Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари Кенгашининг Янги йил байрам табриги
Ассалому алайкум ҳурматли фермерлар, деҳқонлар ва томорқа ер эгалари, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, қадрли юртдошлар.
Мана шу файзли оқшомда байрам дастурхони атрофида тўпланиб ўтирган сиз, ҳурматли юртдошларимни, бутун Ўзбекистон халқини янги – 2020-йил билан самимий муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга қут-барака тилашни ўзим учун катта бахт, деб биламиз.
Айни шу лаҳзаларда ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли воқеаларни, амалга оширган ишларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказамиз, шу кунларга етказгани учун Яратганимизга шукроналар билдирамиз.
Мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган беқиёс ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳалла, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизнинг қиёфаси тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, охирига етаётган йилимизга якун ясаб, холисона айтадиган бўлсак, 2020-йил биз учун ҳар томонлама хосиятли ва файзли бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Ўз ишининг моҳир устаси бўлган фермер ва деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати самарасини ҳар куни ўз дастурхонида кўрадиган халқимиз 2019 йил қандай оғир ва мураккаб кечганини яхши билади. Ҳақиқатан ҳам, табиат инжиқликлари – баҳорнинг қуруқ келгани, кутилмаган жала ва бўронлар, ёз фаслидаги кучли сув танқислиги, жазирама иссиқ, турли ҳашарот ва касалликлар экин-тикинларга катта хавф туғдиргани, кузда эса ёғин-сочинларнинг барвақт бошлангани мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. Шунга қармасдан, фермер ва деҳқонларимиз астойдил меҳнат қилдилар.
Пахта ва ғалла давлат харид нархларининг ошириб борилаётгани, фермерларнинг ўз маблағини мустақил тасарруф этаётгани, дала ишчилари меҳнатининг муносиб тақдирланаётгани, соҳага инновацион технологиялар жорий этилаётгани, ғаллачиликда ҳосилдорликни оширишнинг рағбатлантирилиши фермерларнинг ерга муносабатини тубдан ўзгартирди. Аграр соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга дахлдорлигимиз ва иштирокимиз барчамизнинг меҳнатга иштиёқимизни янада ошириб, ғайратимизга ғайрат қўшади.
Янги 2020 йилда ҳам янада мўл ҳосил ва хирмонингиз янада юксакроқ бўлишини, эзгу орзу-ниятларини амалга ошишини тилаймиз ва мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сиз, азизларга энг самимий тилакларимнизни изҳор этамиз:
муҳтарам фермер ва деҳқонларимизнинг қўллари дард кўрмасин,
мунис аёлларимизнинг чеҳрасидан табассум аримасин,
Халқимизнинг барча орзу-ниятлари ушалсин!
Фарзандларимиз, набираларимизнинг бахту камолини кўрайлик!
Гўзал ва бетакрор юртимиз тинч-осойишта, олижаноб, бағрикенг халқимиз ҳамиша омон бўлсин!
2020 йилнинг қадами қутлуғ келсин! Янги йил барчамизга муборак бўлсин!
Самимий эҳтиром ила,
Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари Кенгаши