18 минг нафардан зиёд юртдошимиз кооперативларда бирлашди


Юртимизда ишсизлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўлларидан бири – томорқадан самарали фойдаланишдир. Чунки ҳали ҳануз бу соҳанинг улкан имкониятларидан тўлиқлигича фойдаланилгани йўқ. Бу жараёнда ҳудудларда ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативлари муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Айни вақтда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган аҳоли рўйхатини шакллантириб, ерларни талабгорларга тақсимлаб бериши ва уларни кооперацияларга бириктириш чораларини кўрмоқда.
Шу билан бирга республика ҳудудида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативларига туман ҳокимликлари томонидан фойдаланилмайдиган (суғорилмайдиган), ерлардан камида 15 гектар, шундан ҳар бир кооператив аъзосига, яъни камида 50 та ишсиз ёки кам таъминланган фуқароларга 20 сотихдан, ҳамкор ташкилотга 5 гектар ер бўлиб берилиши қайд этилганди.
– Бу кооперативларга ажратилган ер майдонларидан асосан мева ва сабзавотчилик йўналишларида фойдаланиш ва йил давомида икки, уч марта ҳосил олиш имконияти мавжуд, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Илёс Еткинов. – Айни вақтда аҳолида бундай кооперацияларга бўлган қизиқиш ортиб, талабгорлар кўпайиб бормоқда. Ҳозирда ўн мингдан ортиқ захира ерлар 18 мингдан зиёд ишсиз ва кам таъминланган аҳолига бириктирилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида кооператив аъзоларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси 41 миллиард субсидия ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 71 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратди.
Маълумотларга кўра, ҳар бир оилага берилган икки миллион сўмдан ортиқроқ субсидия дастлабки харажатларни қопласа, кредит маблағлар мотокулътиватор ҳамда сув чиқариш йўналишлари доирасида артизан қудуқлари ва сув насослари орқали суғориш тизими жорий этишга хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, бундай тузилмалар ташкил этиш борасида Самарқанд вилояти пешқадамлар орасида бўлса, Бухорода тадбирлар секинлик билан олиб борилмоқда.

http://uza.uz/oz/society/18-ming-nafardan-ziyed-yurtdoshimiz-kooperativlarda-birlashd-17-06-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram