Томчилатиб суғориш усулида ўртача 30 фоиз иқтисод қилинди

Томчилатиб суғориш усулида ўртача 30 фоиз иқтисод қилинди

Замонавий сув тежовчи суғориш технологияси қўлланса, минерал ўғитлар самарадорлиги 30 фоизгача, ёқилғи 60 фоизга иқтисод қилинади. Сув 1 гектарга 40- 50 фоизгача, уруғлик чигит 40 фоизга тежалади ва ҳосилдорлик 5-10 центнерга ортади.
Бу ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ўтказилган кўргазмали семинарда алоҳида қайд этилди.
–2019 йилда юртимизда 36 минг 600 гектар майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ўринбосари Шокир Раҳимов. – Таҳлилларга кўра 2019 йилда 11 минг 350 гектар пахта майдонида сув тежовчи технологиялар кўллангани туфайли 40.2 миллион м³ сув тежалди. Минерал ўғитлардан фойдаланиш ҳажми 8.4 минг тоннадан 6.7 минг тоннага қисқарди. Шу тариқа ишлаб чиқариш харажатлари оптималлашиб 9,4 миллиард сўмдан 3.7 миллиард сўмга қисқарди.
Қайд этиш керакки, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар мамлакатимизда энг қадрли неъматга айланган сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишга хизмат қилади. Бундай имкониятлардан кенг фойдаланаётган мулк эгалари ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.

photo5267206321558629748.jpg

–Ўтган йили 48 гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий этдик, –дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги “Агропродукт” фермер хўжалиги раҳбари Ҳамид Ғайибов. – Технологиямиз европада ишлаб чиқарилган бўлиб, танлашда унинг тежамкорлигини инобатга олдик. Ўрнатишда жойни ва контурни тўғри танлаш керак экан. Биз 35 метр чуқурлик қазиб мотор ёрдамида сув олишни йўлга қўйдик. Шундай бўлсада, ҳар йилгига нисбатан ўртача 30 фоиз иқтисод қилишга эришдик. Шу боис жорий йилда яна 90 гектарда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш ҳаракатини бошлаб юбордик.
Қайд этиш керакки, Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига асосан субсидиялар берилади. Мисол учун, ҳар гектар ҳисобига томчилатиб суғориш тизимлари учун 8 миллион, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 миллион, дискретли суғориш тизими учун 1 миллион сўм белгиланган.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/tomchilatib-su-orish-usulida-rtacha-30-foiz-i-tisod-ilindi-18-01-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram