрганилди. Натижада қисқа фурсатда экспорт кўпайди. Бу йилда 15 миллион доллар маҳсулот экспорти режалаштирилган. Биринчи чорак якунларда бу кўрсаткич 16 миллион бўлиши кутилмоқда.
Ҳозирга қадар маҳсулотларимизни қўшни давлатларга экспорт қилган бўлсак, энди ривожланган мамлакатлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Мисол учун, кунгабоқар, соя ёғлари — Корея, Японияга, полиз экинларидан олинган ёғлар эса Европа бозорларига юборилмоқда.
— Юртимизда ишлаб чиқарилган «Маргарин»лар халқаро талабларга жавоб бермаслиги ҳақида эшитганмиз. Уни жаҳон стандартларига мослаштириш борасида нима ишлар қилинмоқда?
— Тўғри «Маргарин» сифати экспорт талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Уларни сифатини ошириш борасида изланишлар олиб борилмоқда, лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқин йилларда маргаринларимиз хорижда харидоргир бўлиши таъминланади.
— Экспорт қилаётганимиз яхши, лекин бозорларимизда Россиядан, Украинадан келган маҳсулотлар харидоргир. Танлаш имкони бўлганда одамлар кўпроқ уларни танлайди. Экспорт қилиб яна импортга олиб келишдан мақсад нима?
— Ҳар бир соҳа ўзининг ривожланиш стратегиясига эга. Аслида маҳсулотларимиз хориждан келаётган ёғлардан кўра анча сифатли.
Россияда сўнги йилларда пальма ёғи импорти уч баробар ошди. Ишлаб чиқарилаётган кунгабоқар ёғларига кўп миқдорда қўшилмоқда. Биздаги энг йирик муаммо ўсимлик ёғи таркибини тўлиқ таҳлил қиладиган лабораторияларнинг йўқлиги. Ҳозирда бу борада изланишлар олиб борилмоқда. Агар уни ташкил қилсак, хориждан кириб келаётган барча маҳсулотлар таркиби тўлиқ ўрганилади.
— Аслида, одамлар уларни сифатли деган фикрда ўзимизнинг маҳсулотга нисбатан қимматроқ нархларда харид қилмоқда.
— Тўғри бу билан бизда ишлаб чиқарилаётган ёғ-мой маҳсулотларининг ҳаммаси ҳам сифатли демоқчи эмасман. Бунда бир нарсага эътибор қаратиш керак. Олдин пахта чигити 23 ёғ-мой корхонасида қайта ишланган бўлса, энди 250 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект бу юмуш билан шуғулланмоқда. Шу боис сифатсиз маҳсулотларнинг ҳам сотувда пайдо бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунинг учун чигитни талаб даражасига жавоб берадиган корхоналар қайта ишлашсин, деган ғоя илгари сурилмоқда.
Айни вақтда юртимизда ўсимлик ёғига бўлган йиллик талаб 400 минг тоннани ташкил этади. Унинг 280 минг тоннаси ишлаб чиқарилса, қолгани импорт ҳисобидан қопланмоқда.
— Қизиқ, талаб юқори бўлса, нега экспорт қиляпмиз? Олдин ички эҳтиёжлар тўлдирилмайдими?
— Экспорт юртимиздаги ёғ-мой маҳсулотларининг намойиши ҳам ҳисобланади. Экспортдан валюта тушади. Бу маблағга корхона хомашё олиб келади. Биз ҳам фақат ички бозор билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Мисол учун, Россияни оладиган бўлсак, уларда ҳам импорт ёғлар кўп, бу бозор талаби.— Айни вақтда тизимда лаборатория ташкил этиш, маргарин сифатини ошириш каби муаммолар ўрганилаётган экан. Яна қайси муаммоларни ҳал этиш борасида таклифлар ишлаб чиқилмоқда?
— Ҳозир энг катта муаммо хомашё етишмаслиги. Юртимизда 2 миллион тонна пахта чигити, 200-300 минг тонна бошқа хомашёлар бор. Биздаги қувват эса 5 миллион тонна. Қарийб 2,5 баробар ортиқ. Бошқа давлатларда бунинг акси. Мисол учун Қозоғистонда ишлаб чиқариш қуввати 1,5 миллион тонна бўлиб, хомашё ҳажми 6 миллион тоннадан иборат.
Яширишга ҳожат йўқ, деҳқонлар мойли экинлардан кўра сабзавот етиштирганда кўпроқ фойда кўради.
— Махсар, соя каби ноанъанавий экинлар лалми ерларда кўпроқ етиштирилганига гувоҳ бўлганмиз. Бу тажрибани вилоятларда кенг оммалаштириш мумкинми?
— Ҳа, ҳозир Жиззах вилоятида махсар экилмоқда. Олдин бир гектарда бўлса, энди 30-40 минг гектарда мавжуд. Андижонда Наманганда кунгабоқар етиштириш анъанага айланди. Яқин йилларда уларни такрорий экин сифатида ҳам экиш оммалашади.
Қайд этиш керакки, кунгабоқар ерни қувватини олгани боис бу майдонлардан кейинги йилда ҳосил олиб бўлмайди. Соя эса ернинг мелиоратив ҳолатини яхшиласада, ундан такрорий экин сифатида мўл ҳосил етиштириш қийинроқ.
— Бундай сабаблар туфайли мойли экинлар аҳоли орасида у қадар оммалашмаётганидир. Лекин, уюшма ўз манфаати юзасидан ерлар олиб, экишни ташкил этиши мумкинку?
— Бу борада ҳам изланишларни бир дақиқа бўлсада, тўхтаганимиз йўқ. Президентимиз Андижонга борганларида водийда захира ерлардан 50 минг гектарни уюшмага бириктириш вазифасини белгилади. Бундан ташқари яна 80 минг гектарда мойли экинларни етиштириб, қайта ишлаяпмиз. Маҳсулот ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда.

http://uza.uz/oz/society/ye-moy-ma-sulotlaridagi-muammolar-sifatsiz-palma-ye-i-import-17-06-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram