Ўзбекистонда жунни қайта ишлаш корхонаси қурилади

Ўзбекистонда жунни қайта ишлаш корхонаси қурилади

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани чорвачиликка ихтисослашган. Туманда яшаётган аҳоли асосан майда шохли чорва моллари боқиш билан шуғулланади.
Ҳудуддаги кенг яйлов ва лалми ерлар бунга замин яратади. Қўй боқилаётгани яхши. Бироқ бугун чорвадорларни қийнаётган бир муаммо бор. Қўйлардан олинаётган жун маҳсулотлари чиқиндига чиқариб ташланади. Сабаби вилоятда ушбу маҳсулотни қайта ишлайдиган бирорта ҳам саноат корхонаси йўқ. Чорвадорларнинг бу муаммоси нафақат Деҳқонободда балки, қўйчиликка ихтисослашган барча ҳудудларда мавжуд.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташаббуси билан россиялик ҳамкорлар иштирокида туманда жунни қайта ишлайдиган корхонанинг барпо этилиши мазкур муаммони бартараф этишга хизмат қилади.
Россиялик ҳамкорлар иштирокида ўтказилган семинар ва давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

photo5260531714747378582.jpg

Тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Деҳқонобод тумани ҳокимлиги, Россиянинг “FREYOL — UNITY” корхонаси вакиллари, Бухоро, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, чорвачиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
– Корхонамиз жун маҳсулотларини қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга, – дейди “FREYOL — UNITY” масъулияти чекланган жамияти вакили Рашид Исгилов. – Юртингиздаги қўйлардан олинадиган жун маҳсулоти ўзининг сифатлилиги билан ажралиб туради. Шу боис жунни қайта ишлаш борасида ҳамкорлик қилишни режалаштирдик. Мана бугун Деҳқонобод туман ҳокими билан келишувга эришдик. Корхона қурилиши учун жой ҳам белгиланди. Яқин кунларда лойиҳалаштириш ишлари якунланади. Корхона қурилишини бошлаймиз.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бугунги кунда Республикамизда 20 миллиондан ортиқ қўй ва эчкилар боқилади. Қирқим даврида уларнинг ҳар биридан 2-3 килограмгача жун олинади. Уни қайта ишлаш эса чорвачилик соҳасида ниҳоятда катта иқтисодий самарадорлик келтиради.
– Ушбу лойиҳа бу йўналишдаги ишларимизнинг дебочаси, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Олим Алимардонов. – Келгусида томорқачилик, паррандачилик, куркачилик бўйича ҳам кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Биргина ўтган йилнинг ўзида кенгаш томонидан Деҳқонобод тумани аҳолисининг томорқасини ривожлантириш учун 1 миллиард 200 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Чунки Деҳқонобод туманида жорий йилдан “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилади. У орқали паррандачилик, боғдорчилик, чорвачилик йўналишидаги лойиҳалар учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилади.
Келишувга кўра, жунни қайта ишлайдиган корхона учун туманнинг Бешбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан жой ажратилди. Бир ой муддат ичида лойиҳалаштириш ишлари якунланиб, корхона қурилиши бошланади. Йил охирига қадар корхона фаолияти йўлга қўйилиши мўлжалланмоқда. Корхонада 80 киши иш билан таъминланади.

http://uza.uz/oz/society/zbekistonda-zhunni-ayta-ishlash-korkhonasi-uriladi-20-01-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram