Мақсад —озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва халқ фаровонлигини ошириш
Айни дамда қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш долзарб масалага айланди. Шу боис мамлакатимизда ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга экспортни ошириш учун бор имкониятларни ишга солиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Табиийки, юртимизда коронавирус пандемияси келтириб чиқараётган инқирозга қарши курашиш шароитида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, томорқалардан йилига икки-уч маротабагача ҳосил олиш учун катта имкониятлар бор. Айниқса, мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш тизими самарали йўлга қўйилган.
Бу ҳақда гапирганда Президентимиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар қанчалик муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нега деганда давлатимиз раҳбари бугун аҳолини асосий озиқ-овқат турларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, озиқ-овқат нархи ва сифати уйғунлигини таъминлаш бўйича тиним билмай иш олиб бормоқда. Хусусан, республикамизда коронавирус инфекцияси аниқланган илк кунданоқ, вирус тарқалишини чеклаш, унинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди. Бир неча бор видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, мутасаддиларга ҳосил ва даромадни кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб шу йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидаМуҳтарам Президентимиз бу масалага алоҳида тўхталиб, аҳолини асосий озиқ-овқат турларига бўлган эҳтиёжларини қондириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Мазкур йиғилишда белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 216-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари билан биргаликда Асака, Ангор, Жарқўрғон, Зангиота, Китоб, Наманган, Олтинкўл, Самарқанд, Тойлоқ, Уйчи, Қува ва Янгийўл туманларининг томорқа ер участкасидан бир йилда икки-уч маротаба ҳосил етиштириш ва юқори даромад олиш тажрибасини намуна сифатида республиканинг бошқа ҳудудларига жорий қилиш чораларини кўриш вазифаси юкланди.
Бундан ташқари, ушбу қарорга мувофиқ Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли ресурслари ва грантларини жалб этиш чораларини кўриб, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялар раҳбарлари ҳамда маҳсулот етиштирувчилар учун мавзули ўқув-семинарлар ташкил қилади.
Мазкур ҳужжатнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, унга кўра деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларига ихтиёрий асосда бириктирилади. Айниқса, кластер ва кооперацияларга бириктирилган деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларига Президентимизнинг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.
Айтиш ўринлики, ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади. Шу боис давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан деҳқон ва фермерларга ички бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга экспортни ҳажмини ошириши учун ҳам барча масалалар ҳал қилиб берилди. Мақсад битта — иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборат.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ҳудудлардаги деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига экин экиш ҳолати ўрганилмоқда. Туманларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлари эса тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб, қайси турдаги экинларни экиш, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатаётир.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айни дамда барча юртдошларимиз об-ҳаво, иқлим инжиқликларига қарамай сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари етиштириб, оила эҳтиёжидан ортганини бозорга чиқармоқда. Зеро, халқимизда “Ерни боқсанг — ер ҳам сени боқади”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Замин ҳалоллик, эътиборни талаб қилади. Ким уни алдайман, деса, элни, ўзини алдаган бўлади.
Хулоса шуки, тажрибали фермерлар ва фидойи деҳқонлар ҳозирги шароитда сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан, энг аввало, ўзлари, қолаверса, жамиятимиз катта наф кўришини яхши билади. Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши ҳам уларнинг бугунги меҳнатига боғлиқ. Агар баҳорги экиш ишларини тезроқ якунласак, бозорларимизда маҳсулот кўп, нарх-наволар эса арзон бўлади.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари
http://xs.uz/uzkr/post/maqsad-oziq-ovqat-khavfsizligini-taminlash-va-khalq-farovonligini-oshirish