Актам Ҳайитов: «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг йўлга қўйилиши халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади

«Самарқанд» телеканалининг «Кун мавзуси» дастурида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов Президент ташаббуси билан асос солинган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

«Ушбу эзгу саъй-ҳаракатнинг муборак Рамазон ойида амалга оширилишида ҳам жуда катта маъно мужассам. Зеро бу айёмда амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади. Шу боис хайрли ташаббус қанот ёйиши биланоқ партия электорати, тадбиркор ва фермерлар имкониятдан келиб чиқиб саховат ишларини амалга ошириш истагини билдирмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб йўлга чиққан «Саховат ва кўмак» карвонига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари бош қўшиб, вақтинча ишламаётган ва кунлик даромад асосида яшаб келган фуқароларни аниқлаган ҳолда уларни томорқадан самарали фойдаланишга ва бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Давлат раҳбарининг хайрли ташаббусига деҳқон ва миришкорларимиз ҳам «лаббай» деб жавоб бериб, далада кўтаринки кайфиятда меҳнат қилмоқда. Бугунги синовли кунларда «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракатига ҳисса қўшиш учун ишлаяптилар, баҳоли қудрат қийин шароитдаги оилаларга беғараз ёрдам кўрсатяптилар. Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш баробарида ишсиз фуқароларнинг даромад топишига шароит яратиб беряптилар» – деди А.Ҳайитов.

Спикер ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг энг фаол қисми бўлган тадбиркорларни «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатидек олийжаноб мақсадлар йўлида бошланган эзгу ишларда фаол бўлишга чақирди.

https://daryo.uz/k/2020/04/25/a-hayitov-saxovat-va-komak-umumxalq-harakatini-yolga-qoyilishi-xalqimiz-turmush-farovonligini-oshirishga-xizmat-qiladi-video/

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram