Уй ҳайвонларига паспорт нимага керак?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда ҳайвонларга паспорт берилади ва бунинг учун тўлов ундирилади” деган хабар анча шов-шувга сабаб бўлмоқда. Гап Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги низом ҳақида кетмоқда.

Тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун масаланинг қатор жиҳатларига ойдинлик киритиш эҳтиёжи туғилди.

Масаланинг тарихи

Аслида ҳайвонларга биркалаш, тамғалаш, жетонлаш ва чип ўрнатиш орқали индивидуал рақам бериш ва ветеринария паспорти расмийлаштириш тартиби бирмунча аввал – Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги махсус қарори билан жорий қилинган. Унда айтилишича:

Сақланаётган (боқилаётган) ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилади (қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин).

Ўшандан бери Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 82 мингдан ортиқ чорва моллари идентификациядан ўтказилганлиги маълум. Эндиликда ушбу идентификация учун тўловлар жорий этиш ҳақидаги ҳужжат чиқди ва масала яна кун тартибига кўтарилди.

Ветеринария паспорти нима?

Кўпчилик ҳайвонларнинг паспортини одамларникидек бўлади деб ўйлаяпти. Аслида ветеринария паспорти ижтимоий тармоқларда кулгига олинаётгандек, ҳайвоннинг шахсини, пропискасини ва фуқаролик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат эмас.

Ветеринария паспорти – бу ҳайвоннинг идентификация рақами, унинг эгаси, ҳайвонларнинг касалликларга қарши эмланганлиги, даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган ҳужжат.

Ҳайвонларга паспорт нимага керак?

Ит, мушук каби уй ҳайвонлари учун идентификациялаш тартиби аввалдан мавжуд ва бу асосан улар тарқатиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш учун қилиниши кўпчиликка тушунарли. Асосий саволлар чорва моллари хусусида бўлмоқда. Шу сабабли нима учун қўй, мол, чўчқа, эшак каби ҳайвонлар идентификацияланишини тушунтирамиз. Ҳозир ижтимоий тармоқларда турли мемлар ва ҳажвлар нишонига айланган бу тартибнинг тагида аслида жиддий асослар бор.

1. Озиқ-овқат хавфсизлиги. Ҳар бир уй ҳайвонини назоратга олиш, унинг саломатлик картасини юритиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Гўшт-сут маҳсулотлари, ўзингиз биласиз, тирик организмдан олинади. Организм эса турли касалликлар юқтириши, ўзида ташиши ва тарқатиши мумкин.

Эндиликда ҳар бир чорва моли туғилганидан кейин маълум муддат ўтгач ветеринария рўйхатига олинади, унинг қандай касалликларга чалингани, қачон эмлангани, қачон сўйилиши мумкинлиги қайд этиб борилади. Масалан, қорамолларга турли сабабларга кўра антибиотик қилинган бўлиши мумкин. Антибиотик олган молнинг гўшти маълум муддатгача истеъмолга яроқсиз бўлади, яъни уни сўймай туриш керак. Бизда ҳозир шу тартибга амал қилиняптими? Қаердан биламиз: кечагина кучли антибиотик олган мол гўштини истеъмол қилаётган бўлсак-чи? Бу гўштни ҳомиладор ёки эмизикли аёллар, антибиотик мумкин бўлмаган касаллар ҳам ейиши мумкин.

Қолаверса, энди эшак гўштини молники деб сотиш мумкин бўлмайди. Дастурхонимизга келаётган ҳар бир тишлам гўштнинг “тарихи” маълум бўлади.

2. Жаҳон стандартлари. Биз жаҳон бозорига чорва маҳсулотлари экспорти ҳақида ҳам ўйлар эканмиз, халқаро стандартлар талабини ҳам бажаришимиз керак. Халқаро бозор эса рўйхатга олинмаган, келиб чиқиши номаълум чорвадан олинган маҳсулотларни қабул қилмайди. Ҳозирда қатор халқаро ташкилотлар юртимизда чорва моллари идентификациясини ўтказиш учун грантлар ажратмоқда. Ушбу грантларни ажратишдаги мақсадлардан бири ҳам айнан жаҳон озиқ-овқат бозорининг хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

3. Эпизоотик муҳитни назорат қилиш. Идентификациялаш ҳайвонларни касалликларга қарши эмланганлигини тасдиқлаш, ҳайвонларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва идентификация қилинган ҳайвонлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантириш учун зарур. Бу орқали ҳайвонлар орасида тарқалиши мумкин бўлган эпидемиялар назоратга олинади. Қолаверса, идентификация қилишҳайвонларни турли касалликларга қарши эмлашда давлат томонидан берилаётган вакциналардан самарали фойдаланишга олиб келади ва уларнинг талон-тарож қилинишининг олдини олади.

