Нега мулкдорлар кластерлардан ўз ҳақини вақтида ололмаяпти?

Нега мулкдорлар кластерлардан ўз ҳақини вақтида ололмаяпти?

Шу кунларда кластерлардан ўз ҳақини вақтида ололмаётгани учун шикоят қилаётган мулкдорлар сони ортиб бормоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан олинган тезкор маълумотларга кўра, пахтачилик кластерларининг 2019 йил пахта хом ашёси етиштириш учун фермер хўжаликларидан якуний ҳисоб-китоби бўйича умумий қарздорлиги 897,8 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
— Бу рақамларни ҳудудлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, ҳамма жойда муаммолар мавжуд, — дейди кенгаш бўлим бошлиғи Нажмиддин Мирабдуллаев. — Мисол учун, Андижон вилоятида 57,8 миллиард, Бухоро вилоятида 179,7 миллиард, Наманганда 67,9 миллиард, Фарғонада 79,7 миллиард сўм шулар сирасидандир. Шунингдек, ажратилган ресурс маблағларини пахта тўқимачилик кластер корхоналари бошқа йўналишларга сарфланаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу сабабли юзага келаётган муаммоли масалаларни ўрганиш учун вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари бошчилигида иш гуруҳлари ташкил этилмоқда.
Кенгашда амалга оширилаётган бу каби чоралар туфайли фермерларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.
— Туманимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари манфаатини кўзлаб, туманда пахтачилик кластери ташкил этган “Алёртекс” қўшма корхонасига нисбатан январь ойида Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритдик, — дейди Жалақудуқ тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Д.Аҳмедов — Сабаби, фермер хўжаликлари топширган 16704,9 тонна пахта хом ашёси учун маблағ тўлаб берилмаган. Шу боис биз асосий суммани ва жарима ундириш бўйича даъво аризаси бердик. Айни вақтда эса Хўжаобод туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан “Алёртекс” қўшма корхонаси тумандаги 210 пахтачилик фермер хўжаликларига асосий маблағни ва жаримани тўлаб берадиган бўлди.
Қайд этиш керакки, 2019 йилда Кенгаш ҳуқуқшуносларининг бевосита амалий ёрдами билан қарийб тўрт мингта фермер хўжалигининг тайёрловчи ташкилотлардан ҳақларини ундириб бериш бўйича судларга даъво аризалари киритган бўлиб, 2 минг 400 ортиғи қаноатлантирилган. Шунингдек, қариб тўққиз мингта фермер хўжалигининг ҳақларини ундириб бериш бўйича қарздор ташкилот ва корхоналарга киритилган талабномаларнинг қарийб уч мингтаси қаноатлантирилган.
ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ, “кластер“ сўзи инглизча “тўплам“ деган маънони билдиради. Иқтисодда у бирон маҳсулотни ишлаб чиқариш учун бир неча мустақил компаниялардан ихтиёрий равишда тузилган бирлашмага айтилади.
Яъни, пахта саноатида, масалан, пахта экилишидан тортиб то у тайёр маҳсулотга айлантирилгунга қадар ўзаро бирлашган компаниялар: фермер хўжалиги, пахта заводи, тўқимачилик корхоналари кабилар бирга ишлайди.

http://uza.uz/oz/society/nega-mulkdorlar-klasterlardan-z-a-ini-va-tida-ololmayapti-10-02-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram