Бўкадаги кластер фаолиятининг тугатилишига вилоят ҳокимининг қандай алоқаси бор?
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг қарори билан, Тошкент вилояти Бўка туманида фаолият бошлаганига бир йил ҳам бўлмаган кластер фаолияти тугатилди.
2 март куни Kun.uz таҳририятига Бўка туманидан мурожаат келиб тушди. «MAXIM GOLD TEX» МЧЖнинг 100 фоиз таъсисчилигида ташкил этилган «Бўка агро кластер» ташкилотининг ишчи-хизматчилари Бўка туман ҳокимлиги ҳовлисида тўпланишгани, улар кластернинг ёпилаётганига норозиликларини изҳор қилишиб, туман ва вилоят мутасадди раҳбарлари билан мазкур масалани муҳокама қилиш ниятида эканликларини билдиришди.
Kun.uz ходимлари вазиятни ўрганиш мақсадида Бўка туманига борди ва даставвал кластер ходимларининг фикрини эшитди.
Ушбу видео 2020 йил 2 март куни тасвирга олинган.
«Мен бригадирман. Бўка ҳудудиданман. Кластерда ишлайман. Бизнинг кластерни иш фаолияти тўхтатилмоқда. Меҳнат қилиб қўйдик. Сабабини билиш учун бу ерга йиғилиб турибмиз. Шу масала бўйича вилоят ҳокими (Рустам Холматов) фикрини билмоқчимиз. Чунки ишларимиз яхши кетаётган эди», – дейди «MAXIM GOLD TEX» хизматчиси.
«Мана шу ерда одамлар турибди. Қишда бизда шўр ювиш бўлади. Ишчилар шу ишларни бажарган. Ғаллани иши деярли тугаган. Битта суспензия қилсак, етказиб оламиз. Ғалла ривожи зўр. Иш яхши кетаётганда тақа-тақ тўхтаяпти. Ғаллага дори сепишимиз керак эди…», – дейди кластернинг бошқа бир ходими.
«Мени ўйлантираётган нарса бошқа бир кластер келса, қўлимдаги болалар ишларни бажариб бўлган, уларга ойликни қаёқдан топиб бераман. Улар менинг уйимни бузиб юборади. 5-6 нафар сувчим бор, янги одам келиб, маошингни аввалги одамдан ол, деса, мен қаёқдан топаман. Мана қиши билан, ҳали туман, ҳали қор, юрибмиз-да даланинг ичида», – дейди кластернинг яна бир бригадири.
Кластер масъулларидан яна бирининг сўзига кўра, «MAXIM GOLD TEX»нинг кластерлик фаолияти тугатилса 590 киши ишсиз қолади. Янги кластер неча кишини иш билан таъминлай олиши эса ҳозирча номаълум.
«Ўтган йил баҳоридан буён – кластер иш бошлаганидан бери ишлаб келаётган ишчилар бор. Уларга ойликлар тарқатилди. Шартномалар тузилди. Ишимиз энди юришаётганда, кластер ёпиляпти. Нега қийналаётган вақтда фаолияти тўхтатилмаяпти-да, ишларни йўлга қўйиб олганда тўхтатилмоқда? Ҳосилга озгина қолди, икки ойдан сўнг буғдой ўрилади», – дейди ҳокимликка келган ишчи.
Туман раҳбари ишчилар ишсиз қолмаслигини таъкидламоқда
Шундан сўнг, туман ҳокими в.б. Низомиддин Аббосов бевосита кластер ишчилари билан мулоқот қилди.
Аббосов кластер ишчилари билан мулоқоти чоғида уларнинг ташвишланишида асос йўқлигини билдирар экан, «MAXIM GOLD TEX» ўрнига келадиган янги кластерда ўз иш ўринларини сақлаб қолишларини таъкидлади.
«Мана, маҳалла раислари билан биз келишиб олганмиз. Бўка туманида ишсизлик даражаси шундоқ ҳам юқори даражада. Шунинг учун хавотирланишга асос йўқ. Янги кластер келганда ҳам, ким қайси ишни бажарган бўлса, эски кластерда худди шу вазифага олиниши таъминланади.
Сизларни ишсиз қолдириб, бошқа ҳудуддан ёки бошқа ишчиларни ёллашга йўл қўйилмайди, хавотир олманглар», – деди туман ҳокими в.б. Низомиддин Аббосов.
Вилоят ҳокими Рустам Холматовнинг мантиқсиз позицияси: туманга қўшимча пул бермаган кластердан – у ким бўлишидан қатъий назар ерни қайтариб олиб қўямиз!»
Шу куни туман ҳокимлигида Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва собиқ фермерлар ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Бир йил муқаддам ерлари олиниб, кластерга бериб юборилган собиқ фермерлар ушбу ерлар яна захирага олинганидан хабар топиб, ҳокимликка тўпланишганди.
Вилоят ҳокими улар билан учрашувда «MAXIM GOLD TEX» МЧЖнинг кластер фаолияти тугатилиши масаласига тўхталди.
«Мана Қуйи Чирчиқдаги кластерни биласизлар-а? 30 млрд [сўм] туманнинг ижтимоий муаммоларига [ҳал қилиш учун] боғчаларга, мактабларга, йўлга, сувга пул берди. Бўкага келаётган кластер ҳам Худодан қўрқадиган, президентимиз сиёсатини тўғри тушунадиган, сизлар билан биргаликда ишлайдиган, қўшимча пул сарфлайдиган одам (тадбиркор) келяпти.
Пул сарфламаса, президентимизнинг топшириқлари бор, ким бўлишидан қатъи назар, ерни қайтариб олиб қўямиз. Мана, Бўканинг кластери қанча техника олди, нималар қилди, билмадим, қанча харажат қилди? Қойил қилмадими, энди бошқа тадбиркорлиги ҳисобига қоплайди», – деди Рустам Холматов.
Вилоят раҳбарининг бу позицияси вилоятда иш бошламоқчи бўлиб турган бирор тадбиркор у ёқда турсин, ҳар қандай ақли бутун фуқарони ўйлантириб, таъбир жоиз бўлса қўрқитиб қўймайдими? Р.Холматовнинг “президент топшириғи” ниқоби остида мажбурий ҳомийликни назарда тутувчи талаби амалдаги қонун ҳужжатларига зид эмасми?
Бинобарин, “Ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, ҳомийлик юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни, шу жумладан пул маблағларини қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдами эканлиги назарда тутилади.
Вилоят ҳокимининг талабидан келиб чиқиладиган бўлса, вилоятда кластерлик фаолиятини йўлга қўйиш учун тадбиркорлар муайяан ставкадаги ҳомийликни амалга оширишлари шарт! Бўлмаса уларга ер берилмайди!
Юқоридаги фикрлар ўз-ўзидан навбатдаги хулосани келтириб чиқармоқда. «MAXIM GOLD TEX»дан олиб қўйилган ерлар янги кластерга берилди. Демак, янгиси ҳам ихтиёрий-мажбурий ҳомийлик қилиши керак, устав мақсадларида кўзда тутилмаган туман инфратузилмаси учун пул сарфлаши керак, акс ҳолда, вилоят ҳокими мантиғидан келиб чиқилса, ундан ҳам ер олиб қўйилади, шундайми?
Республика комиссияси баёнида нима дейилган?
Kun.uz’га маълум бўлишича, 2020 йил 19 февраль куни қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган.
Йиғилишнинг 2020 йил 21 февралдаги (№01-03/1-177) баёнида таъкидланишича, фермерлар томонидан топширилган пахта хомашёси учун якуний ҳисоб-китоблар 2019 йилнинг 31 декабрига қадар тўлиқ амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, баъзи пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2019 йил ҳосилидан етказиб берилган пахта учун якуний ҳисоб-китоблар якунига етказилмаган.
«Бу бўйича зарур топшириқлар берилганига қарамасдан, бугунги кунда ҳам 28та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 2019 йил пахта ҳосили якуний ҳисоб-китобидан 181 млрд сўм қарздорлик бугунгача фермер хўжаликларига тўлаб берилмаган.
Бундан ташқари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат
томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2019 йил пахта ҳосилини
етиштириш харажатларини молиялаштириш учун пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган 3,8 трлн сўм имтиёзли кредитнинг белгиланган график бўйича қайтариш муддатидан ўтган қарздорлиги 975 млрд сўмни ташкил этади. Бунинг натижасида, 2020 йил пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун маблағлар борасида узилишлар юзага келмоқда.
Энг ачинарлиси, айрим пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан чет элда
ишлаб чиқарилган, сервис хизмати ва эҳтиёт қисмлари таъминоти йўлга қўйилмаган техникалар, шунингдек, яроқсиз ва самараси паст бўлган кимёвий воситаларни сотиб олиш учун ноўрин қилинган харажатларнинг барчаси охир-оқибат пахтадан даромад олишни ният қилган фермер хўжаликларининг гарданига тушмоқда», дейилади Республика комиссияси баёнида.
Йиғилиш қабул қилган қарорнинг 2-қисмига асосан, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини баҳолаш ва натижадорлигини ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб Бўка туманидаги «MAXIM GOLD TEX» МЧЖнинг пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер шаклидаги фаолиятини тугатиш тўғрисидаги таклиф маъқулланган.
Келинг, энди “MAXIM GOLD TEX” МЧЖ кластери вакиллари бу борада қандай фикрда эканига қизиқсак?
Йиғилишда янграган ҳамда вилоят ҳокимининг 2020 йил 2 март куни кластерга нисбатан билдирган эътирозлари қай даражада асосли эканини билиш мақсадида«MAXIM GOLD TEX» МЧЖ вакилларининг изоҳини олдик. Жамият расмийлари бунга жавобан 2020 йил 6 февраль санаси билан давлат ҳокимияти идораларига йўллаган арзномаларини тақдим этди.
Унда таъкидланишича, ҳукуматнинг 2018 йил 19 ноябрдаги 744-сонли қарори 1-иловасига мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб Бўка туман «MAXIM GOLD TEX» МЧЖга бириктириб берилган.
«Бўка туман ҳокимининг 2019 йил 20 февралда қабул қилинган 1198-сонли қарорига биноан, 2019 йилда давлат эҳтиёжлари учун туман бўйича жами 13300 гектар ер майдонига чигит экиш ва ҳар гектар пахта майдонидан ўртача 26,8 центнердан жами 35600 тонна пахта хом-ашёси етиштириш белгиланган. 2019 йил якунлари бўйича жамият белгиланган режанинг 80 фоизи, яъни 27800 тонна пахта хосилини етиштиришга эришган. Бу – Бўка тумани бўйича охирги 14 йил ичидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади», – дея таъкидланади мурожаатномада.
МЧЖ мурожаатномасида кластерга пахта топширган фермер хўжаликларига 13,2 млрд сўм миқдорида якуний ҳисоб-китоблар ва тўловлар амалга оширилгани, жорий қарздорлик 15 млрд сўмни ташкил қилиши ва февраль ойи якунлари билан ушбу қарздорлик тўла тўлаб берилиши режалаштирилаётгани айтилган.
«2019 йилда кластер фаолияти давомида жами 1000дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди ва давлат бюджетига 2 млрд сўмдан зиёд солиқ тўловлари тўлаб берилди.
2019 йил пахта тадбирлари учун 20,3 млрд сўмлик қишлок хўжалик техникалари, жами 37,7 млрд сўмлик минерал ўғитлар сотиб олинди, шундан 22,9 млрд сўми корхона тижорат кредитлари ҳисобидан молиялаштирилди.
2019 йил пахта ҳосилини етиштириш учун жами харажат суммаси 101,1 млрд сўмни ташкил қилди ва 2019 йил якуни бўйича жами 122,7 млрд сўмлик пахта хом-ашёси қабул қилиб олинди. Натижада 2019 йил 21,6 млрд сўм фойда билан якунланди ва 2019 йилда 1 тн пахта хом-ашёси ҚҚСни ҳисобга олмаган 3.628.202,49 сўмни ташкил қилган», дейилган мурожаатда.
Қўшимча қилиш жоиз, МЧЖ ўз мурожаатида кластер фаолиятини ташкил қилиш асносида эришилган қуйидаги натижаларни санаб ўтган:
1. 2020 йил «MAXIM GOLD TEX» МЧЖ ўз иш қувватини кунлик 15 тонна ип йигиришдан 25 тоннага оширишга эришди.
2. 2020 йил март-апрель ойларида қуввати кунлик 25 тоннани ташкил этадиган «VOBKENT TOLA KLASTER» МЧЖ ип йигирув фабрикаси ўз фаолиятини бошлайди.
3. 2019 йил Олмалиқ шаҳрида қуввати 1,5 млн дона жинси кийимлари тикувчи ва 600 иш ўринли «VINTAJ DENIM» МЧЖ фабрикаси фаолият бошлади.
Дарвоқе, «MAXIM GOLD TEX» вакилининг маълум қилишича, юқоридан босимлар бошлангач уларнинг “тилини қисиб қўйиш” мақсадида прокуратура органлари томонидан корхона мансабдор шахсларига нисбатан 2019 йилнинг ёз ойларида жиноят иши қўзғатилган. Лекин тергов якунига етмаган ва унинг натижалари маълум қилинмаган.
Kun.uz га маълум бўлишича, «MAXIM GOLD TEX» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарори Тошкент вилоят прокуратураси томонидан бекор қилинган экан.
Табиийки, кластер тизими бу янги соҳа. Ташкил этилганига ҳам кўп бўлмаган. Президент катта умид ва ишонч билдираётган бу тизим ҳали “кўз очиб” улгурмасидан маҳаллий ҳокимликлар томонидан тазйиқ ва таъқибларга учрамоқда.
Бу жараёнларнинг яна бир муаммоли жиҳати мавжуд. Пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқаришни интеграция қилишни назарда тутувчи ривожланишнинг кластер модели жорий этилганига икки йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳалигача ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган.
Толиб Раҳматов
Дилшод Абдуқодиров