4. Чорва молларига эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш. Ҳар бир молнинг бирон жойига тамға босиш ва шу тамға асосида уни эгасига расмийлаштириб қўйиш орқали, биринчидан, моллар ўғирланишининг олди олинади. Иккинчидан, қорамол орқали турли спекуляциялар қилишга йўл қўйилмайди. Масалан, фермерларга ҳар бир қорамол учун маълум миқдорда ер берилади. Ҳозир фермерларда, назарий жиҳатдан, қўни-қўшниси ёки қўшни фермадаги молларни ўзиники қилиб кўрсатиб, кўпроқ ер ижарага олиши имкони бор. Чорва моллари рўйхатга олиниб, ягона электрон реестрга киритилгач, бу имконият йўққа чиқади.

5. Чорва моллари реал миқдорини аниқлаш ва ҳисобини юритиш. Бозорда гўшт-сут маҳсулотлари нархи реал талаб ва таклиф асосида шаклланиши лозим. Эндиликда спекулятив қора схемалар орқали талаб-таклиф мувозанатини издан чиқариш ва маҳсулот нархини сунъий ошириб юбориш ҳолатларининг олди олинади. Масалан, талаб кам, гўшт нархи шунинг учун баланд дейилса, буни реал рақамлар орқали аниқлаш, тасдиқлаш ё инкор этиш имкони мавжуд бўлади.

Идентификация қилиш тартиби қандай?

Ҳайвон эгалари ҳайвон туғилгандан маълум муддат ўтгач доимий яшаш жойидаги ветеринария хизматининг вакилига мурожаат қилиши лозим. Ҳар бир ҳайвон турига бу муддат уларнинг туғилгандан кейин яшаб қолиши тенденциясини ҳисобга олган ҳолда алоҳида белгиланган. Масалан, қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари – 14 кунлигидан, қулунлар ва хўтиклар – 4 ойлигидан рўйхатга олинади.

Идентификация қилиш учун ҳайвонларни ветеринария бўлимларига олиб бориш керакми?

Шарт эмас.Ветеринария хизмати вакилининг ўзи ариза келиб тушгандан сўнг 3 кун ичида жойига бориб ҳайвонларни идентификация қилади (тўлов аслида шунинг учун ундириляпти).Ҳайвон эгасининг хоҳишига кўра, ит ва мушуклар ихтиёрий равишда ветеринария бўлимларига олиб борилиши мумкин.

Ҳозирда ҳайвонларни рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган усулини жорий этиш ҳамда бу соҳага инновацияларни жалб қилиш устида иш олиб борилмоқда. Яқин даврда махсус дастур ва иловалар ишлаб чиқилади. Чорва эгаси ўз қорамолини қўлидаги смартфони ёки компьютер орқали рўйхатдан ўтказиши ва тўловни амалга ошириши мумкин бўлади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш мажбурийми?

Қорамоллар, қўй ва эчкилар, чўчқалар, отлар, эшаклар ва туялар, итлар ва мушукларни идентификация қилиш шарт. Ушбу шартни бажармаслик ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш ҳисобланади ва тегишли жавобгарликка олиб келади.

Бу одамларнинг мулкини назоратга олиш учун қилиняптими?

Бундай хавотирга ўрин йўқ. Чунки уй ҳайвонларидан мулк солиғи олинмайди. Уларнинг сонини назоратга олишдан давлат ғазнасига ҳеч қандай солиқ ёки бошқа манфаатлар йўқ.

Идентификация қилинган ҳайвонлар сотилса ва ҳадя этилса нима бўлади?

Ҳайвонни сотиб олган одам доимий яшаш жойидаги ветеринария хизмати орқали 7 кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйдиради. Бунда ҳайвон янгидан идентификация қилинмайди ёки янги паспорт берилмайди. Эски паспортига тегишли ёзув киритилади ва масъул ходим томонидан тасдиқланади.

Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун тўлов ундириладими?

Ҳа ундирилади. Аммо катта миқдордаги сумма эмас.

Ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлари учун қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:

  • ҳар бир қорамол, от, эшак ва туялар учун – 4 460 сўм;
  • ҳар бир қўй, эчки ва чўчқалар учун – 3 345 сўм;
  • ҳар бир ит ва мушуклар учун – 2 230 сўм.

Ҳозирда мамлакатимизда мавжуд чорва молларининг фақат 5 фоизи фермерлар қўлида, қолган 95 фоизи эса аҳолида. Шундай шароитда ушбу чора-тадбирларни вақтида ва тўғри амалга ошириш учун аҳолининг онгли ёрдами ва хайрихоҳлиги катта аҳамиятга эга. Чунки булар луқмамиз ҳалоллиги, наслимиз соғломлиги учун қилинаётган тадбирлар сирасига киради.

Ш.Соатова

Адлия вазирлиги масъул ходими

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram