Ғалла харид нархлари етиштирилган ҳосилга сарфланган харажатни қопламасди
Ерга эгалик ҳуқуқи ва ер меники деган тушунча ҳамда меҳр билан қилинган ҳаракат натижасида фермер хўжаликларида ғалла майдонларининг ҳар гектаридан ўртача 50-60 центнердан ҳосил олиш имконияти пайдо бўлди. Ғаллачилик тарихида 2010 йилдан бошлаб, 6-8 миллион тоннадан зиёдроқ ғалла етиштирилиб, ғалла мустақиллигига эришдик.
Лекин ғалла етиштириш ва харид қилишга давлат буюртмасининг белгиланганлиги фермерлар имкониятини чеклаб қўйганлигини ҳам инкор этмаслигимиз керак. Сабаби, ғалла харид нархларининг пастлиги кўп ҳолларда етиштирилган ҳосилга сарфланган харажатни қопламасди.
2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат дон етиштириш режасини белгилаш амалиёти тўлиқ бекор қилинди.
Дунёда давом этаётган пандемия даврида пишиб етилган бошоқли дон экинлари ҳосилини қисқа муддатларда нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ва ички бозорда дон, ун маҳсулотлари барқарорлигини таъминлаш чораси кўрилмоқда. Бу борада куни кеча қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Унга кўра, 2020 йил ҳосилидан давлат ресурсларига 3 019 минг тонна, шу жумладан, 293,5 минг тонна уруғлик дон харид қилинади. Бу эса мўл ҳосил етиштиришга катта замин яратади.
Қарор билан ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун 2020 йил ҳосилидан давлат ресурсларига олинадиган бошоқли донни харид қилиш нархлари белгиланди. Хусусан, 1 синф қаттиқ буғдойнинг харид нархи (қўшилган қиймат солиғи билан) 1 тонна учун 2 543 180 сўмни ташкил этади. Ўтган йилда буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун 1 миллион 200 минг сўм тўланган бўлса, бу йил ўтган йилга нисбатан анча юқори харид нархи белгилангани албатта қувончли.
Жорий мавсумда барча дон тайёрлов корхоналари ва ғаллачилик кластерлари қўшимча харид қилинадиган донни хўжаликлар билан келишилган нархларда шартнома асосида харид қилади.
Қайд этиш керакки мамлакат иқтисодиётидаги кўпгина соҳалардаги давлат иштирокини камайтириш йўлида қилинаётганидек ғаллакорлар, донни қайта ишловчилар, деҳқонларга кўмакдош бошқа тармоқларда ҳам тўла бозор иқтисодиёти, эркин нархларга ўтиш босқичлари давом этмоқда.
Жаҳонгир Раҳмонов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашинингЖамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи
http://uza.uz/oz/society/alla-kharid-narkhlari-etishtirilgan-osilga-sarflangan-kharazh-17-06-2020