Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий навлари қайта тикланади

Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий навларини қайта тиклаш ва улар асосида органик уруғчиликни ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда йўқолиб кетаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини тиклаш, сақлаш ва органик уруғчилигини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

олий ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда йўқолиб кетаётган қишлоқ хўжалик экинларининг маҳаллий навларини аниқлаш ва йиғиш бўйича илмий экспедицияларни ташкил этсин ҳамда илмий экспедиция харажатларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини назарда тутади;

йўқолиб кетаётган қишлоқ хўжалик экинларининг маҳаллий навларини “Қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурслари Генбанки”да сақлашни ташкил этади;

йўқолиб кетаётган қишлоқ хўжалик экинларининг маҳаллий навларини экин турлари бўйича тегишли илмий-тадқиқот муассасаларида тиклаб оригинал уруғчилигини ташкил этади;

тикланган маҳаллий навларни Давлат нав синаш комиссиясида синовлардан ўтказиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этиладиган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрига киритади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

йўқолиб кетаётган ғўза, дон ва дуккакли, мойли, озуқабоп, сабзавот, полиз, мева ва узум экинларининг маҳаллий навларини ҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик ва шўрга мослашган нав намуналарини танлаш ҳамда оригинал уруғчилигини ривожлантирилишини;

йўқолиб кетаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навлари генофондини ўрганиш ва ундан самарали фойдаланишини;

экин турлари бўйича органик маҳсулот ҳамда уруғчилиги ва кўчатчилиги ташкил қилинишини;

органик маҳсулот ва уруғларни етиштиришда замонавий биопрепарат ва органик ўғитларни яратиш ҳамда қўллаш бўйича долзарб давлат илмий-техник дастурлар лойиҳалари юзасидан фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар танловларининг эълон қилиш ҳамда грантлар ҳисобига молиялаштирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб “Фан” соҳасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида йўқолиб кетаётган қишлоқ хўжалик экинларининг маҳаллий навларини тиклаш, сақлаш ва органик уруғчилигини ташкил этиш учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда 2020 йил июнь ойига қадар “Қишлоқ хўжалиги экинлари ва уруғликларини парваришлаш ва маҳсулот етиштириш бўйича 2021-2025 йиллар учун намунавий технологик карталар”ни ишлаб чиқади.

https://kun.uz/news/2019/12/12/qishloq-xojaligi-ekinlarining-yoqolib-ketish-xavfi-ostida-bolgan-mahalliy-navlari-qayta-tiklanadi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram