Мурожаатномада белгиланган вазифалар амалда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини ислоҳ қилиб, аграр соҳанинг бошқа тармоқларига ҳам, арзон кредитлар ажратиш йўлга қўйилади”, деб таъкидлаб, эндиликда боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, қоракўлчилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларга ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш Жамғармаси томонидан имтиёзли кредитлар ажратилишини маълум қилган эди.
2020 йил 29 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4576-сонли қарори эълон қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ “Табдиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” (кейинги ўринларда -Жамғарма) ҳисобидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича, шу жумладан чорва комплекслари қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 млрд сўмгача миқдорда кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига копенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдрида кафиллик бериш, шунингдек Жамғарма томонидан кичик бизнес ва тадбирокрлик субъектларига эквиваленти 20 млрд. сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизигача, 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдордаги банк кредитлари фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг таклифларига розилик берилган.
Энг қувонарлиси, ушбу қарорга мувофиқ 2020-2021 йилларда чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидиялар берилиши белгиланди:
– республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолларнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида;
– хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорда;
“Ўзбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан интенсив усулда етиштирилган ҳар бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган бир дона наслдор она балиқнинг 3,5 млн. сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида;
“Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлик харажатларнинг 9 минг сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида субсидиялар ажратилади.
2020 йилда сотиб олинадиган наслдор:
а) Қорамоллар учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси:
Республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олиш учун 10 млрд. сўм миқдорида;
Хорижий давлатлардан импорт қилиш учун 40 млрд. сўм миқдорида;
б) қўй ва эчкиларни импорт қилиш учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси 6 млрд. сўм миқдорида белгиланди.
Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги мазкур муҳим қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги ижросидир.
Давлатимиз томонидан ажратиладиган субсидиялар эса давлат томонидан фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга берилган мукофот – рағбат ҳисобланади. Ушбу субсидиялар қайтарилмайди, бу маблағлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, озуқалар, эҳтиёт қисмлар сотиб олиш ва бошқа зарур харажатларни қоплашда фермерлар ва тадбиркорлар учун давлат томонидан берилган имкониятдир.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бош мутахассиси, қ.х.фанлари номзоди Ҳ.Ғиёсов
30 январь 2020 йил