Суд Пахтачи туман ҳокими қарорини бекор қилди: фермернинг ери қалбаки ҳужжат билан олиб қўйилган

Ушбу ҳолат Пахтачи туман маъмурий суди У.Ҳабибов раислигида ўтган суд мажлисида кўриб чиқилди.

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, «Фазенда Абдулла Амиртош» фермер хўжалиги туман ҳокимининг 2019 йил 21 январь кунидаги қарори билан тугатилиб, ерлари захирага олинган.

Фермер хўжалик раиси А.Ташев эса туман маъмурий судига ушбу қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида мурожаат қилган.

Ер майдони 10 гектардан ортиқ мазкур фермер хўжалиги 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, паррандачилик фаолияти билан шуғулланиб келган. 2019 йилда эса Пахтачи туман ҳокимлиги фермер хўжалигининг аризачининг «ўз қарори ва аризаси»ни асос қилиб тугатиш ва ерларини захирага қайтариш бўйича қарор чиқарган.

А.Ташев эса ҳеч қанақа ариза ёзмагани, хўжалик қарорини чиқармагани, ҳокимлик фермер хўжалик раиси номидан қалбаки ҳужжат тайёрлагани ва ана шу ҳужжат асосида ноқонуний қарор чиқарганини маълум қилган.

Суд фермернинг 2019 йил 15 январдаги қарори ва аризасида қўйилган имзолар масаласини ҳал этиш учун хатшунослик экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги ажрим қабул қилади. Уни ижро этиш учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Самарқанд вилоят бўлимига юборади.

Суд экспертизаси хулосасида ҳақиқатдан ҳам имзолар қалбаки экани ойдинлашади. Шундан сўнг, Пахтачи тумани ҳокимининг 2019 йил 21 январдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, фермернинг ҳуқуқлари тикланадиган бўлди.

https://kun.uz/18025630

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram