Фермер хўжалиги раҳбар-ходимлари ҳам олий таълим муассасаларида тавсиянома билан ўқитилади
Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган, соҳада ўрта махсус маълумот билан фаолият юритаётган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклида суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби жорий қилинмоқда.
Шу билан бирга тавсия этиш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати ҳам тасдиқланган. Шунга биноан улар томонидан 2019/2020 ўқув йили учун 100 нафаргача ходимга тавсиянома бериш мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисида бу борада олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Соҳа мутахассислари ҳар бир абитуриент ҳужжатларига алоҳида эътибор қаратилиши, уларнинг меҳнат фаолияти туман ва вилоят кенгашлари тавсияномаларини ўрганган ҳолда таклифлар киритилиши юзасидан фикрлар билдирди. Ўқишга қабул қилиш номзод билан суҳбат натижаларига кўра, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Кенгашнинг ҳудудий бўлимлари ушбу имтиёз асосида ўқитиш учун мурожаат этган тизим мутахассис-ходимлари ва фермер хўжалиги раҳбар-ходимларининг фаолиятини, яқин уч йил натижаларини эътиборга олган ҳолда, туман кенгаши қошида тузилган Ишчи гуруҳ ҳаққонийлик асосида кўриб чиқади. Шу орқали вилоят кенгашига тавсия беришни, ўз навбатида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кенгашлари қошидаги Ишчи гуруҳлар эса ҳар бир тумандан тавсия этилган номзодлар билан суҳбатлашиб, уларнинг кенгашга аъзолиги, бадал тўловлари ва фаолиятига доир ижобий ютуқлари ўрганилади. Шаффофлик таъминланган ҳолда номзодлар Республика Ишчи гуруҳига тавсия этилади.
– Мақсад, имтиёз ҳақиқий эгасига берилиши, мутахассис – номзодлар орасида ишчи гуруҳларга нисбатан ишончсизлик бўлмаслиги учун шаффофликка катта эътибор қаратилиши керак, – дейди Ишчи гуруҳ масъул котиби Вафо Латипов. – Мазкур жараёнда ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси бир қатор масалаларни кўриб чиқишдан иборат бўлади. Жумладан, номзодларнинг умумий ўрта таълимни тугаллагани ҳақидаги ҳужжатни ёки ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатганлик ҳақидаги ҳужжат ва унинг иловаси ўрганилади. Меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма, меҳнат стажининг иқтисодиёт тармоқлари ва тизимда беш йил фаолият олиб боргани, тизим ташкилотлари томонидан тақдим этилган кафолат ҳамда тавсия хатлари кўздан кечирилади. Ўрганиш натижаси бўйича Ишчи гуруҳ аъзоларининг якуний хулосалари асосида абитуриентга тавсияномалар расмийлаштирилади.
Тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов тавсияномалар беришда тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик абитуриентга тақдимнома киритган туман, Қорақалпоғистон ва вилоятлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раислари зиммасига шахсан юклатилишини қайд этди.
А.Мусаев, ЎзА