Америкада йил бўйи айнимайдиган олма нави яратилди

АҚШдаги айрим супермаркетларда селекционерларнинг навбатдаги меҳнат маҳсули – ўзининг таъм ва кўриниши сифатларини йўқотмай, 12 ой сақланадиган олмалар сотилмоқда.

TravelAsk хабарига кўра, мутахассислар ушбу нав устида 20 йилдан ортиқ иш олиб боришди ва ниҳоят уларга омад кулиб боқди – олимлар истаганидек йил давомида сифати бузилмайдиган мева яратилди.

Хўш, бундай олма ўзи нима учун керак? Ахир аавдо ва транспорт имкониятларига эга замонавий дунёда сархил мева-сабзавотларни топиш муаммо эмас-ку? Айниқса, АҚШдек ривожланган давлатда.

Cosmic Crisp номини олган янги навли олма ўзининг серсув ва қарсилдоқлигини узоқ вақт сақлаб қолади, кўриниши ҳам жуда чиройли. Харидорлар бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишади. Бундан ташқари, мева таркибининг катта қисмини шакар ташкил этади, бу эса олмага нафақат маза беради, балки сақлаш муддатлари узайишига сабаб бўлади.

Олманинг янги нави Вашингтон университети олимлари томонидан ихтиро қилинди. Айнан шу штат АҚШда олма етиштириш бўйича етакчилик қилади. Келаси 10 йиллик мобайнида вашингтонлик фермерлар олманинг мазкур навини етиштириш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга бўлишади. Экспертлар бу навни АҚШ ҳудудида етиштирилган энг истиқболли нав деб баҳолашмоқда.

Резаворлар, сабзавот ва меваларнинг жаҳон селекцияси асосан учта йўналишда олиб борилади: ўсимликларнинг касалликларга юқори даражада чидамлилиги, транспортда ташишга мослиги ва меваларни узоқ муддат давомида сақлаш имконияти. Албатта, олмалар ҳам бундан мустасно эмас: барча ишлаб чиқарувчилар йўлга чидамли ва омборхоналарда узоқ вақт сақлаш мумкин бўлган олмаларни бозорга чиқаришга интилишади.

Аммо мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий бозор фойда ва даромад ортидан қувиб, маҳсулотларнинг таъм кўрсаткичларини қурбон қилмоқда. Янги мевалар тез айнийдиган ва узоқ йўлга чидамсиз аввалги навларда бўлган бетакрор ҳид ва таъмдан маҳрум, фойдали микроэлементлар бўйича ҳам уларга тенглаша олмайди.

https://kun.uz/news/2019/12/11/amerikada-yil-boyi-aynimaydigan-olma-navi-yaratildi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram