Биз еридан унумли фойдаланадиган томорқачига кўмак беришга тайёрмиз
Мамлакатимизда аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экспортни ошириш учун катта имкониятлар бор.
Ер билан тиллаша оладиган, меҳнаткаш халқимизнинг ҳаракатини қадрлаган холда уларга кўмак бўлиш мақсадида Президентимизнинг фармонлари ҳамда ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ва маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарори улардан бири.
Ҳисоб-китобларимизга кўра, бу йил юртимиздаги 4,5 миллион аҳоли томорқасидаги 432 минг гектар ерда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади.
126 минг гектар майдонга тўқсонбости усулида уруғ қадалган бўлса, 270 минг гектарга эрта баҳорги экинлар экилди. Шунингдек, аҳоли хонадонларида 70 минг гектар токзор ва мевали боғлар мавжуд. Шунингдек, Асака, Ангор, Жарқўрғон, Зангиота, Китоб, Наманган, Олтинкўл, Олтиариқ, Самарқанд, Тойлоқ, Уйчи, Қува ва Янгийўл туманларининг томорқа ер участкасидан бир йилда 2-3 марта ҳосил етиштириш ҳамда юқори даромад олиш тажрибасини намуна сифатида бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Бунда эса “Томорқа хизмати” МЧЖлар, намунали томорқачилар томонидан кўрсатилаётган ёрдам муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, хонадонма-хонадон юриб, керакли кўчатлар, минерал ўғитларни етказиб беришда жонбозлик кўрсатмоқда. Бу каби ишлар барча вилоятларда амалга оширилмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ҳам ҳуқуқий, ҳам моддий ёрдам бериш кўзда тутилган. Жумладан, мавжуд 244 та “Томорқа хизмати” аҳолига моддий-техник ресурслар, биринчи навбатда уруғлик, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитларни тизимли етказиб беради. Туман ҳокимликлари эса сув таъминоти оғир маҳаллаларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига суғориш қудуқлар қазиб беради.
Шунингдек, яратиладиган мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялар деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари билан ўзаро ҳамкорлик асосида маҳсулот етиштириш, етиштирилган маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш билан шуғулланади. Уруғлик, кўчатлар, минерал ўғитлар ва бошқа моддий-техника ресурсларини етказиб беришда ҳам фаол иштирок этади.
Қайд этиш керакки, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларига бириктирилган деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган барча имтиёзлар татбиқ этилади.
Айни вақтда томорқа ер участкаларида етиштирилган маҳсулотларнинг ички истеъмолдан ортиқча қисмини сотишни ташкил этиш мақсадида “Томорқа хизмати” МЧЖлари томорқа ер участкаларида етиштирилган маҳсулотларни қабул қилиш шохобчалари ташкил этилди ва етиштирилган маҳсулотни бевосита бозорда сотиш юзасидан шартномалар тузилди.
Маълумот ўрнида келтириш керакки, ҳозирда юртимизда жами ташкил этилган шу йўналишдаги МЧЖлар сони — 244 бўлиб, улар имзолаган шартномалар сони – 157 мингтадан ошди. Мисол учун, 148 мингдан кўпроғи аҳоли хонадонлари билан тузилган бўлса, экспотёр корхоналар билан 100 яқин келишувга эришилган. Шунингдек, таъминотчи корхоналар, уруғ, кўчат, минерал ўғит етказиб бериш борасидаги кўплаб шартномаларни кўриш мумкин.
Демакки, томорқа эгаси ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштирса ёки шуни истаса биз унга кўмакка келишга ҳамиша тайёрмиз.
Олимжон Алимарданов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг биринчи ўринбосари
http://uza.uz/oz/society/biz-eridan-unumli-foydalanadigan-tomor-achiga-k-mak-berishga-27-04-2020