2020 йилда 11 минг 957 та фермер хўжалиги кўп тармоқли фаолиятни бошлайди

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бир қаторда, қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш билан шуғулланаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш вазифалари белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида тасдиқланади ҳамда ҳудудий дастурлар асосида ишлаб чиқилган республика миқёсидаги дастурлар кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати муҳокамасига киритилмоқда.
Сенат томонидан тасдиқланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури асосида 2019 йилда тизимли ишлар амалга оширилди.
2019 йилда 11 минг 939 та фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш белгиланган эди. Энг асосийси, дастурнинг амалга оширилиши туфайли қишлоқ жойларда 38 минг 100 нафардан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.
Фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бўлмаган гўшт-сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, совуткичли омборхоналар ва сервис хизматлари кўрсатиш каби йўналишлар йўлга қўйилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда кўп тармоқли фаолиятдан юқори даромад олаётган, пахта ва ғалла етиштириш учун имтиёзли кредит олмайдиган 3 мингдан ортиқ фермер хўжалиги мавжуд.
Мисол учун, Учқўрғон туманидаги “Гулнор” фермер хўжалиги пахта-ғаллачиликдан ташқари аҳолига 35 ўринли хусусий тиббий хизмат клиникасини ишга тушириб, 12 нафар кишининг бандлигини таъминлаган. Нишон туманидаги “Мусурманов Самандар” фермер хўжалиги пахта-ғалла ва чорвачиликдан ташқари 2019 йилда 200 ўринли мактабгача таълим муассасаси ташкил этиб, 15 та янги иш ўрни яратган. Бундан ташқари, хўжалик йилига 400 тонна гўшт ва сутни қайта ишлайди ҳамда 50 сотих ерда 400-500 туп лимон кўчати етиштиради.
Балиқчи туманидаги “Балиқчи сара уруғлари” пахта-ғаллачилик фермер хўжалигида 500 тонналик музлаткич омборхона, Ромитон туманидаги пахта-ғаллачилик йўналишидаги “Ёрқин замин келажаги” фермер хўжалигида 10 гектар иссиқхона комплекси, Норин туманидаги “Ғуломжон ота Фатх” фермер хўжалигида мактабгача таълим муассасаси ва сартарошхона комплекси, Ш.Рашидов туманидаги “Қулбисар турон чорвалари” фермер хўжалигида 200 тонналик сутни, Самарқанд туманидаги “Хуршид” фермер хўжалигида йилига 250 тонналик мева-сабзавотни қайта ишлайдиган цехлар барпо этилди. 
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари мақомини белгилаш ҳамда уларга солиқ имтиёзлари бериш бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуни ҳамда Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 ноябрдаги “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Уларга биноан:
кўп тармоқли фермер хўжаликларининг мақоми белгиланди.
кўп тармоқли фермер хўжалиги – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат ишлаб чиқариши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари билан шуғулланувчи ҳамда Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритилган фермер хўжалиги деб юритилади;
кўп тармоқли фермер хўжаликлари учун тегишли имтиёзлар жорий этилди, яъни Реестрга киритилган кўп тармоқли фермер хўжаликларига нисбатан улар Реестрга киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият турлари бўйича ягона солиқ тўловидан 5 йилга озод қилинди. Ушбу қарорга асосан жорий йилнинг ўзида 3 мингдан зиёд фермер хўжалиги 5 йил муддатга ягона солиқдан озод қилинди;
2018 йилдан бошлаб республика бўйича ҳар бир фермер хўжалиги бухгалтериясини юритиш тизими яратилди. Яъни, ҳар 20 нафар фермер хўжалигига 1 нафардан ҳисобчи бириктилиб, маоши давлат бюджетидан молиялаштирилади. Ушбу бухгалтерлар томонидан кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ҳам ҳисоби юритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда 2020 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларида муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан тасдиқланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2020 йил дастури соҳага оид қонунлар, фармон ва қарорлар талабларидан, шунингдек, Юртбошимизнинг кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилди. Уларни шакллантиришда қуйидагилар эътиборга олинди:
фермер хўжаликларининг молиявий ҳолати инобатга олиниб, тижорат банкларидан хулосалар олинди;
ҳудудларнинг мавжуд шарт-шароитлари ва талабидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалар танланди;
тижорат банклари томонидан ҳар бир лойиҳага кредит ажратилиши белгиланди.
Танлаб олинган лойиҳалар халқ депутатлари туман ва вилоятлар Кенгашларида бирма-бир муҳокама қилиниб, тасдиқланди.
Айни пайтда республикамизда 80 мингдан зиёд фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, 61 мингта фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйишга эришилди.
Ҳудудий дастурларга кўра, 2020 йилда республикада 11 минг 957 та фермер хўжалиги 22 та йўналиш бўйича кўп тармоқли фаолиятни бошлайди ва 12,5 мингта лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 7 минг 500 гектар майдонда интенсив боғ, 4 минг 600 гектар майдонда янги токзор ва 489 гектарда иссиқхоналар барпо этилиши, 271 та мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотларини, 270 та нон ва нон маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, 111 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 204 та фермер хўжаликларида совуткичли омборхоналар қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Шу билан биргаликда, 303 та фермер хўжалигида совуткичли омборхоналар, 2 минг 100 та фермер хўжалигида қорамолчилик ва паррандачилик, 1 минг 900 та фермер хўжалигида балиқчилик ва асаларичилик, 1 минг 300 та фермер хўжалигида қўйчилик, эчкичилик ва қуёнчилик, 16 та фермер хўжалигида йилқичилик ва куркачилик ҳамда 2 минг 900 та фермер хўжалигида сервис хизматлари бўйича лойиҳалар амалга оширилиши мўлжалланган.
Бу йилги дастурга асосан 43 та фермер хўжалиги томонидан 3 минг 500 ўринли мактабгача таълим муассасалари қурилиши режалаштирилгани эътиборга лойиқдир.
Ушбу ишларни амалга ошириш учун жами 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда. Ушбу маблағларнинг 761 миллиард сўми тижорат банклари кредитларидир. Дастурнинг амалга оширилиши натижасида қишлоқ жойларда 41 минг 100 нафарга яқин кишининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Бу йил кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони 72 минг 957 тага етади ёки жами фермер хўжаликларининг 91 фоизи кўп тармоқли фермер сифатида фаолият кўрсатади.
2020 йил учун ишлаб чиқилган 12 минг 478 та лойиҳанинг 2 минг 600 таси (21 фоизи) биринчи чоракда, 4 минг 500 таси (36 фоизи) иккинчи чоракда, 4 мингтаси (32 фоизи) учинчи чоракда, 1 минг 400 таси (11 фоизи) тўртинчи чоракда амалга оширилади.
Вазифалар катта. Аммо мамлакатимиз фермерларининг бу вазифаларни бажаришга салоҳияти етарлидир.


З.АЛЛАМУРАДОВ,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликларива томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи,

Ж.ГАЛАЕВ,

Кенгаш етакчи мутахассиси.

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram