Республика ишчи гуруҳи Хоразмда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги экин экиш ҳолатини ўрганди
Аввалроқ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги экинларни экиш ҳолатини ўрганиш мақсадида ҳудудларда юргани ҳақида хабар берган эдик.
Чунончи, карантин вақтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш, ички бозорда нарх-наво ошиб кетмаслиги кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимиз, кичик бўлсада, тадбиркорлик билан шуғулланишимизга боғлиқ. Зеро, ҳозирги шароитда аҳолини сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан таъминлаш энг устувор масалалардан бири саналади.
Хоразм вилоятининг Боғот, Хонқа ва Хива туманларида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар жуда кўп. Ҳозирда улар ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, йилига икки уч маротабагача ҳосил оляпти. Бу борада айниқса,боғотликлар катта тажриба тўпланган.
Ишчи гуруҳ аъзолари Хоразм вилоятидаги учрашувини Боғот туманидаги деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги экинларни экиш ҳолатини ўрганишдан бошлади. Тумандаги “Нурафшон” шаҳарчаси аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида фуқароларнинг ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланаётганига гувоҳ бўлишди.
Мазкур шаҳарчада 1 минг 312 та хонадон истиқомат қилади. Ҳудуддаги деярли ҳар бир хонадонда 1 ёки 2 тадан ихчам иссиқхоналар ташкил этилган.
Нурафшонлик Баҳром Бекчанов ўз хонадонининг 4 сотих майдонида иссиқхона қуриб, помидор, бодринг ва кўкатлар етиштириб келмоқда. Даромад ҳам ёмон эмас, йилига 55 млн сўм миқдорида соф фойда оляпти.
Хасан Якубов ҳам айни экин-тикин мавсуми фурсатни қўлдан бой бермай, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб келаётган томорқачилардан. Айни чоғда у 4 сотихлик иссиқхонадан йилига 40-45 млн сўм даромад олмоқда. Шу билан бирга қўшимча дала томорқасида ҳам карам, картошка ва бошқа маҳсулотлар етиштириб, 30 млн сўм фойда оляпти.
Учрашувлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари Президентимиз раислигида озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳақида маълумотлар беришди.
Тумандаги “Деҳқонбозор” қишлоғида шундай бир маҳалла борки, ундаги ҳар бир хонадон узум етиштиришда илғор. Номи ҳам ўзига мос бу “Узумзор” маҳалласидаги Х.Жуманиёзов қўшимча дала томорқасида кўп йиллардан буён узум етиштиради. Йилига узумзордан 30-35 млн сўм даромад олаётган қаҳрамонимиз томорқадан ҳам унумли фойдаланиб, 2 сотих иссиқхонасида помидор, бодринг, булғор қалампири парваришлаб келмоқда. Рўзғордан ортганини бозорга сотиб, яхшигина фойда кўряпти.
Кейинги манзил Хива тумани “Парчанхос” МФЙда яшовчи О.Аллабергановнинг хонадони бўлди. Айни дамда хонадон эгаси 30 сотихлик иссиқхона қуриб, помидор, бодринг ва булғор қалампири кўчатларини етиштириш билан бирга 40 турдан ортиқ гул ва мевали дарахт кўчатларини етиштириб келмоқда.
Шу куннинг ўзида карантин даврида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида О.Аллаберганов иссиқхонасида етиштирилаётган помидор, бодринг ва булғор қалампири кўчатлари маҳалладаги хонадонларга етказиб берилди.
Мазкур учрашувлар чоғида ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Сабча” МФЙда жойлашган “Шомақулум олтин замин” корпоративи очилишида ҳам иштирок этишди. Бу ердаги 15 гектар ерда мевали боғ барпо этилган. Дарахтлар оралиғидаги бўш ерларга полиз экинлари экилиб, “Сабча”, “Шомоқулим” ва “Варағзон” маҳаллаларидаги 50 та кам таъминланган оилаларга бўлиб берилган. Келгусида ушбу корпоратив оилалар даромадини оширишга хизмат қилади.
Суҳбат ва мулоқотлар давомида бугун айни экин-тикин мавсуми эканлиги, шу боис фурсатни қўлдан бой бермай, бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмаслик кераклиги таъкидланди. Мавжуд муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзолари Хонқа туманида ҳам бўлиб, тадбиркор, фермер ва томорқачилар билан мулоқот қилди.
Мавлон ота Бектурдиев тумандаги “Дурвадик” маҳалласида яшайди. Ҳозир нафақада бўлишига қарамай 5 сотих томорқасини гуллатиб қўйибди. Мулоқотлар жараёнида отахон озроқ бўш ери борлигини, шунга булғор қалампири ёки карам кўчати экмоқчи эканини айтди. Ишчи гуруҳ аъзолари эса бу масалани жойида бартараф этди.
“Гулистон” маҳалласида яшовчи Жонибек Раҳмонов хонадонидаги 5 сотих ерда полиз экинларини эккан. Аммо имконияти етмагани сабабли томорқанинг бир қисми бўш қолган. Партия вакиллари томонидан хонадон эгасига помидор, булғор қалампири ва бошқа кўчатлар етказиб берилди.
Республика ишчи гуруҳининг аҳоли томорқаларига баҳорги экинларни экиш бўйича ҳолатларини ўрганиш жараёнлари давом этмоқда.
O’zLiDeP матбуот хизмати