“Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари топширилди

Айни вақтда юртимизда фаолият юритаётган 80 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг 7 фоизини хотин-қизлар бошқармоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида фермер, деҳқон хўжаликлари ва бухгалтерия хизмати кўрсатувчи марказларга 3 мингдан ортиқ хотин-қизлар ишга жойлаштирилган.
2019 йилнинг декабрь ойининг биринчи якшанбаси юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами сифатида нишонланди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва инновацион технологияларни жорий қилган ишлаб чиқариш илғорлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
– Бу йил 353 нафар илғор фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари ушбу кўкрак нишонлари билан тақдирланган бўлса уларнинг 37 нафари хотин-қизлар, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Азиза Сайфутдинова. – Тошкент вилоятидан 8 нафар, Намангандан 6 нафар аёл фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва илғор томорқа ер эгалари кўкрак нишонлар билан тақдирланган. Улар орасида Пскент туманидаги “Қўшоқова Майрам” фермер хўжалиги раҳбари Майрам Қўшоқова “Илғор фермер” кўкрак нишони соҳиби бўлди. Майрам опа 90 гектар ерда пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштириб келмоқда. Кейинги уч йилда фермер хўжалиги 150 миллион сўм соф фойда олишга эришган.
Қибрай туманидаги “Байтқўрғон-Жамбилова Азода боғи” фермер хўжалиги раҳбари, Озода Джамбилованинг ҳам ўзига хос ютуқлари бор. 2006 йилдан буён фермер хўжалигини бошқараётган Озода опа 2,5 гектарда мевали боғ яратиб, дастурхонларимиз тўкинлигига ҳисса қўшмоқда.
“Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланганлар орасида Паркент туманида яшовчи Шоҳида Абдукаримова эришган ютуқларни алоҳида таъкидлаш лозим. 0,08 гектарда замонавий иссиқхона қуриб лимон ва гул кўчатлари етиштиришда етарлича катта тажриба тўплаган бу аёл ёшлар учун янги иш ўринлари яратди. Йилни 100 миллион соф фойда билан якунлаган кўпчилик учун ибрат бўлса, не ажаб.
Қисқаси, оила юмушларидан ортиб жамият равнақи йўлида астойдил меҳнат қилаётган юртимиз аёлларининг меҳнати муносиб тақдирланмоқда.
Ғолибларни тақдирлаш маросими Тошкент давлат аграр университетида бўлиб ўтди.

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram