Гидропоника усулида етиштирилган хашакни биласизми? Унинг афзаллиги нимада?
Қорақалпоғистонда янгидан ташкил қилинган Бўзатов туманида “Бўзатов яйлови” ишлаб чиқариш кооперативи томонидан гидропоника усулида қорамоллар учун озуқа етиштириш тажрибаси ўтказилмоқда. Бунда озуқавий экинлар тупроқсиз, махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озуқа моддалари ёрдамида етиштирилмоқда.
–Гидропоника усулида етиштирилган хашакларининг фойдаси жуда катта экан, – дейди Бўзотов яйлови ишлаб чиқариш кооперативи бошлиғи Бектилеу Абилов. – Ҳозирда 500 килограмм сиғимли кўпярусли гидропоника ускунасида буғдой ўстирилмоқда. 1 кило буғдой бир ҳафта ичида 5 килодан 7 килогача салмоқ бермоқда. Биз ҳозир кунига 50-60 кило буғдойни олиб, молларга беряпмиз, молларнинг сут бериши 20-25 фоизга ортди. Чунки, гидропоникада ўстирилган буғдой қўшимча витаминлар билан тўйинган бўлади. Биз ҳар куни олинган буғдой ўрнига яна шу миқдорда экамиз. Яъни, кунига 50-60 кило буғдой экиб турибмиз. 1 ҳафтадан кейин бу буғдой 1 қаричгача ўсади ва 250-300 килогача салмоқ босади. Сўнг уни молларга берамиз.
Гидропоникада ўсимлик учун зарур бўлган барча мўътадил омиллар, жумладан, ҳаво ҳарорати, намлик, иссиқлик, ёруғлик, карбонат ангидрид, тоза сув, макро ва микро элементлар билан таъминлаш сунъий равишда вужудга келтирилади. Натижада ўсимликда фотосинтез жараёни фаоллашади ва кўплаб органик моддалар тўпланиб, жадал ўсиб-ривожланиши ва мўл ҳосил бериши таъминланади.
Қорақалпоғистонда кунига 500 килограмм гидропоник яшил хашак тайёрлайдиган ускуналар иккита жойда – Бўзатов туманидаги шу “Бўзатов яйлови” кооперативида ҳамда Мўйноқ туманидаги “Ажиниёз яйлови” кооперативида қурилган. Ушбу ускуналар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Мослашув жамғармасининг “Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилган.
–Бу ускуналарнинг ҳар бирида кунига 500 кило хашак етиштириш билан 150 гектар суғориладиган майдонда етиштириладиган хашак экинларини ўрнини босади. Бунда 1 миллион 50 минг куб метр суғориш суви тежалади, сувга кетадиган 4 миллион 446 минг сўм харажат иқтисод қилинади. Шунингдек, 15 минг литр ёқилғи-мойлаш материалларини тежаб, 120 миллион сўм харажатни иқтисод қилса бўлади. Бундан ташқари, 1 миллион 700 минг сўмдан ортиқ харажатни ташкил қиладиган 32,5 тонна CO2 чиқиндиларини ҳамда иш ҳақи харажатларини ҳам тежаш мумкин, – дейди лойиҳа мутахассиси Азат Тилеумуратов. – Ушбу кўпярусли гидропоника ускунаси чорва моллари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларида озуқа нархини пасайтириш учун зарур бўлган кам иқтисодий энергия сарфига эга бўлган яшил биоемларнинг максимал маҳсулдорлигини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган.
Мана шундай гидропоника ускунасининг яна 6 таси чорвачилик билан шуғулланадиган хонадонларга ҳам берилган. У ускуналарда кунига 40, 80, 120 кило яшил хашак тайёрлаш мумкин.
Мазкур ускуналар чидамли материаллардан тайёрланган бўлиб, уларнинг яроқлилик муддати камида 15 йилни ташкил қилади.
Яшил гидропоник озуқанинг самарадорлиги:
Яшил гидропоник озуқадан фойдаланиш озуқа харажатларини ҳайвонларнинг рациони ва турига қараб 30 дан 50 фоизгача тежашга имкон беради;
Гидропоник яшил хашакнинг ҳазмдорлиги 95 фоизни ташкил қилади;
Асосий озуқага 30-50 фоиз гидропоник яшил хашак қўшилади, бу асосий емнинг ҳазм қилинишини 20-30 фоизга оширади;
Сут маҳсулдорлигини 15-25 фоизгача оширади;
Ҳайвонларнинг соғлиғини яхшилайди ва ветеринария дориларидан 70 фоиз озод қилади;
Ёш ҳайвонларнинг ўсиши ва иммунитетини яхшилайди.
http://uza.uz/oz/society/gidroponika-usulida-etishtirilgan-khashakni-bilasizmi-uning–27-04-2020