Ҳаётимизда катта аҳамиятга эга ҳужжат

Шу йил 22 апрель куни Президентимиз муҳим тарихий ҳужжатга имзо чекди. “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда прописка тизимидаги ортиқча муаммоларнинг ечими ўз ифодасини топган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади. Шу билан бирга фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади.

Аҳамиятли томони шундаки, ушбу фармон билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланади. Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.

Мазкур фармонда муҳим масалаларнинг ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Хусусан, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади.

Яна бир муҳим янгилик – 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди. Эътиборлиси, 1 сентябрдан бошлаб Тошкентда доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади. Умуман олганда, фармонга мувофиқ, яна бир қатор ўзгаришлар бўлмоқда.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш учун штамп босиш амалиётидан воз кечилади ва бу рақамлаштирилади;

Иккинчидан, солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси тақдим этилганда вақтинча рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;

Учинчидан, ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга олишни расмийлаштириш, рўйхатдан чиқиш идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилади;

Тўртинчидан, янги туғилган чақалоқлар ФҲДЁ органининг ўзида туғилиш ҳақидаги гувоҳнома бериш жараёнида отаси ёки онасининг яшаш манзили бўйича доимий прописка эга бўлади;

Бешинчидан, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилади;

Хулоса шуки, мазкур фармон билан прописка тизимининг ислоҳ этилиши республикамизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, ҳар бир фуқаро прописка олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса фуқароларимизнинг Конституцияда белгиланган эркинлик ва тенглик билан боғлиқ узвий ҳуқуқларни янада кафолатлаш имконини беради. Зеро, ушбу ҳужжат билан халқимизнинг буюк орзуси ушалди.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O’zLiDeP фракцияси раҳбари

http://uzlidep.uz/news-of-party/6343

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram