Гидропоника усулида қулупнай ва қовун етиштириш борасида Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилинади
Бир ярим мингта компанияларни ўз ичига олган концорциум таркибига кирувчи “KCOOPSAGRO”иссиқхона хўжалиги жиҳозлари ва материаллари ишлаб чиқариш ва иссиқхоналар қуриш билан шуғулланади. Ушбу компания Корея технологияси асосида қурилган замонавий иссиқхоналарда баландлиги бошқариладиган осма эгатларда тупроқсиз гидропоника усулида қулупнай етиштириш тизимига эга.
Айни вақтда “KCOOPSAGRO” юртимиздаги фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида замонавий қуёш нури билан иситиладиган, кўтариб тушириладиган осма эгатларда қулупнай ва қовун етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар қуриш ниятини билдирди. Бунда инвестиция киритиш ва мутахассисларни Корея тажрибаси билан яқиндан таништириш ҳам эътиборда бўлади.
Шу боис “KCOOPSAGRO” компанияси делегацияси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда қулупнай ва қовун етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар қуриш лойиҳасига босқичма-босқич (2020 йил охиригача)10 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ушбу лойиҳаларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Жамғармаси маблағлари ҳам жалб этилиши ва синов тариқасида Сурхондарё вилояти фермер хўжаликларида юмушларни бошлаш келишиб олинди.
http://uza.uz/oz/society/gidroponika-usulida-ulupnay-va-ovun-etishtirish-borasida-zha-11-10-2019