Ҳукуматдан ғаллага харид нархи белгилаш амалиётини бекор қилиш сўралди
Фото: Pixabay
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши ҳукумат ва парламентга Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатнома билан чиқди.
Йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг давлат томонидан қатъиян бошқарилиши ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалланинг бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиш тамойиллари асосида ҳал қилиниб келинди.
Натижада, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайиб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмади.
Шу билан бирга, арзон уннинг катта қисми амалда аҳолининг тегишли қатламларига етиб бормасдан бозор нархларида сотилди, яъни қўйилган мақсад – аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимояси таъминланмади. Ўз навбатида донни қайта ишлаш корхоналарида ва савдо ташкилотларида суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учрайди.
Сўнгги уч йилда барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилда республикамиз фермерлари томонидан 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 65 центнердан ошишига эришилди ҳамда давлат ресурсларига қўшимча 532 минг тонна ғалла қабул қилинди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бир тонна ғалланинг харид нархи 1 млн. 200 минг сўм миқдорида белгиланиши ва ҳосилдорликдан келиб чиқиб 25 фоизгача устама ҳақ тўланиши натижасида ғалланинг ўртача нархи 1 млн. 420 минг сўмни ташкил этди. Бир сўз билан айтганда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиб, ҳосилдорлик ўсди ва фермерлар тарихда биринчи маротаба ўз меҳнати самарасини кўрдилар.
Лекин, ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда, бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олмаяптилар.
Бунинг сабаби дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килоси учун 1400 сўмдан, яъни Ҳукумат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотишлари билан изоҳлашмоқдалар. Дон корхоналари зарар кўраётгани сабабли, фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяптилар.
Бундай ҳолат дон корхоналарида ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда бозор иқтисодиёти механизми йўлга қўйилмаганлиги, маҳсулот етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи ўртасида тизимли занжир яратилмаганини яққол кўрсатиб турибди.
Фикримизча, давлат харидлари бўйича фермерларнинг ғалласига паст нарх белгилаб, унинг арзон баҳода сотилиш механизми фермерлар ва дон корхоналарига иқтисодий манфаатдорлик келтирмайди. Уларни ғалла ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантирмайди.
Шунингдек, айрим ижтимоий тармоқларда ёзилган салбий ҳолатлар, яъни фермерларимизнинг сермашаққат меҳнати маҳсули бўлган ноннинг фақат инсонлар истеъмоли учун эмас, баъзи ҳолларда қорамол, қўй ва балиқ боқиш учун фойдаланаётгани халқимизнинг асрлар давомида «ноннинг увоғи ҳам нон», деб амал қилиб келган қадриятига тамоман зиддир.
Энг муҳими, ғалла етиштирувчи фермерларнинг ўз меҳнатлари маҳсули бўлган доннинг нархи ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини сотиш тизими бозор механизмлари асосида шаклланмагани уларнинг эртанги кунга тўлиқ ишонч билан қарашларига имкон бермаяпти.
Нархлар эркинлаштирилиши бозордаги дон ва ун нархининг маълум даражада ошишига, бу эса ўз навбатида ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли харажатлари ошишига олиб келишини яхши тушунамиз. Шу сабабли бу ижтимоий масала ҳам Ҳукумат томонидан зудлик билан кўриб чиқилиши ва тегишли чоралар белгиланиши керак деб ҳисоблаймиз.
Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи заҳматкаш деҳқонларимизнинг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш, уларнинг ўз меҳнатларига яраша даромад олишлари ва шу орқали уларнинг ғалла етиштириш ҳажмларини кўпайтиришга қизиқишлари ортишини таъминлаш мақсадида:
- Давлат томонидан ғалла етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини янада такомиллаштириш;
- Фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ресурсларни етказиб беришни тўлиқ бозор механизмларига ўтказиш орқали ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш;
- Фермер хўжаликлари, дон корхоналари ва истеъмолчилар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни босқичма-босқич бозор механизмларига ўтказиш;
- Ғалла, ун ва ноннинг нархи эркинлаштирилиши жараёнида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ҳимоялашга қаратилган тизимли чораларни амалга ошириш;
- Ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур таҳлил қилган ҳолда, республикада ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратиш керак деб ҳисоблаймиз.