Фермер хўжаликлари тарқатилиши, кластерлар ва лизингга боғ…
Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида халқ дилидаги эзгу ниятлар, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида алоҳида тўхталиб, топилиши керак бўлган ечимлар ва вазифалар раҳбарларга белгилаб берилди.
Аҳолининг кўп қисми қишлоқларда яшашини ҳисобга оладиган бўлсак, аграр соҳанинг иқтисодиётимиз ривожи, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлашдаги ўрни ўзига хос. Шундай экан келгусидаги режалар ҳақида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Тўлқин Сатторов билан суҳбатлашдик.
– Президентимиз фермерлар мени таянчим, дея таъкидлаганларида ҳаммамиз хурсанд бўлдик, қувондик, – дейди Т.Сатторов. – Бу эришилаётган ютуқларда оддий деҳқоннинг ҳам ҳиссаси, ўрни борлигидан далолат. Шу кунга қадар қилинган ишларни энди янада юқори поғонага кўтаришга интиламиз. Хабарингиз бор ўтган йилда ғалла нархларининг эркинлаштириш борасидаги ўзгаришлар фермерларга янгича кайфият берган эди. Ахир унга қадар, фермер ўзи етиштирган маҳсулотни чегараланган нарх-навода сотар, ундан ортиқ фойда кўрмас эди. Энди эса мулкдорларнинг ерга бўлган муносабати янада чуқурлашади. Чунки, қанча яхши ишлаб, мўл ҳосил етиштирса, шунча кўп фойда олади.
– Мурожаатномада пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига ўтилиши айтилди.
– Бу ишлар босқичма-босқич бажарилади ва яхши самара беради. Агар шундай қилинмаса, фермерларимиз эркин бўлмайди ва манфаатдорлиги ҳам ошмайди. Агар солиштирадиган бўлсак, бир гектар пахта етиштиргандан бир гектар боғ қилган одам 3-4 баробар кўп даромад кўради. Сабзавот эккан ҳам кўпроқ фойда кўради.
– Халқимиз узоқ йиллар давомида давлат учун пахта етиштириш билан шуғулланган. Айни вақтда томорқа эгасидан бошлаб, фермерлар назарида ҳам пахта давлат монополиясидан чиқарилди деган тушунча юзага келди. Бу аслида ҳам тўғрими?
– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бу ҳақида тўхталиб ўтилган эди. Албатта, жараён изчилик билан босқичма-босқич олиб борилади. Кузатадиган бўлсак, пахта сотиб олиш борасида кластерлар буюртма беришни бошлади. Энди давлат эмас, кластерлар пахта хомашёсини харид қилмоқда. Яқин йилларда мева-сабзавот, шоличилик, чорвачилик, ипакчилик кластерлари ҳам ташкил этилади.
Ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, уларда давлат буюртмаси йўқ. Мулк эгаси ўзига ёққан экин турини етиштириб, истаган ташкилотига сотиш ҳуқуқига эга. Мисол учун, АҚШда қанча пахта экилди, деган статистика юритилмас экан.
Бизнинг яқин йиллардаги устувор мақсадимиз пахтани хомашё ҳолида эмас, қайта ишлаб тайёр маҳсулот шаклида сотиб, бир неча баробар кўпроқ фойда олиш. Кластерлар унинг хариди билан шуғулланаётган бўлса, фермердан хомашёни давлатга нисбатан қимматроқ олади. Бу фермернинг манфаатдорлигини ошишига хизмат қилади.
– Дарҳақиқат қисқа фурсатда кластер тизими оммалашмоқда. Мурожаатномада ҳам барча тизимларда бу усул қўлланилиши айтилди. Бу келажакда фермер хўжаликларининг тугатилишига олиб келмайдими?
–Хабарингиз бор, бизни шароитда кластерлар икки хил. Биттаси пахтани ўзи етиштириб, қайта ишлаб, ўзи экспорт қилмоқда. Иккинчи шаклидаги эса фермерлар билан шартнома тузиб, ҳамкорликда ишламоқда. Бунда етиштирилган хомашё учун олдидан аванс тўлайди ва харид қилиб, қайта ишлайди. Энди бизнинг режамизга кўра, 2022 йилга бориб, фермерларнинг ҳаммаси кўп тармоқлига айланди. Бу дегани фермерлар кластерлар билан рақобатлаша олади, керак бўлса улардан кучли бўлиши керак.
Яна бир гап. Ҳозир кластерлар янги, энди оёққа турмоқда. Уларга тумандаги фермерлар бириктириб қўйилмоқда. Кредитлар берилмоқда. Келгусида бундай бўлмайди. Ҳар бир мулкдор ўзига ёққан, пулни ўз вақтида тўлаб берадиган кластерлар билан шартнома қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
– Жамғарма икки йилдан буён кўплаб томорқа эгаларига кредитлар берганидан хабаримиз бор. Билишимизча, энди лизинг хизматлари кўрсатилаётган экан. Бу қандай тартибда амалга оширилади?
– Йирик лизинг ташкилотлари йирик фермерларга, биз эса томорқа эгаларига ёки бошқа мулкдорларга минитехникалар, мотокультиваторлар етказиб берамиз. Ҳозирча ҳар бир вилоятга бир миллиард сўм ажратилган, фуқаролар мурожаат қилса кўриб чиқамиз.
Бунинг учун жамғарманинг вилоятдаги вакилига мурожаат қилган шахс қайси корхонадан қандай техника олишини айтса, биз ана шу корхонага пулни ўтказиб берамиз. Жорий йилдан боғларни лизингга бериши режалаштирилган.
Баъзи туманларда фойдаланилмай турган ерлар бор. Ана шундай майдонлардан 50-100 энг камида 10 гектар ерни олиб боғ яратамиз. Талабларга кўра, кейин уларни бир, икки гектардан аҳолига лизинг асосида берамиз. Тўғриси, боғ қилмоқчи бўлган одамлар бор, лекин ташландиқ ердан боғ қилишига қийналади. Тайёр боғ, агроном хизмати билан бирга бўлса, янада қулайлик ахир.
Бунда лизингга олинган ернинг ҳар гектари учун 100 миллион харажат қилинган бўлса, 30 фоизи олдиндан тўланади. Қолгани 3 йилда қоплаб берилади. Бу тажрибани иссиқхоналар шаклида ҳам қилиш мумкин. Янгийўлда 20 гектарда иссиқхона қурилди. Ушбу майдондаги 300 яқин кичик иссиқхоналар аҳолига бўлиб берилади.
http://uza.uz/oz/society/fermer-kh-zhaliklari-tar-atilishi-klasterlar-va-lizingga-bo–30-01-2020