Мўъжиза ёнимизда, кўра билсак бас…

Ердан йилига икки-уч маротаба ҳосил олаётган деҳқонларимиз сони йил сайин ортиб бормоқда. Хўш, бу борада уларга яқин кўмакчи бўладиган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қандай ёрдам бермоқда?

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ердан самарали фойдаланиш, уларга амалий ёрдам бериш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида Республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Олимжон Алимардонов билан телефон орқали суҳбатлашдик.

–Баҳор деҳқон учун энг масъулиятли палла,– дейди О. Алимардонов.– Бугун ташлаган оқилона қадам йил давомидаги баракани таъминлайди. Ҳозирги мураккаб вазият деҳқонларимиздан ҳам, томорқа эгаларидан ҳам янада омилкорона, янада самарали меҳнат қилишни талаб этади. Кўпни кўрган халқимиз, томорқани хазинага қиёслайди. Ўзбек халқи йилига 2, керак бўлса 3-4 марталаб мўл ҳосил етиштирган деҳқонлари билан фахрланиб келган.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, бу йил юртимиздаги 4,5 миллион аҳоли томорқасидаги 432 минг гектар ерда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади. 126 минг гектар майдонга тўқсонбости усулида уруғ қадалган бўлса, 270 минг гектарга эрта баҳорги экинлар экилмоқда. Шунингдек, аҳоли хонадонларида 70 минг гектар токзор ва мевали боғлар мавжуд.

Қайд этиш керакки, бу йил тўқсонбости, сабзавот экинлари олдинги йилга нисбатан 30 фоиз кўп экилган бўлиб, айни вақтда янги маҳсулот бозорга чиқа бошлади. Сурхондарё вилоятидан эртанги карам, пиёз, картошка халқимизга етказиб берилмоқда, экспортга чиқарилмоқда. Плёнка остида экилган помидор, сабзи, пиёз ҳам бозорга чиқди. Аҳоли етиштирган маҳсулотларни ўз вақтида бозорга, истеъмолчиларга етказиб беришда кўмак берилмоқда. Карантинда транспорт қатновида муаммо бўлмаслиги учун барча зарур чоралар белгиланган. Маҳалланинг ўзида хонадонлардан маҳсулотни сотиб олиб, сотишни ташкил этиш, яъни “даладан дўконгача” тарзида ишлар олиб борилмоқда.

Пандемия туфайли деҳқонлар ва томорқа эгаларининг ташвишлари анча кўпайиб қолди. Улар меҳнат қилишдан ташқари кўчат, уруғ топиш ва уни қандай олиб келиш борасида ҳам қайғуриши шарт. Бу эса экиш ишларининг ўз вақтида бажарилишига тўсиқ бўлиши мумкин…

– Тўғри, ҳозирги шароитда, вилоят ва туманлар ораси ёпилгани туфайли аҳолида кўчатларни топишда муаммолар юзага келди. Уларни бартараф этишда биз ҳам камарбаста бўлиб, ИИВ ходимлари, вилоят ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорлик қиляпмиз. Ойнасига “Томорқа хизмати” ёзуви ўрнатилган юк машиналари махсус рухсатномалар билан бемалол қатнаб турибди.

Зарур уруғлик, кўчатлар етказиб бериш, техника, кимёвий ишлов хизматларига жойларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари доимо кўмакка тайёр. Имконияти чекланган хонадонларга фермерлар бириктирилмоқда.

Айни вақтда аҳоли томорқаларининг 80–90 фоизида экиш ишлари якунланган. Иссиқхонада картошка, сабзи, бодринг етиштириш билан бир вақтда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида тарвуз парваришлаш ҳам ўзлаштирилмоқда.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда томорқа ерларидан унумли фойдаланмаган фуқароларга жарима қўллаш борасидаги масала кенг муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақдаги фикрларингиз қандай?

–“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Уни томорқа ерлардан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарликни ошириш борасидаги янги модда билан тўлдириш таклиф қилинган. Бу масала кўриб чиқилмоқда.

Кенгаш кейинги икки йилда юзлаб илғор томорқачиларимизга пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар, энг зўрларига эса кўкрак нишони топширди. Ўтган йил якунида уларнинг сони салкам тўрт юз нафарни ташкил этди.
Ҳозирда 90 фоиз томорқа эгалари ўз ерларидан самарали фойдаланиб, 2-3 марталаб маҳсулот етиштиришнинг ҳадисини олди. Инқироз шароитида айрим томорқа эгаларининг била туриб, ерга совуқ муносабатда бўлишни оқлаб бўлмайди.

photo_2020-04-17_10-54-45.jpg

Белгиланиши кутилаётган маъмурий жавобгарлик, шу кунларда хам ўз дастурхонини тўкин қилишни ўйламаган дангаса ва ялқов кимсаларни ишга жалб этиш мақсадида амалга оширилаётгани тўғри чоралардан биридир.

– Айни вақтда вилоятларда сафарда экансиз, экин экмаган ер эгаларининг ўзига яраша важлари бўлса керак?

– Албатта, ҳамманинг ўзига яраша баҳонаси бўлади. Айримлари “ҳаво энди исиди-ку, ҳали экаманда” деса, бошқаси “ерни ҳайдашга вақт бўлмади”, Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикасида “шўрни энди юваман”, дейдиган томорқачилар ҳам учрайди. Булар фақат баҳона, шу хонадонларнинг қўшниси эккан экинлар кўкариб турганига гувоҳ бўласиз.

Тўғри, имконияти ночорроқ оилалар ҳам бор. Лекин улар камчиликни ташкил этади. Давлатимиз улар ҳақида қайғурмоқда.

Очиғи, баъзида сув муаммоси ҳам учрайди. Лекин, меҳнат қиламан деган инсон баҳона эмас, ечим қидиради. Бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Мисол учун, яқинда Деҳқонобод туманининг энг чекка қишлоғига бордик. Ўрта ёшдаги опа лалми ерда бир ярим тонна бодринг етиштирибди. Бунинг учун ҳандақда ёмғир сувини тўплаб, томчилатиб суғоришни йўлга қўйган. Бу ишбилармонга ҳаммамиз қойил қолдик.

Томорқаси бор одам қамбағал бўлиши қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?

– Бир сотих бўлса ҳам ери бор одам, иссиқхона қуриб олса, қамбағал бўлмайди. Томорқани мўъжиза, ишлаб чиқариш машинаси ёки фабрикасига ўхшатаман. Меҳр бериб, қарасангиз албатта, даромад бўлади.

Ҳар хил одамлар бор. Бировларнинг ҳовлисига борсангиз қувонасиз. Янгибозор туманида бир хонадонга кирдик. 60 ёшдан ошган онахон иссиқхонада меҳнат қилиб юрибди. 8 нафар фарзанди бор экан, ҳар бирида алоҳида иссиқхона. Онахон бодринг ва помидор етиштираётган эканлар. “Фарзандларимнинг меҳнаткашлигидан фахрланаман, аммо мен ҳам ҳаракатсиз туролмайман–да”, деди онахон кулиб.

Яна бир хонадонга кирсак, уй–жойлари чиройли қурилган, автомашина бор, томорқа ҳам яшнаб турибди. Уй эгасидан қаерда ишлайсиз деб сўрасак, “уйдаман” дейди, фарзандлари ҳақида қизиқсак, улар ҳам уйда экан. Қандай қилиб яхши тўкин яшайсиз десак, “мана томорқа бор–ку, етиштирган ҳосилимиз оиламизни обод қилади, ортиғини бозорда сотамиз, камига чорвамиз ҳам бор. Яна нима керак?” дейди.

Яна бир мисол, ўтган йили Жиззахда камбағал бир оилага ярим сотих иссиқхона қуриб берилди. Бу йил борсак, жуда хурсанд. Кўрилган фойдага яна бир сотих иссиқхона қурмоқчиэкан. “Олдин Россияда ишлаб келардим, энди кетмайман, ишларим жойида–ку”, дейди.

Деҳқончиликни бошлаган киши дастлаб тажрибасизликдан қийналиши мумкин. Лекин экин экишнинг ҳадисини олганидан кейин у меҳнатга шу қадар киришиб кетади-ки, ўз ҳам бундан баҳра олади. Чунки, ишхона уйининг олдида, бекорчи эмас, соғлом бўлади, даромад ҳам келиб туради.

Демак, ишлайман деган одамда истак бўлса бас. Ишламайман деган одам эса юзта баҳона топади, касалман дейди, сув йўқ дейди, шароитим, маблағим йўқ дейди.

Қайси маҳаллада экин экиш кўпайган бўлса, шу маҳалла одамлари бой яшамоқда. Одамлар томорқада мўъжиза яратмоқда. Дастурхони ҳам шунга яраша файз–баракали.

http://uza.uz/oz/society/m-zhiza-yenimizda-k-ra-bilsak-bas–17-04-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram