Сув тежовчи илғор технологияларни жорий этиш кенгаяди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қишлоқ ва сув хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилишни кескин ошириш тўғрисидаги муҳим ва истиқболли  вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, Мурожаатномада “2020 йилда 44 минг гектарда ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этамиз. Бунинг учун давлат бюджетидан 300 миллиард сўм субсидия ажратилади”, деб айтди Президентимиз.  

Бугунги кунда иқлими иссиқ, қурғоқчил республикамизда қуйидаги сув тежовчи технологиялар қўлланилмоқда:

Томчилатиб суғориш технологияси – 2019 йилда республика бўйича жами 35 минг гектар майдонда, жумладан пахтачиликда 11,7 минг гектарда жорий этилган. 2020 йилда 25,8 минг гектар ғўза майдонларида жорий этиш режалаштирилган.

Мисол учун, мазкур технология Сирдарё туманидаги “Peng Sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг 140 гектар пахта майдонларида жорий қилинган.

 Ёмғирлатиб суғориш технологияси – ўтган йилиреспублика бўйича 1122 гектар майдонда жорий этилган. 2020 йилда 1521 гектар майдонда жорий этилади. Ушбу технологияни жорий этган тадбиркор ва фермерларга ҳар бир гектарига 4 млн. сўмдан субсидия берилади.

http://www.water.gov.uz/public/photos/1/5d233d5e5ae17.jpg

“Агровер” МЧЖнинг 1,5 минг гектардан зиёд картошка майдонига ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилган бўлиб, гектаридан 45 тоннадан ошириб ҳосил олишга эришиляпти.

Дискретли ёки Пулсар суғориш технологияси (кўчма эгилувчан пластик қувурлар ёрдамида суғориш). Бу технология 2019 йилда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 2 минг гектар майдонда жорий этилган. 2020 йилда 3560 гектар майдонда жорий этилади. Бу технологияни жорий этган фермер хўжаликларига ҳар бир гектарига 1 млн. сўмдан субсидия берилади.

Юқори самарадор Пульсар (ёпиқ қувур орқали)суғориш технологияси Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Silverleafe BMB Agro Trade Group” Ўзбекистон-Америка қўшма агрокластерининг 11 минг 300 гектар ер майдонида жорий қилинган.

Шунингдек республикамиз фермер хўжаликларида сув тежовчи технологиялардан “Лазер” мосламалари ёрдамида ерларни текислаш, Тупроқ  остидан  суғориш  технологияси, Гидрогель гранулаларидан фойдаланиш технологияси ва эгатларга плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.10.2019 йилдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499-сон қарорига мувофиқ 2020 йилда пахтачиликда 24,8 минг гектар, боғдорчиликда 11,4 минг гектар, узумчиликда 4,9 минга гектар ва бошқа тармоқларда 2,9 минг гектар майдонларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш прогноз топшириқлари белгиланган.

Мазкур қарорда сув тежовчи томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва кластерларига ҳар бир гектарига 8 млн. сўмдан, боғдорчиликда 6 млн. сўм, полиз маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликлари ва кластерларга ернинг балл бонитетига қараб 880 минг сўмдан 1200 минг сўмгача, озуқа етиштирувчиларга эса 1,2 млн. сўмдан 2,8 млн. сўмгача, узумчиликда эса 6,4 млн. сўмдан 9,6 млн. сўмгача субсидиялар бериш кўзда тутилган.

Бундан ташқари мазкур қарорга мувофиқ сув тежовчи технологияларни жорий этган фермерлар ва кластерларга банк кредитлари бўйича фоиз харажатларинининг бир қисми “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат Жамғармаси” маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда пахтачиликда сўм кредитлари учун 10%, хорижий валютадаги кредитлар учун 3%, боғдорчилик, узумчилик, полизчилик ва озуқа етиштириш соҳаларида сўм кредитлари учун 5 %, хорижий валютадаги кредитлар учун 3%.

Давлат томонидан бундай имтиёзлар Ўзбекистон тарихида бўлмаган. Мурожаатномадан руҳланиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик учун озуқалар етиштирувчи фермерларимизни ва қишлоқ тадбиркорларини сув тежовчи илғор технологияларни кенг жорий қилишга ва давлат томонидан яратилган имтиёзлардан фойдаланишга чақиради.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бош мутахассиси,       қ.ф.н.    Ҳусанжон Ғиёсов

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram