Фермер хўжаликлари, дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар манфаатлари тартибга солинмоқда

Фермер хўжаликлари, дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар манфаатлари тартибга солинмоқда

Ўтган даврда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда зарур шароит яратилди. Қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар ернинг ҳақиқий эгаси сифатида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб берди. Шунингдек, уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади. 

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Раёсати томонидан “Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатнома” қабул қилинди. Уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ҳукуматга кўриб чиқиш учун тақдим этилишига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. 

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг туб моҳияти жамиятда ҳақиқий бозор иқтисодиёти муносабатларини шакллантириш, иқтисодиётни либераллаштиришга йўналтирилган. Мамлакатимизда аграр соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга ҳам шу талаблар нуқтаи назаридан ёндашилиши керак, деб ҳисоблаймиз. 

Бугунги кунда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла эса бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиниб келинаётгани ҳам барчамизга маълум. Бундай ҳолат эса фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга бўлган қизиқиши пасайишига сабаб бўлмоқда. Энг муҳими, ғалла етиштирувчи фермерларнинг ўз меҳнатлари маҳсули бўлган доннинг нархи ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини сотиш тизими бозор механизмлари асосида шаклланмагани уларнинг эртанги кунга тўлиқ ишонч билан қарашларига имкон бермаяпти. 

Агар бу муаммога назар соладиган бўлсак, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган маҳсулотларга қатъий нарх белгиланди. Айни вақтда таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўз хизматларини фермерларга эркин бозор тамойиллари асосида таклиф қилиб келди. Яъни, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўзлари етказиб берган товар ва хизматларга нарх белгилашда таклиф қилинаётган товар ва хизматларни эркин бозордаги нархлардан келиб чиқиб белгилашади. Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари маҳсулот етиштириш учун сарфланадиган товар ва хизматлар нархи ошиб боришидан бирламчи зарар кўришса, улар етиштирган маҳсулотларга қатъий нарх белгиланиши натижасида иккиламчи зарар кўришади. Оддийгина сўз билан ифодаласак, икки томонлама тенглик, адолат ёки ҳуқуқий тенглик таъминланмади. 

Натижада фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайиб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмади. 

Президентимизнинг ташаббуси билан жорий йилда бир тонна ғалланинг харид нархи 1 миллион 200 минг сўм миқдорида белгиланиши ва ҳосилдорликдан келиб чиқиб 25 фоизгача устама ҳақ тўланиши натижасида мамлакат бўйича 31 минг 59 фермер хўжалигига 688 миллиард 545 миллион сўм устама ҳисобланди. Кўриниб турибдики, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиб, ҳосилдорлик ўсди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 65 центнерни ташкил этди. 

Ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олмаяпти. Бунинг сабаби дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килограмми учун 1 минг 400 сўмдан, яъни давлат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотиши билан изоҳланмоқда. Дон корхоналари зарар кўраётгани сабаб фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяпти. 

Бугунги кунда дон корхоналарининг республикамиздаги ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларидан 702 миллиард сўм миқдордаги қарздорлиги вужудга келган. Бу қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаётгани натижасида фермер хўжаликларимиз белгиланган агротехник тадбирларни бажариш имконидан маҳрум бўлиб, иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тизимларида фаолият юритаётган ҳуқуқшунослар томонидан шу кун ҳолатига қадар 4 мингдан ошиқ талабнома орқали 15 миллиард сўмга яқин маблағ дон корхоналаридан фермер хўжаликларига ихтиёрий тарзда ундириб берилди. Шунингдек, 3 мингдан зиёд даъво аризалари судларга киритилди. Бунинг натижасида 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағларни ундириш масаласи қўйилди. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари етиштирган ғалла бозор нархларида харид қилинса, бу уларга кучли рағбат бўлади. Ҳосилдорлик ортиб, ички бозорга ҳам маҳсулотнинг таклифи кўпаяди ва ғалланинг барқарор нархларда сотилиши таъминланади. Шунда фермер хўжаликлари, дон корхоналарининг ҳам зарар эвазига фаолият кўрсатишига чек қўйилади. 

Бу ерда аҳолининг эҳтиёжманд қисмини ун ва нон маҳсулотлари билан таъминлаш масаласида баъзи бир саволлар бўлиши мумкин. Лекин ҳақиқий бозор иқтисодиётини барпо этишда аҳоли эҳтиёжманд қисмининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашни манзилли равишда ташкил қилишнинг бошқа муқобил вариантларидан фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг учун биз бу жараённи тезкорлик билан эмас, босқичма-босқич амалга оширилишини таклиф қилмоқдамиз. 

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди. Унда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномаси муҳокама қилинди. 

Йиғилишда Мурожаатномани ўрганиш баробарида, давлат харидларида фермерлар томонидан етиштирилган ғаллага нарх белгилашнинг мавжуд механизми фермерлар ва дон корхоналарига қанчалик иқтисодий манфаат келтираётгани, ушбу соҳадаги бозор иқтисодиёти талабларининг сифат даражаси, бунда маҳсулот етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда истеъмолчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Шундан келиб чиқиб, Мурожаатномада билдирилган муаммо ва таклифларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Ишчи гуруҳлар томонидан Мурожаатномада келтирилган таклифни ҳудудларга чиққан ҳолда, дон корхоналари, фермер хўжаликлари, дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳамда истеъмолчилар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, ҳар тарафлама ўрганишга келишиб олинди. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур эшитув якуни бўйича қабул қилинган палата қарорида давлат, мутасадди вазирлик ва идораларга қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштириладиган дон ва уни қайта ишлашдан олинадиган ун, қолипли нон маҳсулотларини сотиш, сотиб олиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларга нарх белгилашнинг амалдаги механизмини қайта кўриб чиқиш топширилди. Ушбу тизимга тўлиқ бозор механизмларини жорий этиш, нархларнинг эркинлаштирилиши бўйича тегишли амалий чоралар кўриш юзасидан қатор тавсиялар акс этди. 

Бу эса келгусида тизим фаолиятини ривожлантиришда ўз самарасини беради. 

Жаҳонгир РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон фермер, деҳқонхўжаликлари ва томорқа ер эгаларикенгаши бўлим бошлиғи.

http://uza.uz/oz/society/fermer-kh-zhaliklari-don-ma-sulotlari-ishlab-chi-aruvchilar–16-10-2019?sphrase_id=3113652

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram