Меҳнат мигрантлари манфаатлари акс этган муҳим фармон кучга кирди

Меҳнат мигрантлари манфаатлари акс этган муҳим фармон кучга кирди

Миграция табиий жараён. Дунёнинг бирор бир мамлакати айни бундан юз ўгиролмайди, миграция жараённи тўхтатишга ҳам қодир эмас. Бироқ мазкур жараённи тартибга солиши ва ўз фуқаролари учун ҳуқуқий ҳимоя механизмини яратиши мумкин. Ўзбекистон шу йўлда зарур ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Президентимизнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтириш тўғрисида”ги Фармони ҳам бунинг ёрқин исботи десак хато бўлмайди. Унда фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.

Мазкур ҳаётий ҳужжатнинг асосий жиҳатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унда хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун меҳнат мигрантларига молиявий ёрдам кўрсатиш, улар учун миграцион ва меҳнат қонунчилиги бўйича қисқа муддатли ўқувларни ташкил этиш, муҳтож меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш, хорижда ишлаб Ватанимизга қайтиб келган меҳнат мигрантларига бошқа масалаларда кўмаклашиш, уларнинг оила аъзоларига уй-жой шароитларини яхшилашда ёрдам бериш каби ҳаётий масалалар қамраб олинган.

Фармонда белгиланган яна муҳим қарор эндиликда чет элда мушкул аҳволга тушиб қолган ва ёрдамга муҳтож меҳнат мигрантлари масофавий мурожаат қилишлари мумкин. Мазкур ишлар Ягона миллий меҳнат тизими доирасида яъни “Labor – migration” дастурий комплекси орқали амалга оширилиши белгиланди.

Соддароқ қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур муҳим фармони хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси эндиликда эътиборда, ҳимояда эканлигини англатади. Яъни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси у қаерда, қандай шароитда меҳнат қилишидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинади. Сиёсий партия вакили сифатида биздан талаб қилинадиган биринчи галдаги вазифа фармонда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинаётган  ана шундай имтиёз ва имкониятлар мазмун-моҳиятини аҳолига айниқса бугун чет элда ишлаш орзусида юрган ёшларга етказишимиз керак.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

OzLiDeP фракцияси аъзоси

*** 

Хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилади

Қувонарли жиҳати шундаки, O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган бир қатор таклифлар давлатимиз раҳбарининг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтириш тўғрисида”ги Фармонида ўз аксини топди.

Партиямиз таклифига кўра меҳнат мигрантларига бир йил муддатга сўраладиган ҳужжатлар минимал пакети (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси), гаров таъминотисиз, уни тезлаштириб бир банк иш куни давомида беришни расмийлаштириш маъқулланди. Бундан ташқари хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тўлаш учун 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар бериш тизими жорий этилмоқда. Шу билан бирга ҳар бир суғурталанган меҳнат мигрантига йилига бир маротаба 50 минг сўм миқдорида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида ҳаёти ва соғлиғи ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурта компанияларига бирйўла субсидия тақдим этиш тартиби ишлаб чиқиладиган бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фармонга кўра эндиликда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун хорижга жўнаш истагини билдирган фуқароларга онлайн режимида ишга жойлашиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида ахборот бериб борилади.  

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, фармон меҳнат мигрантларининг қонуний ишлашга бўлган рағбатини оширади. Шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси бўлим мудири

http://uzlidep.uz/positionparty/270?fbclid=IwAR2v0flMOqSuIHQNyPiv1It5VajgHLxoGtpgYP5gmbyFWKg2sLNQty-f1H4

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram